Савол ва топшириқлар:
1. Тилшуносликда инсон омили тушунчасини қандай изоҳлайсиз?
2. Тилшуносликда антропоцентрик тамойил кўринишларига қайсилар киради?
3. Когнитив тилшуносликнинг ўрганиш объекти ва вазифалари ҳақида гапиринг.
4. Категориялаш ва концептлаштириш деганда нимани тушунасиз?
7-мавзу
Когнитив тилшуносликнинг замонавий йўналишлари
Режа:
1. Когнитив лингвистиканинг илмий йўналишлари ҳақида.
2. Лингвокогнитив ва лингвомаданий ёндашувнинг ўзига хос хусусиятлари
Замонавий когнитив тилшунослик бугунги кунда дунёнинг турли илмий марказларида тинимсиз тараққий этмоқда ва бу марказлар мазкур фаннинг асосий вазифалари ва методларини тушуниш, категория ва атамаларининг ҳамда ёндашувларнинг турли-туман эканлигига кўра фарқланади. Бу соҳа бўйича олиб борилган илмий тадқиқотларда шу борадаги йўналишларни таснифлашга кўп эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишларда концептларни тадқиқ этишда турли методик усулларнинг қўлланиши таснифларнинг ҳар хиллигига сабаб бўлаётганлигини қайд этиш лозим.
Е.Ю.Балашова когнитив лингвистиканинг илмий йўналишлари ҳақида фикр юритар экан, лингвокогнитив ва лингвомаданий каби икки асосий ёндашув мавжудлигини кўрсатади27. Лингвомаданий ёндашувга кўра маданиятдан онггача бўлган миллий концептосферанинг ўзига хос хусусиятлари ўрганилади. Е.Ю. Балашованинг кўрсатишича, Ю. С. Степанова, В. И. Карасик, В. В. Красных, В. А. Маслов, Н. Ф. Алефиренко каби тадқиқотчилар шу йўналишда кузатиш олиб борадилар. Бу ёндашувда тадқиқотчилар концептга маданиятнинг пойдеворини ташкил қилувчи бирлиги, образли, тушунарли ва қимматли компоненти сифатида қарайдилар.
Е.Ю. Балашова олам ҳақидаги билим асосида социумлар концептосферасига олиб чиқишни таъминловчи ментал маълумотлар бирлиги ҳисобланган концепт ётади деб ҳисобловчи тадқиқотчиларни лингвокогнитив ёндашувга киритади. Концептни лингвокогнитив ўрганишда ядро ва периферия атамаларида ифодаланган майдон модели ишлаб чиқилган эди. Олиманинг кўрсатишича, Е. С. Кубряков, 3. Д. Попов, И. А. Стернина, В. Н. Телиялар мазкур ёндашув вакиллари ҳисобланади.
Е.Ю.Балашова қайд этилган икки ёндашувдан ташқари психологик, психолингвистик, нейропсихолингвистик, семантик, мантиқий тушуниш, маданий концептни мантиқий таҳлил қилиш ва «тушунча» ва «концепт» атамаларини анъанавий тилшунослик доирасида талқин қилувчи йўналишларни ҳам ажратади28.
А. В. Костин ҳам когнитив тилшуносликда лингвомаданий йўналишни ажратади. Унинг белгилашича, лингвомаданий ёндашув тилнинг кумулятив (сақлаш) вазифасига таянади. Унга кўра тилда халқнинг дунёқараши ва воқеликни идрок қилиши, тажрибаси сақланади ва акс этади. Бу концепцияга кўра тил дунё концептлашишининг илк умумий шакли ва инсон тажрибасининг намоён бўлиши, дунё ҳақидаги тушунчаларни ифодаловчи ва сақловчи, инсон ҳаётидаги ижтимоий аҳамиятга молик ҳодисалар тўғрисидаги тарихий хотирадир.
А. В. Костин лингвомаданий ёндашувга С. Г. Воркачева, В. В. Воробьева, В. Н. Телия, Г. В. Токарева, Ф. Ф. Фархутдинова, А. Т. Хроленко, В. М. Шаклеина ҳамда В. Г. Костомарова , Е. М. Верещагина, В. А. Маслова, В. В. Воробьеваларнинг тадқиқотларини киритади.
А. В. Костин замонавий когнитив тилшуносликда мавжуд йўналишларни қуйидагича ажратади: «ментал - фаолият (С. А. Аскольдова), индивидуал-нутқий Д. С. Лихачева, семантик (Н. Ф. Алефиренко, А. Вежбицкая, В. В. Колесов, И. П. Михальчук, В. П. Нерознак) , маданиятшунослик (Ю. С. Степанов, В. И. Карасик), мантиқий (Н. Д. Арутюнова, Т. В. Булыгина, А. Д. Шмелев, Г. В. Макович, Р. И. Павилёнис, М. Р. Проскуряков, И. Г. Проскурякова), когнитив (А. П. Бабушкин, Е. С. Кубрякова, 3. Д. Попова, И. А. Стернин, Г. В. Токарев, Ж. Ф. Ришар, С. Х. Ляпин, А. В. Кравченко, Г. А. Волохина, Г. В. Быкова), лингвомаданий (С. Г. Воркачев, В. Н. Телия, Ф. Ф. Фархутдинова)».29
В.В.Колесов эса сўз ва нарса орасидаги боғлиқликни ўрганувчи когнитив тилшунослик, семантик прототиплар–модаллик, темпораллик кабиларни ўрганувчи контенсив тилшунослик ва айнан концептларни ўрганувчи концептуал тилшунослик кабиларга ажратса,30 C. В. Кузлякин когнитив тилшуносликда психологик (Д. С. Лихачев), мантиқий (Н. Д. Арутюнова ва «Тилнинг мантиқий таҳлили» мактаби), фалсафий (В. В. Колесов), маданий (Ю. С. Степанов), интегратив ёндашув (С. Х. Ляпин, Г. Г. Слышкин) каби йўналишларни белгилайди31.
Е.С.Кубрякова билим тузилиши ва унинг мантиқий методларга асосланувчи типларини ўрганувчи классик когнитивизмни ва бутун замонавий тилшуносликнинг мантиқий ривожини кўрсатувчи когнитив – дискурсив йўналишни ажратиб таҳлил қилади. Унинг фикрича, «Ҳар бир тил ҳодисаси когниция ва коммуникация чорраҳасида қаралгандагина тушунтирилган ва изоҳланган ҳисобланади».32 Н.Н.Болдырев когнитивизм тараққиётининг икки даври «қадимги – мантиқий ва замонавий – тажрибага асосланувчи экспериенциал давр» ҳақида гапириш мумкинлигини ҳақли равишда қайд этади.33
Когнитив тилшуносликнинг бугунги кунда кўпчилик томонидан тан олинган қуйидаги асосий йўналишлари мавжудлиги тўғрисида гапириш мумкин:
♦ маданий – концептларни турли фанлар далилларига таянган маданият унсури сифатида ўрганувчи йўналиш (Ю.С.Степанов). Бундай тадқиқотлар фанлараро бўлиб, тилшунослик билан боғланмаган. Ваҳоланки, бундай тадқиқотлар когнитив лингвистика доирасида олиб борилиши мумкин.Тил бундай ҳолларда концепт ҳақидаги билим манбаларидан бири сифатида намоён бўлади. Масалан, концептни изоҳлаш учун шу концептни номловчи сўз этимологиясига доир далиллардан фойдаланилади.
♦ лингвомаданий – лисоний бирликларда ифодаланган концептларни маданиятнинг миллий қиймат ва миллий хусусияти билан боғлиқ бўлган миллий лингвомаданият унсури сифатида: “тилдан маданиятга” йўналиши (В. И. Карасик, С. Г. Воркачев, Г. Г. Слышкин, Г. В. Токарев);
♦ мантиқий – концептларни уларнинг лисоний шаклига боғлиқ бўлмаган ҳолда мантиқий усуллар асосида таҳлил қилиш (Н. Д. Арутюнова, Р. И. Павилёнис);
♦ семантик–когнитив – тилнинг лексик ва грамматик семантикасини тадқиқ этишни концептлар мундарижасига кириш, тил семантикасидан концептосферага моделлашув воситаси сифатида қараш (Е. С. Кубрякова, Н. Н. Болдырев, Е. В. Рахилина, Е. В. Лукашевич, А. П. Бабушкин, 3. Д. Попова, И. А. Стернин, Г. В. Быкова);
♦ фалсафий–семиотик – белгиларнинг когнитив асослари тадқиқ этилади (А. В. Кравченко).
Ушбу йўналишларнинг ҳар бири замонавий тилшуносликда етарлича шаклланган ва ўз методик тамойилларига эга.Аввало, уларни концептни онг бирлиги сифатида назарий тушуниш бирлаштириб туради.Улардан ҳар бирининг таниқли мактаблари ва тилшунос–когнитологлар орасида тарафдорлари мавжуд. Бизнингча, юқорида келтирилган тасниф замонавий когнитив тилшунослик анъаналарини, асосий ҳаракатланувчи йўналишларини ўзида акс эттиради.
Бундан ташқари, концепт ва сўз маъноси тушунчаларига бағишланган ишлар ҳам ўзаро боғлиқ ҳисобланади. Уларда сўз семантикасининг анъанавий таҳлили концепт таҳлили, семантик тадқиқотлар когнитив таҳлил сифатида қаралади. Масалан, В.Я.Мыркин ўзининг жуда қизиқарли ва маълумотларга бой мақоласида сўз маъноси кўринишлари ҳақидаги фикрларини «маълум сўзга боғланган концепт сўзнинг лексик маъноси ҳисобланади» деб бошлайди.34
Юқорида айтилганлардан маълум бўладики, тилга когнитив ёндашув кейинги йилларда сезиларли даражада тараққий этди ва бир қатор йўналишлар шаклланди. Қайд этилган маданий, лингвомаданий, мантиқий, семантик-когнитив, фалсафий-семиотик каби йўналишлар ўз тадқиқ метод ва усулларига кўра фарқлансаларда, лисоний ҳодисалар моҳиятини очиб беришда инсон омилига эътибор бериши жиҳатидан ўзаро боғланадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |