5-мавзу
Когнитив тилшунослининг шаклланиши ва ривожланиш тарихи
Режа:
1. Когнитологиянинг фан сифатида шаклланиши.
2. Когнитив лингвистика. Тил ва онг муносабати.
3. Ўзбек тилшунослигида лингвокогнитологиянинг ўрганилиши.
Когнитив фан ўзининг бой тарихига эга. Ўзини ўраб турган оламни, ундаги турли воқеа-ҳодисалар моҳиятини англашга қизиқиш қадим замонлардан бери олимларнинг диққатини ўзига жалб этиб келган. Инсон тафаккури, фикрлаш қонуниятлари, билим манбалари ва уни олиш жараёнлари қадимдан фалсафа, мантиқ, психология ва биология каби фанларнинг баҳсли мавзулари ҳисобланган. Фалсафада махсус бўлим онг назарияси билан боғлиқ гносеологик муаммоларга бағишланган.
Когнитологиянинг фан сифатида шаклланиши ўтган асрда халқ ижтимоий ҳаётида содир бўлган ўзгаришлар, фан ва техника соҳасида эришилган ютуқлар билан боғлиқ. ХХ асрнинг 50-йилларида электрон ҳисоблаш машиналари ва уларга асосланган автоматлашган бошқарув системаларининг яратилиши когнитив фаннинг келиб чиқиши ҳамда тараққиётига сабаб бўлди. Когнитив фан тараққиётида иккинчи жаҳон уруши туфайли кўплаб давлатлардаги олимларнинг АҚШга кўчиб кетиши ва у ерда мазкур фан бўйича маълум бир ютуқларнинг қўлга киритилиши муҳим роль ўйнаган.
Когнитив фан бўйича эришилган ютуқлар ХХ асрнинг 60 йилларида айниқса, яққол кўзга ташланди. Руҳшунос Дж. Миллер, тилшунос Н.Хомский психология ва лингвистика ўртасидаги боғлиқликни очиб беришга ҳаракат қилдилар.2 Инсоннинг фалсафа, руҳият, мантиқ, нафосатшунослик, ахлоқ билан боғлиқ фаолияти тўғридан тўғри тил билан алоқадордир. Инсон онги, воқеликдаги воқеа-ҳодисаларни идрок қилиш қобилияти, фикрлаши ҳамда ўз коммуникатив мақсадини ифодалаш имкониятларини акс эттирувчи симптоматик жараённинг қандай амалга ошиши бевосита унинг тил бирликларини танлаши ва қўллай олишига боғлиқ.
Айнан субъектнинг лисоний фаолияти орқали тилнинг алоқа, хабар ва таъсир этиш каби ижтимоий вазифалари намоён бўлади. Инсон тил воситасида ўзини ўраб турган объектив олам, табиат ва жамият билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар тўғрисида маълумотларга эга бўлади, билимини оширади. Шуниси характерлики, тил бирликлари иштирокига қадар бўлган жараён биргина субъект билан боғлиқ бўлиб, у фақат биргина шахс онгида юз беради. Қачонки муносабат тилга кўчар экан, энди у бошқача хусусият касб этади.
Инсоннинг объектив воқелик тўғрисидаги тўплаган билимлари нутқий фаолиятда сўзлашув, илмий, расмий, публицистик ва бадиий нутқ кўринишларида намоён бўлади. Шунинг учун инсоннинг нутқий фаолияти ўтган асрнинг 60-йилларида аста-секин когнитив йўналишда олиб борилган илмий тадқиқотларнинг ҳам мавзусига айланган эди. Бу йўналишда олиб борилган тадқиқотларда тил белгилар тизими, хабарларнинг трансформацияси ва кодланишини воқелантирувчи, хотира тузилиши ва унда маълумотларни излаш ва фаоллаштирувчи жараённи, сунъий интеллект ва шунга ўхшаш масалаларни ифодаловчи когнитив қурол сифатида қаралар эди.
Манбаларда қайд этилишича, бу йўналиш 1970 йилларнинг иккинчи ярмида шаклланган бўлиб, когнитив лингвистика атамаси илмий муомалага 1975 йилда Дж. Лакофф ва Г.Томпсонлар томонидан киритилган эди3. 1989 йилга келиб, Дуйсбург (Германия)да мазкур соҳанинг долзарб муааммоларига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди ва унда когнитив лингвистика бўйича ассоциация яратилди. Р. Ленекернинг когнитив грамматикаси, Л.Теллининг кўплаб ишлари, Ж.Лакофф ва М.Женсоненинг тадқиқотлари, Ж.Фоконен томонидан амалга оширилган ишлар когнитив лингвистиканинг алоҳида соҳа сифатида қатъийлашуви ва тараққий этишига замин яратди4. Ўтган асрнинг охирларига келиб дунёнинг турли мамлакатларида когнитив лингвистика билан шуғулланувчи мактаблар пайдо бўлди.
Замонавий когнитив лингвистиканинг пайдо бўлиши америкалик лингвистлар Дж. Лакофф, Роналд Лангакер, Рей Жакендофф ва бошқа олимларнинг тадқиқотлари билан боғлиқ. Бу вақтда Россияда сўзнинг моҳияти назарияси компонент таҳлил асосида кўриб чиқилар эди. Ю.Д. Апресян, И.А. Мельчук, А.К. Жолковскийлар томонидан кашф этилган семантик ўлчовлар бирламчи элементларни аниқлашга, семантик луғатлар тузишни бошлашга имкон берди. Америкалик муаллифлар ишларида категория сифатида қайд қилинувчи бу бирламчи элементлар инсон когнитив фаолияти доирасида ётади. Бу борада поляк тадқиқотчиси Анна Вежбицкаянинг ишларини ҳам қайд этиш лозим. Ҳар икки йўналиш мустақил ҳолда ривожланиб, турли атамалардан фойдаланилган бўлса-да, бироқ тадқиқотлар натижасида очилган категориялар кўп жиҳатдан туташади. Америкалик когнитив тилшунослар ва москвалик Ю.Д.Апресян семантик мактаби томонидан қўлланилган атамалар ўртасида мувофиқлик мавжудлиги Е.В.Рахилинанинг ишларида5 кўрсатиб берилган.
Когнитив лингвистика тил ва онгнинг мураккаб муносабатини ўрганишда янги босқичга айланди6. Бундай тадқиқотларни нейрофизиологлар, шифокорлар, руҳшунослар бошлаб бердилар (П. Брока, К. Вернике, И.М. Сеченов, В.М. Бехтерев, И.П. Павлов ва б.). Нейрофизиология базасида лисоний фаолият инсон миясида кечишини ҳамда унинг сўзлаш, эшитиш, ўқиш ва ёзиш каби ҳаракатлари бевосита бош миянинг турли қисмлари билан боғлиқлигини аниқлаган нейролингвистика йўналиши7 вужудга келди.
Тил ва онг муносабати муаммосининг кейинги босқичи психолингвистика бўлиб, унинг доирасида нутқ туғилиши ва инсон онгида сақланувчи тилни белгилар тизими сифатида ўрганиш жараёнлари, тил тизими ва унинг қўлланилиши, вазифалари тадқиқ этилади. Бундай тадқиқотлар америкалик психолингвистлар Ч. Осгуд, Т. Себеок, Дж. Гринберг, Дж. Кэрролл ҳамда россиялик олимлар А.А. Леонтьев, И.Н. Горелов, А.А. Залевская, Ю.Н. Караулов ва бошқалар томонидан амалга оширилди.
ХХ аср охирларида бу йўналишда дискурслар таҳлилига бағишланган қатор ишлар майдонга келди8. Кейинги йилларда когнитив тилшунослик предмети ва категорияларини турли нуқтаи назардан талқин этишга бағишланган тадқиқотлар яратилди.9 Когнитив лингвистика категорияларини белгилашда олимлар тилни тизим сифатида ва нутқий воқеланишини ўрганишда янги йўналишларни аниқладилар. Сўз ясалишини ўрганишда, грамматик категорияларни аниқлашда когнитив ёндашув йўллари ишлаб чиқилди.10 Ўзбек тилшунослигида ҳам лисоний ҳодисалар моҳиятини аниқлашга когнитив нуқтаи назаридан ёндашилган тадқиқотлар амалга оширилди.11 Жаҳон тилшунослигида бу йўналишда эришилган салмоқли ютуқларга назар ташланса, ўзбек тилшунослиги учун когнитив тилшунослик мутлақо янги соҳа эканлиги маълум бўлади.Бугунги кунда ўзбек тилшунослигида мазкур йўналишдаги айрим ишлар юзага кела бошлади.
Ўзбек тилшунослигида когнитив йўналишдаги тадқиқотлар олиб бориш эндигина бошлангани боис бу йўналишда олиб борилган ҳар бир тадқиқот маълум даражада илмий-амалий аҳамият касб этади. Ўзбек тилшунослигида лисоний ҳодисалар моҳиятини очиб беришга когнитив нуқтаи назаридан ёндашилган илмий тадқиқотлар юзага келмоқда. Бу ўзбек тилшунослигида мазкур соҳада ҳам маълум ютуқлар қўлга киритилаётганлигидан далолат беради. Айниқса, проф. Ш. Сафаровнинг когнитив тилшуносликка бағишланган китоби бу йўналишдаги тадқиқотларнинг қалдирғочи бўлди десак, хато бўлмайди.12 Бундан ташқари Ў.Қ.Юсупов, С.Муҳамедова, Қ. Назаров, А.Жўраев каби олимлар ҳам ҳам когнитив тилшунослик муаммолари ҳақида мақолалар эълон қилдилар.13
Тилшуносликда менталлик хусусиятига эга бўлган тил бирликлари белгилар тизими сифатида тушунилади ва улар воситасида инсон ўзини ўраб турган объектив оламга хос хусусиятларни аста-секинлик билан англайди, воқелик фактларини ўзлаштира боради. Ана шу ҳолатда тилнинг ўз ижтимоий вазифаларини намоён этиши бевосита амалга оширувчини – инсон иштирокини тақозо қилади. С.Муҳамедова тўғри қайд этганидек, «анъанавий лингвистикада, асосан, белгининг ифода плани ва мазмун планига эътибор қаратилар эди, коммуникация жараёнининг реализатори бўлган инсоннинг ўзи эса тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолиб келди».14 Замонавий тилшуносликнинг анъанавий тилшуносликдан фарқи шундаки, унда лисоний ҳодисалар моҳиятини очиб беришда белгининг ифода ва мазмун планига эмас, балки мазкур жараённи амалга оширувчи инсон омилига, инсоннинг бу жараёндаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилади. Когнитив тилшунослик шу асосда инсон онгидаги миллий-маданий, руҳий-фалсафий, қомусий, мантиқий билимлари захираси ва уларни нутқнинг оғзаки ва ёзма шакли орқали намоён бўлишини таъминловчи восита – тилни онгга боғлиқ ҳолда ўрганишни ўз олдига мақсад қўяди ва лингвистик тадқиқотларда шунга асосланади.
Муайян когнитив фанларнинг бошқа қоидаларидан фарқли равишда мазкур тилшуносликда инсонга хос когнитив тузилма ва жараёнлар таҳлил этилади. Бунда биринчи ўринда инсоннинг тилни ўзлаштириш механизми ва лисоний билимлар тузилиши тамойилларини системали таснифлаш ва изоҳлаш туради. Шунга кўра когнитив тилшуносликда қуйидагиларни ўрганишга эътибор қаратилади:
Тилни ўзлаштириш ва унинг тузилиш тамойиллари ҳамда ментал хусусиятларнинг намоён бўлиши.
Тил бирликлари қўлланилишининг когнитив талқини.
3. Идрок қилишнинг когнитив механизми.
Когнитив тилшуносликда сўзловчи ёки нутқ қаратилган шахснинг ички когнитив тузилиши ва динамикасини тавсифлаш ва изоҳлаш асосисй масалалардан бири ҳисобланади. Когнитив тилшуносликнинг кўзда тутган вазифалари жумласига тил ҳодисаларини системали ифодалаш эмас, балки ушбу тизимни тадқиқ этиш ва унинг асосий тамойилларини жорий қилиш ҳам киради. Когнитив тилшунос учун тил билимининг ментал репрезентацияси қандай бўлиши лозимлиги ва бу билим когнитив қандай қайта ишланиши ҳамда «когнитив ҳақиқат» қандай бўлишини тушуниш муҳим ҳисобланади15. С.Муҳамедованинг кўрсатишича, когнитив тилшуносликнинг бугунги кунда қуйидаги асосий йўналишлари мавжуд: 1) Билишнинг биологик назарияси; 2) Билишнинг биомаданий назарияси; 3) Сунъий интеллект яратиш назарияси; 4) Когнитив семантика йўналиши.16
Когнитив лингвистиканинг шаклланишида тилшуносликдаги семасиологик, семасиологик грамматика, мантиқий таҳлил, нутқий тафаккур, ономасиологиик, психологик, герменевтик йўналишдаги тадқиқотлар илмий назарий асос бўлиб хизмат қилди.
Хуллас, замонавий когнитив тилшунослик тил воситаларининг когнитив тузилишини ўрганувчи тилшунослик йўналишидир. Бу йўналишдаги лисоний таҳлил инсон онгидаги когнитив тузилмалар тўғрисида муайян илмий маълумотлар беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |