Концептнинг тузилиши
Концепт – кўп ўлчамли ментал ҳодиса эканлиги тилшуносликда эътироф этилган. Фақат уни ҳосил қилувчилар миқдори ва характеридагина фикрлар фарқланади. Когнитив лингвистика вакилларининг аксарияти концептнинг майдон сифатида ташкил топишини тан олишади72. Концепт асос сўзнинг тўғри маъносини ўрганиш ва унинг синонимлари ҳамда антонимлари семантикасини ўрганиш асосида белгиланади. Унга ҳиссий-яққол аниқликка эга қатламлар, ёрқин образлар киради. Концепт чегараларини мавҳумроқ маънолар ташкил қилади. У турли муаллифларнинг ҳар хил матний манбаларда йўл-йўлакай акс эттирилган ва концептнинг талқиний қатламини ташкил этувчи тавсифлар бўйича ўрганилади. Ажратилган қатламлар ҳар бир кейинги сатҳ мавҳумлиги ошишида ҳосила муносабатларни ташкил этади. З.Д.Попова ва И.А.Стернинларнинг фикрига кўра, концепт аниқ структура, қатламлар қатъий изчиллигига эга эмас73.
Кўпчилик тадқиқотчилар томонидан концептнинг тушунча, образ, прагматик ва аксиологик (қадриятли) қатламлари ажратилади74. Ҳар бир аниқ ҳолатда улар устунликнинг турли даражаларига эга, компонентлари орасидаги муносабатлар концепт акс эттираётган моҳият ва концепт тури билан аниқланади. Хусусан, тадқиқ этилаётган концептда унинг прагматик таркибий қисмлари муҳим рол ўйнайди.
Бизнингча, ўрганилаётган соҳада Н.Ф.Алефиренко ва М.В.Никитинлар тавсифлари асослироқ ва яхлитроқдир. Масалан, Н.Ф.Алефиренко концептнинг қуйидаги структур қатламларини алоҳида ажратади: 1)суперкатегориал қатлам – мавҳум қатлам бўлиб, мазкур концепт (предметлик, жараён, миқдор, белги) бўлган концептосфера соҳасига ишора қилади; 2)торроқ маъно ҳосил қилувчи хусусияти билан ажралиб турувчи категориал қатлам; 3)предметли-мантиқий белгилар мажмуидан ташкил топган тушунчавий қатлам; 4) дунёни бир этнотил уюшмаси аъзолари томонидан ўзига хос кўришни акс эттирувчи фарқли белгиларга эга этномаданий қатлам; 5) у ёки бу тил соҳиблари ҳар бирининг предмет-ҳиссий тасаввурларини ифодаловчи образли-ассоциатив қатлам.75 Шунингдек, лексик маъно структурасидаги муқобилликка кўра денотатив, сигнификатив ва прагматик қатламлар ҳам аниқланади.
М.В.Никитин тавсифлаган концепт структураси76 бундан батафсилроқ ва юқорида айтилган барча қатламларни ўз ичига олади. Масалан, концептнинг қуйидаги структура элементлари олимнинг ишларида алоҳида ажратилади: 1)ҳиссий образ(идеал моделлар, схемалар, прототипик тасаввурлар); 2)импликатив имконият – мазкур тоифа объектлари учун башорат қилинадиган эҳтимолли алоқалар, муносабатлар, боғлиқликлар ва таъсирлар структураси ҳақидаги тизимли умумий тасаввур (Н.Ф.Алефиренкода образли-ассоциатив қатлам билан қиёсланг); 3) мавҳум тушунча (Н.Ф.Алефиренкода суперкатегориал, категориал ва тушунчавий қатламлар билан қиёсланг); 4) баҳоловчи-прагматик аҳамият (Н.Ф.Алефиренкода этномаданий қатлам билан қиёсланг).77
Концептуал қатламларга кўра тавсифлаш асосида кузатиш олиб бориш баҳолашнинг турли кўринишларини, концепт воқеланишида ҳар хил нутқий ифодаларнинг ўзига хос томонларини аниқлаш имконини беради. Ўрганилаётган қатлам сатҳида нутқий ифодалар ва лисоний воситаларнинг тушунчавий, образли-маданий ва парагматик нуқтаи назаридан концептлашуви ва категориялашуви юз беради.
Антропоцентрик йўналиш баҳо концептининг аксиологик табиати ва прагматик баҳоловчи маъноларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |