Концептнинг лисоний воқеланиши
Концепт муаммосини ўрганишга бағишланган тадқиқотларда концептларнинг катта қисми лисоний воқеланиши мумкин, деган фикр анча барқарорлашиб қолган. Тадқиқотларда вербаллашиш имкониятининг мавжудлигига кўра лексик ва фразеологик концептларнинг фарқли хусусиятлари изоҳлаб берилган78.
Илмий адабиётларда содда ва мураккаб концептларнинг фарқланиши ҳақида фикрлар мавжуд79. Синтактик воситалар билан берилган ҳамда баҳо ифодаловчи предикатларга эга бўлган мураккаб концептлар нутқ жараёнида ўз фарқли хусусиятларини намоён қилади. Баҳо концептининг ўзига хослиги яна шундан иборатки, у мураккаб концепт даражасида фақат дунёнинг илмий манзарасида намоён қилинади, тилда эса яхши/ёмон семантик майдонида ифодаланади.
Н.Ф.Алефиренконинг фикрига кўра, концептнинг босқичли тараққиёти уни номловчи сўз семантик ривожи билан боғлиқ. Концепт лисоний воқеланишининг биринчи босқичида воқеликнинг у ёки бу объекти ҳақида тасаввурлар вужудга келади. Шундан сўнг концептни тушуниш, унинг мазмунига мос келувчи сўз этимони билан онгимизда боғланиш юз беради. Бу жараёнда концепт ўзининг образли этнотилга хос хусусиятга эга бўлади.
Воқеланишнинг иккинчи босқичида сўзнинг ички шакли - образ концептининг маъновий маркази шаклланади. Концепт воқеланишнинг учинчи босқичида образнинг метонимик жамланиши юз беради. Натижада сўз рамзий маъносининг шаклланишига туртки бўладиган образли тушунча пайдо бўлади. Ниҳоят концепт шаклланиши ва воқеланишининг охирги босқичида шу маданият лисоний бирликлари ва шаклларининг умумий маъносига кўра бирлашувчи, хусусий маъносига кўра эса фарқланувчи тизимини ифодаловчи рамзи пайдо бўлади80.
Маълум бўлдики, лексемаларнинг умумий баҳо концепти ифодаланишидаги аҳамияти сўз семантик тараққиётида иккиламчи ҳисобланади. Маъно тараққиётининг сўз маъновий кўламининг кенгайиши, кўчма маънонинг маънолар ёки маъно нозикликларидан бирига нисбатан ривожланиши каби турларини ажратиш мумкин.
Умумий баҳолашда ижобий ва салбий баҳоларнинг илк маънолари фарқланади. Умумий ижобий баҳода кўпчилик томонидан белгилаб қўйилган, эътироф этилган, мезонга мувофиқ келувчи, бирор мақсад учун яроқли, маълум, ажралиб турадиган, моддий жиҳатдан қийматли маънолари кузатилса, умумий салбий баҳода бунинг акси, яъни уларга қарама-қарши турувчи маънолар белгиланади. Мулоқот жараёнида қўлланувчи кўплаб лексемалар семантик структурасида азалдан умумбаҳога оид эълементлар мавжудлиги кузатилади.
Тилда лисоний табиати турлича бўлган лексик-фразеологик ва синтактик бирликлар баҳо концептини воқелантирувчи воситалар ҳисобланади. Бунда баҳоловчи бирликлар кўчма маъно ҳосил қилишда семантик структура элементи сифатида иштирок этиши прагматик импликацияни юзага келтириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |