Концептосфера – бу халқ ёки алоҳида шахс когнитив онгининг маълумотлар базаси, фикрлар доирасидир. Концепт шаклланишиининг асосий манбаи – кишининг шахсий билиш, шу жумладан – у орқали коммуникатив (мулоқот, ўқиш, билим олиш) фаолияти. Концептосферани психологик, маданий ва лингвокогнитив метод ва усуллар билан ўрганиш мумкин.
Инсон концептосфераси олам когнитив манзарасининг маълумотлар базаси бўлиб, унинг тартибли, тузилиши ва системалилигини, воқеликни идрок қилиш ва тушунишни таъминлайди, аммо ментал бирликлар системасидан ташқари билишнинг динамик механизмлари, идрокнинг когнитив стереотиплари ва бошқаларни тақозо қилган олам когнитив манзарасини тўласинча ёрита олмайди.
Хуллас, шахс ва жамият когнитив манзарасида концептосферанинг ролини баҳолаш жуда қийин.
Кўплаб муаллифлар томонидан лисоний олам манзараси деб юритилаётган атама замонавий тилшуносликда концептосфера, тилнинг семантик майдони, лисоний олам манзараси тарзида қўлланмоқда.
Концептосфера – бу фикрлаш манзаралари, схемалар, тушунчалар, фреймлар, сценарийлар, гештальтлар (ташқи олам образларининг кам ёки кўп мураккаб жамланмалари) кўринишидаги концептлардан иборат бўлган соф тафаккур, фикрлаш доираси, ташқи олам турли белгиларини умумлаштирувчи мавҳум моҳиятдир.
Шундай қилиб, концептосфера – фикрлаш образлари йиғиндиси, кишилар билимлари тузилмаларини ифодаловчи предметнинг универсал коди, уларнинг маълумотлар базаси, тилнинг семантик кўлами – тил белгилари тизими –лисоний бирликлар маъноларини ҳосил қилувчи сўз, фразеологик бирикма, синтактик қурилмалар – концептосфера қисмларини ифодалайди.
Тилнинг семантик кўлами ва лисоний олам манзараси
Муайян тил белгилари воситасида ифодаланган мазмун ўз моҳиятига кўра шу тилнинг семантик кўламини ташкил этади. Тил семантик кўлами ва концептосфера ўз табиатига кўра бир хил. Лисоний маъно ва концепт орасида фарқ шундаки, лисоний маъно тил белгисидан ажралмас бўлиб, концептосферанинг кванти ҳисобланади. Концепт эса концептосфера элементи сифатида аниқ бир лисоний белги билан боғлиқ эмас. У нафақат лисоний белгилар, балки имо-ишора, мимика, мусиқа ва тасвир каби турли паралингвистик воситалар орқали ҳам ифодаланиши мумкин. Когнитолог Ш.Сафаровнинг кўрсатишича, мулоқотнинг ички омили бўлмиш нолисоний воситаларга қуйидагиларни киритиш мумкин: миллий-этник воситалар, маданий- этик воситалар. Улар ҳам ўзига хос парадигмаларини ташкил этади ва ўз навбатида информацион ва ифода маъно касб этади84.
Халқ концептосфераси дастлаб тилда намоён бўлар экан, у акс этувчи лисоний семантик кўламни тадқиқ этиш когнитология учун катта қизиқиш уйғотади. Турли халқлар концептосфералари, уларнинг тиллари семантик табиатини ўрганиш концептлар таркиби ва тузилиш тамойиллари ҳар хиллигини кўрсатади. Бу борадаги кузатишлар концептларнинг ҳаммаси учун бирдай умумий бўлган хусусиятларни ва шу билан бирга уларни ажратиб турувчи миллий, индивидуал ҳолатларни аниқлаш имконини беради.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос ижтимоий ва табиий муҳитга эгалиги шу халқ маданияти ҳақида қўшимча маълумот берувчи лисоний индикаторларни шакллантиради. Бундан ташқари концептосферага унинг ҳосил бўлишида қўл келувчи когнитив классификаторлар ҳам тегишлидир. Ҳар бир маданиятда шу халқнинг асрлар давомида шаклланган, тажрибага асосланган ўзига хос концептлари мавжуд. Масалан, европаликлар учун гольф ўйини, руслар учун балиқ ови, шарқ халқлари учун кўпкари, кураш кабилар. Улар олам ҳақидаги идеал тасаввур, турли афсона ва эътиқодлар, махсус билимларга оид тушунчаларнинг категориал боғлиқлигини белгилайди. Демак, тил семантик кўлами кўп миқдордаги концептлар чексизлигини тақозо қилади.
Ҳар-хил халқлар концептосфералари умумийликка эга, бу эса бир тилдан бошқасига таржима қилиш имкониятини беради. Аммо, ҳар-хил халқлар фикр юритишида нафақат концептлар таркиби, балки улар белгиларининг бир-бири билан бирлашиши усулларида фарқлар мавжуд. Шундай қилиб, концептосфера - инсон билимларини ташкил этувчи фикрий образлар соҳасидир85, З.Д.Попова, И.А.Стернин фикрича-халқ концептларининг тартибли йиғиндисидир.86
Замонавий тилшуносликда концептосферага берилган турли-туман таърифлар мазкур ҳодисанинг кенг кўламли, серқирра эканлигидан далолат беради. Тил инсон фаолиятининг ҳамма қирралари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унда табиат ва жамиятга алоқадор бўлган турли билимларнинг шаклланиши, ўзини ўраб турган моддий оламни англаши ва ундаги воқеа-ҳодисалар ва улардан ўз сезгилари ёрдамида таъсирланиши ҳамда муносабат билдиришида муҳим омил ҳисобланади. Инсон воқелик фактларини ўз тафаккури призмасидан ўтказиб, таҳлил қилишга, уларнинг моҳиятини англашга интилади ва ўзлаштирилаётган билимларни ўз хотирасида маълум бир рамзлар сифатида сақлашга ҳаракат қилади. Инсоннинг назарий ва амалий билиш орқали қўлга киритган объектив воқелик, инсон фаолияти ва унинг турли хусусиятлари, олам манзаралари ҳақидаги тушунчалари тилда мавжуд бўлган сўзлар ва иборалар воситасида ифодаланади. «Назарий билиш эмпирик, яъни фаҳмий билишсиз амалга ошмайди. Амалий билиш жараёнида тўпланган фактик материаллар назарий билиш жараёнида ақлий тафаккур йўли билан умумлаштирилиб, уларнинг моҳияти очилади».87 Инсоннинг бу билимларга таяниб олам тўғрисида ўзи тўплаган маълумотлар, ахборотларни дастлаб миясида қайта ишлайди ва уларни нутқнинг оғзаки ёки ёзма кўринишида ифодалайди. Бунда у тилда мавжуд бўлган бирликлардан фойдаланади. Ҳар бир кишининг миясидаги тил хотираси қисмида лисоний бирликларнинг ва улардан фойдаланиш қоидаларининг рамзлари мавжуд, ҳар бир киши эҳтиёжга қараб бу рамзлардан фойдаланиб нутқ ҳосил қилади.88 Шу тариқа инсоннинг ўз ҳаёти давомида тўплаган табиий ва маданий тажрибаси билан боғлиқ бўлган лисоний олам манзараси ҳосил бўлади.
Инсонда лисоний олам манзарасининг шаклланиши бевосита идрок қилиш билан боғлиқ. Идрок қилиш кишининг ўзи яшаётган олам тўғрисидаги тасаввурларини бойитади. Б. Уорфнинг фикрича, аввало, қандайдир киши (сўзловчи) ва у маълумот етказаётган қандайдир киши (тингловчи) иштирок этган оламнинг қандайдир объектив манзараси – вазият мавжуд бўлади. Бу хабар турли тилларда ўз мазмунига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, бир хил объектив манзара – чопаётган одамни кўриб инглиз киши “ҳе ис руннинг” (маъноси: ҳаракат) деса, хопи тилида сўзлашувчи киши “wарл” (маъноси: ҳаракат эмас, балки фактни тасдиқлаш ) дейди.89 Оламдаги бир хил ҳолат ёки кўринишнинг турли тилларда турли маъно ифодалаши замонавий тилшунослик нуқтаи назаридан турли лисоний олам манзараси мавжудлигидан далолат беради. Сепирнинг қуйидаги фикрлари ҳам анча машҳур: «Одатда қабул қилингандек, одамлар фақатгина моддий дунёда ва фақатгина ижтимоий дунёда яшамайдилар, улар сезиларли даражада мазкур жамият учун ифода воситаси бўлган аниқ бир тил ҳукмронлиги остида бўладилар. Инсоннинг ташқи оламдаги мўлжали тўғрисидаги тасаввур, моҳиятан, тил ёрдамисиз ва тил бор-йўғи тафаккур ва алоқанинг ўзига хос вазифаларини бажариш воситаси эканлиги – бу бор-йўғи иллюзиядир. Ҳақиқатда эса «мавжуд олам» сезиларли даражада у ёки бу ижтимоий гуруҳ тил тажрибалари асосида онгсиз равишда қурилади..Бир хил ижтимоий воқеликни ифодалаш воситаси деб ҳисоблаш мумкин бўлган икки ҳар хил тил ҳеч қачон бир-бирига ўхшаш бўлмайди. Турли жамиятлар яшаётган оламлар – булар турли оламлардир, ҳеч бир олам мутлақо ўзига осилган ёрлиқларга эга эмас».90
Шундай қилиб олам когнитив тушунча сифатида қандайдир мураккаб сценарийнинг моддийлашишини ифодалайди. Ҳар бир инсон олам билан уйғунлашади, ўзини шу олам ичида дискурсив моддийлаштиради.
«Лисоний олам манзараси» ва миллийлик ўзаро бир-бирини тақозо қиладиган тушунчалар бўлиб, бу атама маълум миллатга мансуб бўлган тилнинг ўзига хос хусусиятларини, халқнинг асрлар давомида эришган миллий-маданий ўзига хосликлари, тажриба ва ютуқларини ўзида қамраб олган. Дунё манзараси ҳар бир халқда ўзича акс этади. Ҳар бир халқ дунёнинг кўп қирралигини кўрар ва идрок этар экан, уни белгиланган ўлчов ва мезонлар асосида баҳолайди, ўзининг маънавий-аҳлоқий, бадиий-эстетик савиясидан келиб чиқиб муносабат билдиради ҳамда ўзича буни дунё қисмлари деб тушунади. Лисоний олам манзараси жамоа томонидан тавсифланган хусусиятлар, объектлар, предметлар, илмий қарашлардан иборат бўлади. Тил инсоннинг ўзини ўраб турган оламни англаш жараёнини ифодалашга хизмат қилади. Дунёнинг концептуал манзараси ҳар бир инсонда турлича идрок қилинади. Инсонлар ҳар хил тилда гаплашади ва уларнинг турмуш тарзи бир хил эмас. Бундан ташқари инсоннинг қайси даврда яшаганлиги, қандай жамоага мансублиги, ёши, жинси , эътиқоди каби омиллар ҳам лисоний олам манзараси шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.Хулоса қилганда,айтиш мумкинки,
Do'stlaringiz bilan baham: |