Син компоненти. Жанубий Ўзбекистон топонимиясида бу компонентдан ташкил топган битта ороним ва иккита ойконим учрайди: Бойсун (Қашқадарё ва Сурхондарё чегарасидаги тоғ), Сина (Со., қ-қ.), Синабоғ (Шс., қ-қ.). Бу иккала ойконим ҳам ороним асосида вужудга келган. Мисоллардан кўриниб турибдики, син, сина сўзлари номларнинг бош ва сўнги компоненти бўлиб келган. Ном таркибида иккинчи, яъни асосий компонент бўлиб келиши қадимги ҳодиса. Қадимда сын сўзи кўпгина туркий тилларда кенг қўлланувчи сўз бўлган. О. Т. Молчанованинг текширишича, сын сўзи Тоғли Олтой топонимиясида кўп номлар таркибида учрайди. У олтой, бошқирд, татар, қорақалпоқ, тува, хакас, шор, чўлим тилларида қўлланади. Маънолари: бўй, қад, қомат, орқа; тоғ тизмаси, қирра, тизма2. Уйрот, хакас тиллари луғатлари, Н. Ф. Катанов тадқиқотларида Олтой, Волгабўйи туркий тилларида сын, син сўзининг тоғ тизими, тоғ тизмаси, чўққи, қоя, юксак баландлик маънолари ҳам қайд қилинган1.
Сын, син сўзи ва унинг орографик объект турини билдириши В. Вербицкийнинг XIX асрда тузган луғатида ҳам кўрсатилган2. Э. М. Мурзаев Хакасия ва Тувада, тоғли Шорияда бу сўз ҳозир ҳам қўлланишини аниқлаган. Сын сўзининг топонимлар таркибида келиши Олтой, Урал, Сибир, Волгабўйи туркий халқлари учун ҳам хосдир. О.Т. Молчанова Тоғли Олтой оронимиясида сын термини тоғ тизмаси тушунчасини ифодалашини кўрсатган3. Масалан: Хемчик сыни – қадимги Қорасингир – Енисей бўйларидаги тоғ, Қатун сыны – Олтойда баландлик, Тайга сыны, Саян сыны – Тувада тоғ, Эргизайсын, Соназын, Ленненгсын – Шорияда тоғ, Бийчесын – Қарача-балқар автоном областида жой номи. М. Кошғарий ўз асарида Чин билан Тангут орасида Қатун сыны номли шаҳар бўлганлигини ёзган4.
Турколог олим Н. Ф. Катанов ва “Олтой тили грамматикаси” муаллифлари тақсыл, тасқыл (тоғ тизмаси) сўзи тарихан тоғ ва сын сўзларидан тузилганлигини алоҳида таъкидлашган5.
Демак, сын,син тарихий, қадимий бўлиб, у туркий ва мўғул тилларига хос умумий сўз бўлган. Бу сўзнинг Ўзбекистоннинг ҳозирги топонимлари таркибида учраши унинг қадим ўтмишда ўзбек тилида ҳам қўлланганлигини, кейинчалик истеъмолдан чиқиб, фақат топонимлар таркибида сақланиб қолганлигини кўрсатади. У бугунги кунда фақат топоформант характерини намоён этади.
Жанубий Ўзбекистон оронимияси учун характерли бу формантдан ташкил топган Бойсун (талаффузда Бойсин) ороними этимологияси тўғрисида Т. Нафасов1, Х. Холмўминов2 ишларида келтирилган. Бу ишларда у катта тизма, баланд чўққи, улкан тоғ маъносида изоҳланган. Бой сўзи оронимия ва гидронимияда катта, улкан, кенг, буюк маъноларини касб этиб, у номларнинг биринчи, аниқловчи компоненти бўлиб келиш хусусиятига эга.
Сина (Сариосиё) ва Синабоғ (Шаҳрисабз) топонимлари ҳам келиб чиқишига кўра сын//син сўзларига дахлдор. У тарихий ясалишига кўра син+а шаклига эга. Ўрта асрлар мўғул тилида шина шаклида учрайди. Мўғулча шина~шинаа – “баландлик, қум ё тош уюми, тоғнинг ўрмонли баланд чўққиси, баланд нуқтаси” маъноларида қўлланган3. –а аффикси мавжудлик, хослик маъноларини билдирган: син+а~сина тарзида ясалиш терминлик сатҳида юз берган. Демак, шундан келиб чиқиб изоҳлаш мумкинки, Сина номи дастлаб ер рельефи билан боғлиқ тушунча асосида шаклланиб, қишлоқнинг жойлашган ўрнига ишора қилиш асосида унга ном бўлиб ўтган. Т. Нафасов Синабоғ номини “баландликда, тоғ бағрида ташкил бўлган боғ ва боғ атрофидаги қишлоқ” шаклида изоҳлайди4. Бизнингча, бундай изоҳлаш унчалик мантиққа тўғри келмайди. Нима учун деганда, Шаҳрисабздаги Синабоғ (талаффузда Синавоқ) қишлоғи тоғ бағрида эмас, балки Шаҳрисабзнинг текислик ҳудудида жойлашган. Бу ҳолда ном таркибидаги сина сўзи тоғ маъносида эмас, балки текисликка нисбатан баландроқ бўлган жой тушунчасини ифодалаши мумкин. Буни Жанубий Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудлари аҳолиси нутқида сина сўзини ер сатҳидан сал кўтарилган жой маъносида қўлланиши ҳам тасдиқлайди. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Синабоғ номининг келиб чиқишига тоғ ёки юксак баландлик яқинида барпо қилинган боғ эмас, балки текисликка нисбатан баландроқ жойда бўлган боғ асос бўлган бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |