Қиз//қуз компоненти. Бу компонентлардан ташкил топган топонимлар биринчи марта Т. Нафасов тадқиқотларида атрофлича таҳлил қилинган1. Шунингдек, Ё. Хўжамбердиевнинг монографик ишида2 ва кейинчалик ёзган мақоласида3 ҳам қуз//қиз компонентидан ташкил топган топонимлар устида тўхталилган.
Биз ишимизда қиз компонентли номларнинг таҳлилига тўхталишдан олдин Т. Нафасов ва Ё. Хўжамбердиевларнинг бу тўғридаги ишларига ўз муносабатимизни билдириб ўтишни лозим топдик.
Т. Нафасов Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудида бу сўздан ташкил топган топонимларнинг миқдори 30 га яқин эканлигини эътироф этган. Бу номлар таркибида қиз сўзи уч хил позицияда, яъни бошида, ўртасида ва охирида келади. Масалан: Қизбулоқ, Учқизтепа, Етимқиз ва б.
Т. Нафасовнинг таъкидлашича, бу типдаги номлар ҳозир яратилмайди, улар узоқ ўтмишда оронимлар, қисман, гидронимлар тарзида пайдо бўлган. Номлар таркибидаги қиз сўзи қадимги ва замонавий туркий қуз сўзининг ўзгарган шакли эканлигини таъкидлаб, ўз фикрини қуйидагича далиллайди: “Бу лексима ҳозирги қозоқ тилида қоя, чўққи, баландлик4; турк тилида соя бет, терскай, қуёш нури тушмайдиган томон, қузай-шамол, озарбайжон тилида гузей “соя томон, офтоб нури тушмайдиган бет, жой 1. Хакас тилида хызат “дара, танги, тоғлардаги тор жой2 маъноларида қўлланган” .
Т. Нафасов қуз сўзи тарихан қир сўзи билан асосдош, бир ўзакдан келиб чиққан деб ҳисоблайди. Лекин улар мазмунан бир ҳил бўлса ҳам, шаклан ўзаро фарқ қиладиган орографик объектларни ифодалайди: қир ҳар қандай чўзиқ баландлик, қуз эса тепасимон тик баландлик. Бу фикрни сўзлар таркибидаги [ p ] ва [ з ] ундошларининг сўз ясовчи вазифасини бажариб келиши ҳамда улар сўз маъноларини дифференциялашига сабабчи бўлганлиги билан изоҳлайди3.
Т. Нафасов қиз сўзидан ташкил топган номларнинг этимологиясига тўхталган ва бу типдаги номларнинг барчаси келиб чиқишига кўра, орографик характердаги тарихий қуз сўзига бориб тақалади деган хулосага келган.
Ё. Хўжамбердиев қиз компонентли топонимларнинг этимологиясига бағишланган ишларида бу масалада тўхталиб, икки хил хулосага келган: “Бизнингча, қуз компонентли топонимлар бошқа, қиз компонентли топонимлар тамомила бошқа-бошқа сўзлардир. Биринчиси, “соя томон” маъносида, иккинчиси эса “қиз бола” тушунчаси билан боғлиқдир. Буларнинг ҳар иккаласи ҳам туркий халқларнинг жуда қадимий тарихи билан алоқадордир. Хуллас, деб давом этади муллиф, - биз талқин этган Сурхондарё область территориясидаги Қирқизтепа, Қизқўрғонтепа, Бешқизтепа, Бешқизтоғ, Бешқизсой, Қизларқўниш, Қизлармозор, Қизлартепа каби топонимлар таркибидаги қиз компоненти фикримизча, қиз (девочка) сўзи билан алоқадор бўлиб, унинг тарихий архаик қуз географик термини билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ4.
М. Кошғарий бу сўзни тоғнинг маълум шаклини ифодалаш учун қўллаган: қуз тоғ “кун тушмас тоғ”, “фақат қуёш ғарбга оққандан сўнг чапдан кун тушадиган тоғ”. Қуёш тушмайдиган тоғ, тоғнинг қуёш тушмайдиган жойи1. Профессор Ҳ. Ҳасанов қуз сўзи тоғ сўзининг аниқловчиси сифатида ўрта асрларда баланд тоғнинг шимоли-ғарбий биқинида, умуман, кун тушмас ён бағрида жойлашган кичик тоғларга нисбатан қўлланган деб ҳисоблаган2.
Агар М. Кошғарийнинг фикрларига таяниб айтадиган бўлсак, XI асрларда қуз сўзи жой номлари таркибида аниқловчи сифатида қўлланган. Болосоғунни Қуз урду, Қиз улуш, Ғубалиқ деб ҳам аташган: Орду Болосоғун яқинидаги бир шаҳар шунинг учун Болосоғун Қиз урду ҳам дейилади3. Улуш – қишлоқ (чиғилча). Болосоғун ва уларнинг юқори ёнидаги арғуларча шаҳар демакдир. Шунинг учун Болосоғун шаҳрини Қуз улуш дейдилар4.
Қиз урду ( ордо//ўрда – хон турадиган қароргоҳ, қўрғон), Қуз улуш, Ғубалиқ (балиқ - қадимги туркий тилда шаҳар демакдир, ғу компоненти қуз сўзининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин) номлари Болосоғуннинг халқ ўртасидаги норасмий аталиши. Номнинг мазмунидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, улар шаҳарнинг рельефига, жойлашган ўрнига нисбат бериб яратилган5.
Қиз сўзи ёлғиз баландлик, кичик чўққи, тоғ ёнбағирларидаги қоясимон дўнгликлар каби орографик объектларнинг ҳажми, шакли билан боғлиқ тушунчаларни ифодалаш учун ҳам қўлланган. Бу фикрни қиз компонентли топонимларнинг тарқалиш чегараси ҳам тасдиқлайди. Масалан: Қизбулоқ (Чр.) – тоғ бағрида юқори жойдан чиққан булоқ, Қизтепа ( Қм., Шс., Чр., Бс.,
Со.) тоғ дараларининг ички қисмидаги баландлик, Қизқудуқ (Ғз.) баланд жойдан қазиб чиқарилган сув манбаи, Қизтоғ (До.) баланд тоғлик бағридаги кичик чўққи, Қизмозор ((Ғз.) кичик баландликлардан иборат бўлган мозор, Қизтош (Шс.) тик тошлари бўлган баландлик, Қизқўрғон (Чр.) кичик баландликлардан иборат қўрғон харобаси, Етимқиз (Қм.) ёлғиз жойда бўлган дўнглик, Учқиз (Чр.), Учқизтепа (Ғз.), Учқизота (Шс.) ёнма-ён жойлашган учта баландликдан иборат адир, Бешқиз (Кт., Қм., Бс.) беш ёки ундан ортиқ баландлиги бўлган адир, Қирқиз (Шс., Яб., Қм.) тепасимон кичик баландликлари жуда кўп бўлган жой, тоғ бағри.
Мулоҳаза учун яна бир фикр, Махмуд Кошғарий луғатида қиз шаклидаги сўзнинг бир неча маъноларда қўлланиши кўрсатилган: 1) қиз нўнг бирикмаси таркибида “қимматбаҳо” маъносида; 2) қиз – чўри; 3) уй қизи – бирикмаси таркибида “бўйи етган ва уйда ўлтирган қиз” маъносида; 4) қиз қуш бирикмаси таркибида “одам устига қўнадигандай паст учадиган қуш”1. Мисоллардан кўринадики, охирги сўзнинг изоҳида белгининг камлиги ёки пастлигини ифодаловчи тушунча ётибди. Назаримизда шу сўзда орографик объектларга аниқловчи белги бўлиб келиш хусусияти мавжуд. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, қиз сўзи аниқловчи компонент бўлиб келган Қизтепа, Қизтоғ, Қизқўрғон, Қизтош каби оронимлар шу тушунча замиридаги сўз билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар асосида қуз//қиз сўзининг характер-хусусияти тўғрисида қуйидаги хулосалар чиқариш мумкин:
1. Қиз сўзининг тарихий шакли бўлган қуз сўзи дастлаб, сифат туркумига дегишли сўз бўлиб, асосан аниқловчи вазифасида қўлланган. Бу фикрни М. Кошғарий келтирган қуз тоғ “кун тушмас тоғ” бирикмаси ёки Қуз урду, Қуз улуш номлари ёки қиз қуш “паст учадиган қуш” бирикмаси таркибида келиши ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, Жанубий Ўзбекистон оронимиясида учрайдиган Қизтепа, Қизтош, Қизтоғ, Қизмозор, Қизқўрғон каби номлар таркибида ҳам аниқловчи вазифасида келганлигини кўриш мумкин. Шу ўринда турк оламининг таниқли маърифатпарварларидан бири бўлган Исмоилбек Гаспралининг Боку шаҳрининг эски қисмида жойлашган Қизқалъа тўғрисида ёзиб қолдирган фикрини келтиришни маъқул топдик. У шундай ёзади: “Денгизга яқин Қизқалъаси деган жуда катта ва эски минорали қалъа бордир. Мудофаага ва қарши ҳужум уюштиришга қулайлиги, маҳкамлиги, душман оёғидан эминлиги каби хусусиятларига кўра баъзи тоғ чўққиларини, деворлари ва миноралари мустаҳкам қалъаларни “Қизқалъаси” деб аташ турк миллатининг қадимий одатидир”1.
2. Кейинчалик, қиз сўзнинг отлашиш хусусияти намоён бўлган ва у кўпгина туркий тилларда, жумладан, ўзбек тилида ҳам орографик объект тушунчасини ифодалайдига атама сифатида қўллана бошлаган. Бу фикрни қуз сўзининг ҳозирги қозоқ тилидаги “қоя, чўққи, баландлик” маъноларига эгалиги ёки хакас тилида хызат “дара, танги, тоғлардаги тор жой” маъноларида қўлланиши ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, Жанубий Ўзбекистон оронимиясидаги Етимқиз, Бешқиз, Қирққиз, Учқиз каби номлар таркибида ҳам бу сўз орографик индикатор вазифасида келиб, баландлик, қир, тепа каби орографик объектни ифодалаб келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |