4.2.1. Туркий тилларга тегишли луғавий бирликлар асос бўлган оронимлар
Жанубий Ўзбекистон оронимларининг асосий қисми туркий тилларга тегишли луғавий бирликлардан шаклланган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бир даврда ва бир хил ижтимоий-лисоний шароитда вужудга келмаган. Оронимлар турли тарихий даврларда вужудга келган бўлиб, уларнинг асосини ташкил этган сўзлар хронологик жиҳатдан турлича характер-хусусиятни намоён этади. Орографик объектларни ифодалайдиган тоғ, чўққи, тош, бел, қоя, қир, қия, яйлов, тепа, сирт, айри, бош каби сўзлар энг қадимий туркий сўзлар сифатида кўпгина туркий тилларда ҳозир ҳам қўлланадиган умумтуркий луғавий бирликлар ҳисобланади. Жумладан, Олатоғ (Яб.), Олтинбош (Чр.), Олтинтепа (Қм.), Қорабел (Шс.), Қорасирт (Ғз.), Оқтош (барча тоғли туманларда), Оққир (Кс.), Оқбош (До.), Оққоя (Бс.), Оқайри (Қм.) каби оронимлар бунга мисол бўла олади.
Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, қадимги туркий ёдгорликларда Темир Қопуғ, Шандунг ёзи, Тунгкар тоғи, Кўгман ер, Ўтукан йиш (йиш “тоғ ўрмони, тоғ чўққиси), Чуғай йиш, Ер бойирку, Қара сингир, Бағрам қуми, Буқач арт, Қавақ арт, Эран туз каби оронимлар учрайди1. Бу каби оронимларнинг бир компоненти орографик терминлардан иборат бўлиб, уларнинг айримлари ҳозирги ўзбек тилида апеллятив сифатида ишлатилади, айримлари эса истеъмолдан чиққан. Улар фақат оронимлар ва оронимлардан келиб чиққан бошқа турдаги жой номлари таркибида сақланган.
Туркий оронимларни диахрон ва синхирон жиҳатдан қиёсий тадқиқи шуни кўрсатдики, улар лексик таркиби, фонетик ва грамматик тузилишига кўра бир умумийликка эга. Бу факт ўлка оронимик системасининг шаклланиши узоқ ўтмишда, яъни туркий бобо тил даврларидан бошланганлигини кўрсатади. Оронимлар таркибида мавжуд бўлган, аммо ҳозирги ўзбек тилида истеъмолдан чиқиб кетган қадимги туркий луғавий бирликларни ўрганиш, уларнинг маъно ва грамматик тузилиши ҳамда ўзгаришларини аниқлаш ўзбек тили тарихи учун жуда муҳим фактларни беради.
Туркий тилларга тегишли луғавий бирликлардан шаклланган оронимларни таркибий тузилиши ва қандай луғавий бирликлардан шаклланганлигига кўра қуйидаги уч гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Фақат индикатордан иборат оронимлар.
2. Бир компоненти белги билдирувчи сўзлардан, бошқа компоненти орографик индикаторлардан иборат оронимлар.
3. Барча компонентлари орографик индикаторлардан иборат оронимлар.
Орографик индикатор ҳеч қандай сўз ясовчи аффикс қабул қилмасдан тўғридан-тўғри оронимга айланади, уларнинг маъно ҳамда вазифаси ўзгаради. Буларга Қовоқ, Ширам, Дашт, Қўриқ, Тарпи, Аланг, Ўланг, Қироқ, Қақир, Ғурум, Ғурут каби оронимларни мисол қилиб келтириш мумкин. Уларнинг семантик хусусиятини билиш учун шу номга асос бўлган сўз-терминларнинг маъносини, уларнинг ҳозирги ўзбек тилига муносабатини аниқлаш лозим бўлади. Биз уларнинг бу жиҳатини ишимизнинг “Оронимик индикаторларнинг лисоний тадқиқи” бобида келтирганмиз.
З. Дўсимовнинг кўрсатишича, индикаторлар аслида аниқловчи сўз билан топонимга айланади. Аммо давр ўтиши билан синтактик эллипсисга учрайди.
Ном таркибидаги аниқловчи (баъзан унинг тескариси – индикатор ҳам) тушиб қолади. Бу номнинг кишилар тасаввурига қанчалик ўрнашганлиги, халқ турмушида топонимнинг қанчалик ишлатилиши кабиларга боғлиқ. Ном шу ҳуддудда яшовчи кишилар тилида қанчалик фаол қўлланса, шунчалик силлиқлаша боради1. Бу фикрлар тўлиғича шу типдаги оронимларга ҳам дахлдор.
А.В. Суперанскаянинг фикрича, ҳар қандай тилда бир-бирига қарама-қарши бўлган икки хил тенденция мавжуд: номлар ўз таркибига турли хил қўшимча компонентларни қабул қилиб кенгаяди ёки аксинча, номнинг ифода функциясига таъсир кўрсатмайдиган сўзларни тушириб қолдириш орқали тораяди2. Айрим индикаторларнинг ёлғиз ҳолда оронимларга айланиши тилнинг иқтисод принципи билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки, номлар вақт ўтиши билан ўз тузилишини соддалаштириб боради. Индикаторларнинг ёлғиз ҳолда оронимларга ўтиши у қўлланадиган ҳудуд кўлами билан ҳам боғлиқ. Бунга А.В. Никонов томонидан келтирилган қуйидаги фикрларни мисол қилиш мумкин: “Қирғизистонда кўпгина топонимлар кунгей (қуёш томон) ва тескей (терскай) – соя томон асослардан иборат: Республиканинг шарқида Кунгай Тегерек ва Тескей Тегерек номли жойлар бор, шимолий Иссиқкўлда Кунгай Олатоо тизмаси, жанубида Терскай Олатоо бор. Бугунги кунда жануб томондан шимол томонга сайёҳатга борадиганлар оддийгина қилиб, «Кунгайга бораяпман» деб гапиришади1.
Эллипсис турлича лисоний ҳолатларда, айниқса, агар объект ҳаммага яхши таниш ва яқин жойда бўлса, содир бўлиши мумкин. Агар объект узоқ жойда бўлиб, фақат кам кишиларга маълум бўлса, у ҳолатда, албатта, қўшимча лисоний сарф, яъни орографик индикатор ёрдамида аниқ тавсиф ва янги бир аниқловчи сўз талаб этилади ва ҳ.к.
О.Т. Молчанованинг кўрсатишича, гидронимларда эллипсис ҳодисаси оронимларга қараганда деярли икки баравар кўп учрар экан. Уларда иқтисоднинг икки хил принципи намоён бўлади: гидронимларда эллипсис ҳодисаси индикаторларни олиб ташлаш ва кўпгина номларда аниқловчини сақлаб қолиш ҳисобига содир бўлади; оронимларда эса индикаторни объектларнинг ўз табиатидан келиб чиқиб, кўпроқ ажратувчи вазифа бажарувчи сифатида сақлаб қолиш талаб этилади, шунинг учун эллипсис ҳодисаси бу ерда аниқловчи компонентни қисқартириш ҳисобига амалга ошади2.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, индикаторларнинг ҳеч бир қўшимча унсурлар қабул қилмасдан оронимларга ўтишида қуйидаги икки муҳим ҳолатни ажратиб кўрсатишимиз мумкин:
1) агар мазкур ҳудудда маълум бир турдаги орографик объект бошқа турдаги объектлар орасида ёлғиз, битта бўлса, уни шу типдаги объектлардан ажратиб кўрсатишга эҳтиёж бўлмайди. Масалан, текис жойда ёлғиз тепа ёки битта қир бўлса, улар оддийгина Тепа, Қир шаклида айтилаверади ва бу уларга ном сифатида муҳирланади. Агар бир типдаги объектлар мазкур ҳудудда икки ёки ундан ортиқ бўлса, уларни дифференциялашга, яъни фарқлашга зарурат туғилади. Оқтепа ёки Каттатепа, Оққир ёки Узунқир каби номлар шу тариқа вужудга келган. Шу тарзда орографик объект турини билдирувчи сўз олдидан турли хил аниқловчиларни келтириш орқали янги оронимлар ҳосил қилинаверади;
2) агар объект турини билдирувчи сўз тилда истеъмолдан чиқиб, қўлланишдан тўхтаса, у шу объект учун атоқли отга айланади. Сингир, Ўланг, Ағба, Газа, Дўша, Камар, Кўтал, Нурқай, Уват, Чамбил, Қапчиғай, Қасаба каби номлар шу йўсинда вужудга келган.
2. Бир компоненти белги билдирувчи сўзлардан, бошқа компоненти орографик индикаторлардан иборат оронимлар.
Бу гуруҳга кирувчи оронимларда индикаторлар турли аниқловчилар билан бирикиб, объектнинг номи бўлиб келади. Ясалишнинг бу усули Жанубий Ўзбекистон оронимларида энг фаол ҳисобланади. Бу усулнинг фаол қўлланиши табиий ҳолдир. Чунки атоқли отнинг вазифаси бир объектни бошқа бир шундай объектдан фарқлашдан, ажратиб кўрсатишдан иборат экан, уларни ўзаро фарқлайдиган диффиренциал белги индикаторларга бирикиб келадиган аниқловчи сўзларда намоён бўлади. Номларнинг объект ҳақидаги турли ахборотлар, жумладан, уларнинг ҳажми, жойлашган ўрни, бошқа объектлар билан муносабати, кўриниши, кимга ёки нимага тегишлилиги каби маълумотлар худди шу аниқловчи компонентларда акс этади. Биз аниқловчи компонентларнинг бу хусусиятлари тўғрисида ишимизнинг “Оронимларнинг луғавий-маъновий таснифи” бўлимида тўхталганмиз.
3. Барча компонентлари орографик индикаторлардан иборат оронимлар.
Бу типга кирувчи оронимларнинг маъно ва грамматик хусусиятлари анча мураккаб ҳисобланади. Уларнинг тузилишида орографик объектнинг турини кўрсатувчи индикаторлар бош сўз бўлиб келади. Унга бирикиб, объектнинг турли белгиларини кўрсатиб келган компонент ҳам индикатор характеридаги сўз ҳисобланади. Бундай ҳолда, иккинчи компонент бўлиб келган индикатор объектнинг турини характерласа, биринчи компонент бўлиб келган индикатор эса объектнинг турли белги-хусусиятларини кўрсатади. Масалан, қиз: Қизтош, Қизтоғ, Қизқалъа, Қизқўрғон; қум: Қумота, Қумқалъа; қашқа: Қашқақум; ғур: Ғурдара; ғурим: Ғуримдара, Ғуринтепа, Ғурут; қаранг: Қарангқўл; қалоқ: Қалоқлидара; шер: Шергаза, Шерқўтан, Шерғанак; қулла: Қуллатепа; тош: Тоштепа, Тошқўрғон; мўла: Мўлаширам, Мўлатош; чоҳ: Чоҳакдара, Чокдара; тумшуқ: Тумшуқтоғ; талл: Таллактоғ, Талтепа; човли: Човлиқалоқ; занг//санг: Зангқўтан, Сангбирон, Сангқалоқ, Зангтепа; яйлоқ: Яйлоқгаза; жар: Жартепа; асқар: Асқартепа, Асқарчўққи. Бу типдаги оронимларнинг тузилиши соддалашган, улар дастлаб, битишув ёки мослашувли йўл билан ҳосил бўлган сўз бирикмаси шаклида бўлган. Уларнинг қандай йўллар билан битишиб, қўшилиб оронимлар ҳосил бўлганлиги тўғрисида ишимизнинг “Оронимларнинг таркибий тузилиши ва ясалиш хусусиятлари” деб номланган бобида атрофлича тўхталамиз.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, маълум бир гуруҳ сўзлар ўтмишда оронимлар ясаш ҳусусиятини намоён қилган. Уларнинг айримлари ҳозирги кунда ҳам оронимлар ясашда фаол қўлланиши мумкин. Лекин шундай гуруҳ сўзлар ҳам мавжудки, улар бугунги кунда оронимлар ясашда иштирок этмайди, уларнинг баъзилари ўзбек тилининг айрим шеваларида сақланиб қолган, баъзилари эса фақат топонимлар таркибида учрайди. Оронимлар ясашда ҳали ҳам фаол бўлган сўзлар жой номлари таркибида ўзига хос семантик ва грамматик вазифа бажариб келади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ҳудудга тегишли жой номларини ўрганишда уларни маълум бир компонентларга ажратиб, гуруҳлаб таҳлил этиш, уларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир гуруҳга мансуб компонентларнинг оронимлик ҳамда апеллятивлик вазифаларини аниқлаш, шу асосда улар ўртасидаги муносабатларни белгилаш уларнинг тадқиқида муҳим босқич ҳисобланади. Шунингдек, оронимларни компонентлар асосида маълум бир гуруҳларга ажратиб таҳлил қилиш уларнинг лисоний ва нолисоний хусусиятларини тўғри белгилаш имконини ҳам беради. Шунда бир хил компонентга эга бўлган оронимлар орасидан бошқалари учун характерли бўлган битта номга тегишли бўлган грамматик тузилиш, семантик ва ономастик хусусиятлар ҳамда қонуниятлар шу гуруҳдаги бошқа оронимлар учун ҳам хос ва мос бўлиши лозим. Шу мақсадда биз ўзбек тили оронимиясида характерли бўлган айрим компонентлардан ташкил топган оронимлар таҳлилига алоҳида тўхталишни лозим топдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |