Човра//чобра. Асосан, Чироқчи туман аҳолиси нутқига хос бўлган бу сўз “паст-баландликдан иборат жой, адир” тушунчасини ифодалайди. Човра адирнинг шундай турики, ундан фақат яйлов сифатида фойдаланиш мумкин. Орографик тушунчани касб этган бу сўз бир қанча оронимларнинг ясалишида индикатор бўлиб хизмат қилган: Қизилчовра (дастлаб адир номи бўлган, кейинчалик яқин атрофдаги қишлоқ номига ўтган), Каттачовра, Бўлакчовра Тошчовра (адир номлари). Номларнинг биринчи компоненти бўлиб келган қизил (тупроқнинг ранги-туси, кўринишини), катта (ҳажмини), бўлак (жойлашган ўрнини), тош (тупроқ таркибини)сўзлари объектнинг турли белги-хусусиятларини ифодалаб келган.
Қалоқ. Бу сўз, асосан, Деҳқонобод, Бойсун, Шеробод, Кўкабулоқ чорвадорлари нутқига хосдир. Бошқа туманларда бу сўз қўлланмайди. Шунинг учун бўлса керак, бу сўздан ясалган оронимлар бошқа ҳудудларда учрамайди. Юқорида кўрсатилган ҳудудларда бу сўздан шаклланган жой номлари мавжуд. Шунингдек, қалоқ сўзининг ўзи ҳам апеллятив сифатида
бу ҳудудлар аҳолиси нутқида фаол қўлланади. Бу сўз тарихий ясалишига кўра қала+қ (ўзакка қ қўшимчаси қўшилгандан сўнг а>о товуш алмашиниши содир бўлган) шаклида бўлиб, ўзакдан англашилган тушунча билан боғлиқ ҳаракатни ифодаловчи табиий ва сунъий тарзда тошдан қилинган тўсиқларни билдиради. Чорвадорлик касби билан шуғулланган аҳоли чорва учун тош қалаб, девор ясаган ва ундан қўра, чорва молларини қамайдиган жой, қўтон сифатида фойдаланишган. Шунингдек, тоғли жойларда тошларнинг нураши, кўчиши, емирилишидан пайдо бўлган қат-қат тошли, худди қўлда терилгандек кўринадиган тош уюмлари ҳам – қалоқ термини билан аталади. Бу индикатор шу маънолари асосида оронимлар ясалишига хизмат қилади: Чавлиқалоқ (До., яйлов), Қалоқлидара (До., дара ), Қўшқалоқ (До., адир). Бу индикатор иштирокида ясалган оронимлар кейинчалик бошқа турдаги объект номига ўтган: Қалоқлидара (До., қ-қ.). Шунингдек, бу сўз бошқа турдаги объект номинининг аниқловчи компоненти бўлиб келади: Қалоғжилға (До., сой).
Зов. Тоғли ҳудудлар аҳолиси нутқига хос бўлган орографик характердаги терминлардан бири зов ҳисобланади. Зов сўзи ҳақида илмий луғатларда турлича изоҳ ва талқинларни учратиш мумкин. Жумладан, “Ўзбек тили изоҳли луғати”да: Зов [ф. ﺯﺍﻮ – дара] шв. Дара, тоғ оралиғидаги чуқурлик; жарлик1; “Географик терминлар ва тушунчалар изоҳли луғати”да зов терминига «тик қоя, жарлик, баъзан чуқур дара» деб изоҳ берилган2. Диалектологик луғатларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод шевасида зов сўзи «тоғ этаклари ва дараларидаги тик жар, катта ўйиқ» маъносида қўлланиши қайд этилган3.
Умуман олганда, зов ҳам шаклан жарга ўхшаш, лекин ўзига хос шаклига кўра ундан фарқ қиладиган орографик объект ҳисобланади. Тоғли ҳудуд шароитини билмаган киши уни, эҳтимол, жардан фарқлай олмаслиги мумкин. Жар сув ўйиши, ювиши, ер кўчиши сабабли пайдо бўлади. Зов эса тоғ дараси, тоғ ва адирликларнинг ёнбағрида бўлади. Зовнинг бир ёки икки томони тик жарлик, кесилгандай бўлади. Шунинг учун бундай жойлар одамларнинг юриши ва чорва моллари учун хавфли ҳисобланади. Зов сўзи орографик индикатор сифатида бир қанча оронимларнинг ясалишига хизмат қилган. У асосан оронимларнинг иккинчи компоненти бўлиб келиб, объектнинг турини ифодалайди. Унга биринчи компонент бўлиб келган сўзлар номланувчи объектнинг турли белги-хусусиятларини кўрсатади. Масалан, Оқзов (Чр.) – катта зов (оқ сўзининг оронимияда катта маъноси ҳам бор), тупроғи оқ рангда кўринувчи зов; Саризов (До.) – сариқ зов (сариқ сўзи оронимияда оқ сўзига ўхшаш маъно билдиради), тупроғи сарғиш тусда кўринган зов, Каттазов (Чр.), Кичикзов (Чр.), Қоразов (До.) – чуқурлик ўлчами катта бўлган зов (қора – оронимияда турли маъно хусусиятларини намоён қилади, жумладан, рельефнинг манфий шаклларини ифодалайдиган объектларга нисбатан белгининг катталигига ишора қилади), Тошлизов (Шо.) – тик деворларидан тошлари чиқиб турган зов ва б.
Шунингдек, бу сўз жой номларининг биринчи компоненти бўлиб келиб, номланган объектнинг белги-хусуиятини ифодалайди: Зовқўтон (До.) – зовли жойда барпо қилинган қўтон (зовда табиий ҳолатда бўлган қўтон тушунчасини ифодалаши ҳам мумкин). Гидрографик объектни ифодаловчи
сўзга қўшилиб гидроним ясайди: Зовариқ (Бс.) – қирғоқлари тик ва чуқур бўлган ариқ.
Ховар. Келиб чиқишига кўра форс-тожик тилига тегишли бу сўз маҳаллий аҳоли нутқида кенг қўлланади. У Қашқадарё қипчоқ шеваларида адир ва тоғ этакларидаги кичик текис жой, сайхон ер, адирлардаги ясси жой, майдон тушунчасини ифодалайди. Бу сўз асосан деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли нутқида кўп қўлланади. Бу сўздан ташкил топган оронимлар деҳқончилик касби билан боғлиқ. Улар объект англатган тушунча асосида жой номлари ижод қилишган: Каттаховар, Кичикховар (Чр., яйлов),
Ўриклиховар (До., жой), Пўстакховар (Ос., жой), Ариқлиховар (До., жой), Тошховар (Қм., жой) ва б.
Кўтал. Ўзбекистон оронимиясида кўтал сўзидан ташкил топган жой номлари ҳам учрайди. Уларнинг аксарияти Қашқадарё вилояти ҳудудига тўғри келади. Масалан, Каттакўтал, Кичиккўтал (Чр.), Арчаликўтал, Тошкўтал, Айрикўтал (До.), Қўшкўтал (Қм.), Кўталтоғ, Кўккўтал (Яб.) оронимлари, оронимдан келиб чиққан Кўтал (Чр.) қишлоқ номлари шулар жумласидандир. Шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам кўтал
лексемали оронимлар кенг тарқалган. “Зафарнома” асарида кўтал индикаторидан ташкил топган фақат Оқкўтал ороними учрайди1. “Бобурнома” да эса бу сўздан ташкил топган 30 га яқин оронимлар келтирилган. Бобур бу сўзни тоғ йўли, довон маъносида қўллаган: “ Йўл худ қирлаб юққори чиқар экандур. Кўтали Заррин дер эмишлар”2. С. Қораев бу сўзни мўғулча “довон, тоғдан ошиб ўтиш йўли” маъносида изоҳлаган3. Кўтал келиб чиқишига кўра олтой тили даврига хос туркий-мўғул тилларига тегишли қадимги лексема бўлиб, у қипчоқ шеваларида сақланиб қолган. Мўғул тилида хўтул – “тепа, унча юксак бўлмаган қия баландлик”1. Бу сўз тарихий тузилишига кўра икки морфемадан (кўта + л) ташкил топган. Бунда кўта – ўзак морфема (маъно хусусиятига кўра феълга тўғри келади), -л – қўшимча морфема (феълдан от ясовчи аффикс ) ҳисобланади. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, бу ясалма баландликка кўтарилишга восита бўладиган йўл тушунчасини ифодалайди. Демак, кўтал – “тоғ йўли” деган маънони беради. Кўтал сўзидан ташкил топган оронимлар шу асосда ўз изоҳини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |