112-савол. Тўғридан тўғри инвестиция тўғрисида тушунча беринг ?
Жавоб: Давлат томонидан кафолати олинмайдиган хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалдаги қонунчилик асосида маълум инвестиция Дастурига биноан киритилаётган инвестициялар тўғридан-тўғри инвестиялар дейилади. Тўғридан-тўғри инвестиция деганда инвестор томонидан пул маблағлари, мақсадли банк омонатлари, улушлар, акция ва бошқа қимматбахо қоғозлар, технология, машина, жихозлар, лицензия, шунингдек, товарларнинг белгилари, кредитлар, мулк, интеллектуал бойлик, тадбиркорлик объектларига ва бошқа фаолият турларига даромад олиш мақсадида маблағларни давлат кафолатларисиз жалб қилиш тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.04.2005 йилдаги "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 3594-сонли Фармонига биноан 2005 йил 1 июлидан бошлаб тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган иқтисодиёт тармоқлари корхоналари асосий фаолияти бўйича даромад (фойда) солиғи, мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиғ тўлови тўлашдан, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган.
Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлганда мазкур солиқ имтиёзлари берилади:
- 300 мингдан 3 миллион АҚШ долларигача - 3 йил муддатга;
- 3 миллиондан 10 миллион АҚШ долларигача - 5 йил муддатга;
- 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда - 7 йил муддатга.
113-савол. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилишда тендер савдоларини ташкил қилишни тушунтириб беринг ?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилишда тендер савдолари ВМнинг 21.11.2000 йилдаги 456-сонли карорига асосан қабул қилинган “Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтқазиш тўғрисидаги Низом”га асосан амалга оширилади.
Тармоқ вазирликлари ва идоралари рози бўлган тақдирда уларнинг вилоят, туман, шахар бўлимлари, ушбу Низом талабларига риоя қилган холда, тендер ўтказиш бўйича буюртмачилар бўлиши мумкин.
Тендерларни ўтказишда буюртмачи:
- тендерларни ўтказиш, уларнинг ўтказилиш санаси тўғрисида қарор қабул қилади ва расмий фармойиш чиқаради;
- ишчи орган фаолиятини назорат қилиб боради ва тендер комиссияси ишида қатнашади;
- тендер хужжатларини тайёрлаш шартларини белгилайди;
- тендерларни тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни амалга оширади;
- тендер ғолиби билан контракт тузади.
Тендерни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
- тендернинг сохасини белгилаш;
- тендер хужжатларини (ихтисослашган техник ва тижорий консультантларни жалб этган холда) тайёрлаш;
- тендерни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ва/ёки тендерда қатнашиши мумкин бўлганларга тендерда қатнашиш учун таклифномалар жўнатиш;
- тендер қатнашчиларидан тендер бўйича таклифларни қабул қилиш;
- тендерда қатнашиши мумкин бўлганларни аниқлаш;
- тендер бўйича тушган таклифларни бахолаш ва тендер ғолибини аниқлаш;
- тендер ғолиби билан контрактни имзолаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |