Диссертация мавзусининг асосланиши ва унинг долзарблиги;
Илмий тадқиқотнинг асосий мақсади – Бухоро воҳасининг қумоқ, шўрланишга мойил тупроқлари шароитида ғўзанинг «Бухоро-6» навида кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тартибларини, маъдан ўғитлар меъёрига боғлиқ ҳолда ўрганиб, юқори ва сифатли ҳосил етиштиришнинг илмий асосланган натижаларини олишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари: Қуйидаги вазифаларни ҳал этиш кўзда тутилган:
тажриба ўтказиладиган жойнинг тупроқ шароитлари (тури, механик таркиби, тузилиши, сув-физик хоссалари, мелиоратив ҳолати ва унумдорлиги) ни ўрганиш;
ғўзанинг биологик кўрсаткичларини ўзгаришига суғориш тартиблари ва маъдан ўғитлар меъёрларини таъсирини аниқлаш;
юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун турлича суғориш тартиби, меъёри, суғориш муддати ва ўғитлаш меъёрларини ғўзанинг ўсиши, ривожланиши, пахта ҳосилдорлигига ҳамда толанинг сифатига таъсирини ўрганиш;
ғўза етиштиришда турли суғориш тартиби ва ўғитлаш меъёрларини иқтисодий самарадорлигига таъсирини аниқлаш.
Тадқиқот объекти ва предмети. Тадқиқотлар Бухоро вилояти, Бухоро тумани, “Содиқ-Шодмон” фермер хўжалигида кенг тарқалган, қадимдан суғорилиб келинган қумоқ тупроқлар шароитида кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиб суғориш тартиби ва ўғитлаш меъёрларини «Бухоро-6» пахта навларида олиб борилди.
Тадқиқот услублари. Илмий – тадқиқот ишларида кузатиш, ҳисоблаш ва таҳлиллар Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг «Методы проведения полевых опытов» (1963 г), «Методика агрохимических, агрофизических и микробиологических исследований в поливных хлопковых районах» (Ташкент, 1963), «Методы агрохимических анализов почв и растений Средней Азии» (Т.1977), ва «Пахтачилик справочниги» (Меҳнат, 1989) ва «Методика Государственного сортоиспытания сельскохозяй ственных культур» (М.Колос, 1964) қўлланмалари асосида бажарилди.
I-Боб. ИЛМИЙ АДАБИЁТЛАР ШАРҲИ
Ғўза (Gossypium лат.) Malvaceae оиласига мансуб ўсимлик ҳисобланади1 .
Ғўза дунё бўйича энг кўп экиладиган ва кенг тарқалган ўсимликлардан биридир. Дунё миқёсида 2016 йилда 23 млн т. пахта етиштирилган. Дунё бўйича пахта толаси ҳосилдорлиги ўртача 626-635 кг/га ни ташкил этса, Ўз бекистонда ушбу кўрсаткич 730-740 кг/гани ташкил этмоқда (Р.Назаров, 2006). Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида пахта экинлари экиладиган майдон 1991 йилда 1221 минг га бўлиб, унинг ҳосилдорлиги 22,2 ц/га. ни, 2003 йил эса 1092,5 минг га ерга ғўза экилиб, унинг ҳосилдорлиги 23,9 ц/га. ни, ялпи пахта етиштириш 2,611 млн т. ни ташкил этган, яъни 1991 йилга нисбатан 1,7ц/га кўп ялпи пахта ҳосили етиштирилди. Республикамизда 2008 йил 1131,8 минг/ га, экилиб, етиштирилган пахта ҳосили 3 млн 375 минг т. ва 29,8 ц/га ни ташкил этган ҳолда,1991 йилга нисбатан 7,6 ц/га юқори ҳосил етиштилганини олинган маълумотлар кўрсатмоқда.
Зеро, пахта ҳосилдорлигини, ялпи ҳосил миқдорини ошириш жаҳон ҳамжамияти олдида турган муаммоларидан бири бўлиб ҳисобланар экан, унинг ҳосилдорлигини ошириш тадбирларини ишлаб чиқишда биринчи навбатда ўсимликнинг етиштирилаётган тури ва навининг биологик хусусиятларини, уларни сувга, озиқа моддасига,ёруғлик, иссиқлик ва ҳ.кларга бўлган омилларни чуқур ўрганмоқ талаб этилади.
Бугунги кунда экилиб келинаётган ғўза ўсимлиги бир йиллик ҳисобланади. Унинг илдиз тизими ўк илдиз бўлиб, асосий қисми ернинг ҳайдов қатламида ривожланади, баъзи илдизлари 70 см. гача чуқурга, поясининг бўйи 40-100 см. ва ундан ҳам юқоририоқга (120-130см) етиб боради. Ғўза ўсимлигининг транспирация коэффиценти 331-657 га тенг (ўртача 400-600), тола ҳосили бўйича сувга эҳтиёж коэффициенти 80-210м3/ц. ни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар иқлим шароитлари, ғўза тури ва нави, сув билан таъминланганлик, тупроқдаги озиқ элементлар билан қандай таъминланганлик даражасига боғлиқ равишда ўзгариб туради.
Дала экинлари ўсиши ва ривожланиши давомида, яъни уруғдан униб, ҳосил қилгунча маълум даврларни (фазаларни) ўтайди. Ривожланиш фазаларида ўсимликларда морфологик ўзгаришлар содир бўлади ва янги органлар шаклланади. Ғўза қуйидаги фазаларни ўтайди: униб чиқиш, 2-4 чинбарг чиқариш, шоналаш, гуллаш-кўсаклаш ва пишиш фазалари.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ғўза ўсим лигининг икки тури яъни, ингичка ва ўрта толали навлари экилиб келин моқда. Ғўза ўсимлиги сувга, озиқ моддаларга, иссиқликка ва ёруғликка бўлган талаби юқори бўлганлиги боис, мамлакатимизнинг асосан суғориладиган ҳудудларида ғўзанинг ўрта толали навлари етиштирилади.
Кўпгина олимлар ўз даврларида олиб борган илмий тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, ўсимликнинг илдизи нафақат озиқ модда ларни сўриб ўзлаштира олади, балки аммино кислоталарни синтез қилиши, витаминлар ва ферментларни ўсимлик танасига етказишни, липотидлар, нуклепродентлар, фосфор органик бирикмалар ҳосил қилишдек мураккаб, биохимик, физиологик, биологик жараёнларни ҳам бажаради. Шунингдек, илдиз орқали ўзлаштирилган озиқа ўсимлик танаси бўйлаб ҳаракат қилади, янги ўсиш нуқталарини пайдо қилади. Ўсимликнинг илдизи тупроқдан сув ва озиқ моддаларни ўзлаштириши, унинг озиқ моддалар меъёрларига ва суғориш тартибларига боғлиқ бўлиб, бу албатта илдиз қисмини қанча чуқур жойлашганлиги билан изоҳланади .
Уруғли экинлар илдизи ташқи (морфологияси) ва ички (анатомияси) тузилиши ўрганилиб, илмий асосланган бир қанча рисолалар чоп этилган бўлиб, ушбу илмий асарларда ғўза экинлари илдизларининг асосий қисмлари тупроқнинг ҳайдов қатламларида жойлашганлигини қайд қилишиб, унинг ривожланиши нав ҳусусиятларига боғлиқ эканлигини таъкидлайдилар .
Муаллиф ғўза илдизининг тупроқ қатламига кириб бориш чуқурлигини ҳаво ҳарорати, кун узунлигига ва тупроқнинг микробиологик фаолияти каби омилларга боғлиқлиги, шунингдек ўсимлик илдизини сўриш кучи тупроқ ва ҳаво намлигига катта таъсир этиб, ҳавонинг намлиги ошиши билан ўсимлик илдизининг сўриш кучи кўпайиши билан изоҳлайди.
Шунинг учун ҳам кейинги йилларда бир қанча олимлар суғориш муддати ва меъёрларини белгилашда ғўза ўсимлигининг баргларидаги намликка, ўсимлик танасини сўриш кучига ва суюқлик концентрациясига, транспирация учун сарф бўлган умумий сув миқдорига қараб белгилашни тавсия қиладилар.
Лекин, ғўза экинини нафақат суғориш меъёрларига, балки усулларига ҳам алоҳида эътибор берилиши ундан юқори ва сифатли ҳосил олиш заминини яратиш мумкинлиги ҳам илмий жиҳатдан ўз исботини топган .
Маълумки, ўсимликлар жумладан, ғўза ҳам тупроқдаги намни илдиз тизими орқали олади. Илдиз тукчалари орқали сув билан бирга озиқ моддаларни ҳам ўзлаштиради. Бу озиқ моддалар мураккаб бихимик жараёнлар натижасида органик моддага айланади.
С.Н.Рижов(1948) биринчи марта Ўзбекистон шароитида турли хил ўсимликлар учун тупроқ намлиги турлича бўлишини тажриба орқали аниқлаган. Унинг фикрича, пахта пишпиб етилгунгача даврда тупроқ намлиги унинг дала нам сиғимига нисбатан камида 70%бўлганда ҳосилдорлик юқори бўлиши кўрсатилган. Шунингдек, С.Н.Рижов томонидан тупроқ намлигига қараб суғориш муддатлари аниқланган. В.Е.Еременко(1957)маълумотларига кўра, барглардаги тургор (ҳужайра қобиғининг таранглик) ҳолати навбатдаги суғориш ўтказиш зарурлигини кўрсатади, деб ҳисоблайди. Тургор ҳолатини белгилашда ғўзанинг ўсиш нуқтасидан пастки 3-барг олиниб аниқланади.Тургор ҳолати 20-25%ни ташкил этса, демак ўсимликни сувга талаби келган ҳисобланади. В.М.Легостаев(1936) ҳам ўсимликни сувга бўлган талабини қуйидагича аниқлаган. Куннинг қоқ ўртасида соати 12-1200 чамасида барг олиниб букилганда, барг томири мўрт бўлади. Агар барг томири чирсиллаб синса,ўсимлик сувга талаб эмас, синмаса, сувга талаби келган бўлади.
А.Н.Нешиннинг(1955) Тошкент вилояти шароитида ўтказган тажрибасига биноан баргнинг сўриш кучи юқори ва пастлигига қараб, бўлган талаби аниқланган.Ғўза ўсув даврида суғорилганда баргнинг сўриш кучи: гуллагунга қадар 12 атмосфера, гуллаш-ҳосил тугиш даврида 14 атм, ҳосил пишиб етилиш даврида 16 атм бўлиши керак.
Суғориш меъёри С.Н.Рижовнинг формуласи асосида аниқланади. M=(Wn+Wm).100.h.d+k. Бунда M-суғориш меъёри, м3/га; Wn- дала нам сиғи мига тенг намлик,%; Wm –суғориш олдидан тупроқ намлиги,%; h -тупроқ қатлами, м; d -ҳажм массаси,г/см3; k -суғориш жараёнида буғланиб кетадиган намлик миқдори(10%).
P.S.Tаkate, A.S.Jodhav ва A.S.Tаkate [14] Ҳиндистоннинг суғориладиган ерларида ғўзани 5 мартагача суғориш бўйича тажрибалар ўтказдилар ва бунда ҳавонинг ҳарорати, буғланиш ва суғоришлар ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини аниқладилар ҳамда шу асосида қулай суғориш режимларини ишлаб чиқдилар.
Жумладан, Қ.М.Мирзажонов, Н.Э.Малабоев ва Д.Д.Умаровларнинг [79] таъкидлашларича, Ўзбекистоннинг Орол бўйида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ерларининг мелиоратив ҳолатига сизот сувлари сатҳи ва шўрланиш даражаси жиддий таъсирни кўрсатишини айтишиб, Орол бўйи сизот сувлари сатҳининг тартиби ирригация хўжалик ишлари турига боғлиқ бўлишини, яъни вегетация даври давомида у кўтарила бориб, суғориш тўхталиши билан аста секин туша бошлайди.
М.Х.Хамидов, Б.У.Сувановлар [50] Хоразм воҳасининг қадимдан суғорилиб келинаётган ўтлоқи аллювиал тупроқлари шароитида ғўзани суғоришда субирригация суғориш усулини қўллаш ва бу усулда тупроқнинг суғоришдан олдинги намлигини ЧДНС га нисбатан 70-75 % ушлаб туриб, суғоришни 1х3х1 схемада 750-800 м3/га суғориш меъёрлари ҳамда 4500-4800 м3/га мавсумий суғориш меъёрлари билан суғоришганда пахтадан 48-50 ц/га га ҳосил олиш имкониятига эришган:
Г.А.Безбородов (2009) маълумотига кўра, ғўзақатор орасига қора полиэтилен пленка тўшаш орқали суғорилганда, Жиззах вилоятининг “Исобобо”ф/х да 59ц/га ва эгатлаб суғорилган назорат вариантида 40,5ц/га пахта ҳосили етиштирилганлиги ва ҳар бир центнер пахта ҳосили етиш тиришда 25% сув иқтисод қилинганлиги аниқланган. Шунингдек, Г.А.Безбородов (2009)нинг кўрсатишича, ғўза қатор орасига мульча сифатида 1-2т/га миқдорда сомон тўшалганда, тупроқнинг агрофизик ва кимёвий хоссаларига ижобий таъсир этган ҳолда, назорат вариантига нисбатан 6,5 ц/га юқори сифатли эртаки пахта ҳосили етиштирилганлиги ва 280-320м3/га сув иқтисод қилинганлиги аниқланган.
О.Ф.Туева [28] Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқларда эгатлар узунлиги 150, 120, 90 ва 60 қилиб олинганда, энг юқори ҳосил эгат узунлиги 60 бўлганда гектаридан 45,0 ц/га ҳосил олишга эришилган.
Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида М.М.Сарим сақов ва Ю.Эсанбеков [14] томонларидан олиб борилган изланишларда кузги буғдойни тупроқдаги ЧДНС-га нисбатан 2 хил тартибда, минерал ўғитлар N200Р140К100 кг/га меъёрида солинганда, энг кўп дон ҳосили суғориш тартиби ЧДНС га нисбатан 80-80-70% бўлганда 18 ц/га ошганлигини, бир центнер дон олиш учун эса 46,4-53,4 м3 гача сув сарфланганини таъкидлашган. Бунда мавсумий сув меъёри гектарига 2100-2250 м3 тенг бўлиб, назорат вариантдан 25-30% кам сув сарфланган.
А.А.Фёдорованинг [34] фикрига қараганда, баҳор иссиқ келган йилларда баҳорда азотли ўғитлар билан озиқлантириш, баҳор совуқ келиши кутилаётган йилларда эса ёзда озиқлантириш пахтадан 10-15% миқдорида қўшимча ҳосил олишни таъминлайди.
Азотли ўғитларни тўлиқ йиллик меъёрларини экиш олдидан берилиши ғўза тола ҳосилдорлиги ошишига таъсир кўрсатишини А.К.Селвари [116], И.А.Симакин ва Н.И.Гончаров [117] лар ўз тажрибаларида кузатишган.
Шунга яқин фикрни И.М.Попова [94] ҳам билдириб, азотли ўғитларни йиллик меъёридан 80% ини экиш олдидан қўллаш азотли ўғитларнинг самарадорлигини оширибгина қолмасдан, балки тола ҳосилдорлигига ижобий таъсир этишини таъкидлайди.
Г.К.Курбанов [65] томонидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг жанубий ғарбий минтақаларининг янги суғориладиган ерларида азотли ўғитларни гектар бошига 180 кг меъёрда ҳар суғоришдан олдин 60 кг дан табақалаштирилиб, озиқлантирилганда самарадорлик юқори бўлганлиги кузатилган.
ЎзПИТИ олимлари томонидан суғориш сувини иқтисод қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш мақсадида эгат оралатиб, кейинги суғоришда эгат ўрнини алмаштириб суғорилганда 11,1% сув иқтисод қилиниб, назоратга нисбатан 3,3 ц/га қўшимча ҳосил етиштирилган.
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган бўз тупроқлари шароитида «Бухоро - 7» нави учун Р90К60 кг/га маъданли ўғитлар муҳитида азотни гектарига 150 кг меъёрда қўлланганда пахта ҳосилдорлиги назорат вариантига нисбатан икки баробарга кўпаяди дейди Х.Б.Бухарев [17].
Зарафшон воҳасида Н.Х.Халилов [40] томонидан олиб борган изланишларда эса минерал ўғит меъёрлари N180Р90К60 кг/га бўлиши пахтадан юқори ҳосил етиштириш мумкинлигини таъкидлайди.
Барча тупроқ турларида тупроқдаги озиқа элементлари миқдори қишлоқ ҳўжалик экинларини ҳосилдорлик даражасини аниқлайди. Кўп йиллик дала тажрибалари ва амалий ишларни кўрсатишича, азотли ўғитларни самарадорлиги уларни фосфорли ва калийли ўғитларни биргаликда қўлланилганда ошади. Маъдан ўғитларни тўлиқ меъёрда берилиши натижасида уруғларни ўсиш қуввати қарийиб 5% га, униб чиқиш суръати 3 % га, дон ҳосилдорлиги 28-30 % га ошади деб таъкидлайди В.С.Рубан [61].
Бухоро вилояти тупроқ-иқлим шароитида ўрта толали Бухоро ғўза навларини етиштиришда маъдан ўғитларнинг меъёрини ва уруғлик миқдорини камайтириш бўйича,туксиз чигитни гектарига, аниқлаб экиш сеялкаси билан экилганда ками билан 15-17 кг/га ва кўпи билан 30-35кг/га экиш кераклиги, ҳамда минерал ўғитларнинг йиллик қўлланилиш меъёрлари тупроқнинг унумдорлик даражасига қараб, 45-50ц/га ва ундан юқори сифатли ҳосил олиш учун азотли ўғитларини 250 кг, фосфор-175 кг/га, калий -100 кг миқдорда қилиб белгиланганлигини ЎзПИТИ Бухоро олимлари кўп йиллик тажрибалар ўтказишлари натижасида аниқлашган.
Б.М.Холиқов ва А.А.Иминов [18] ларнинг таъкидлашларича, фермер хўжаликларида ғўза экилаётган майдонларнинг тупроқ унумдорлиги пастлиги, улар учун ўтмишдош пахта экинлар танлай олинмаганлиги, муттасил бир далада экилавериши натижасида экиш меъёрларини тўғри белгилай олмаслик сабабидан пахта ҳосилдорлиги 15-20 % камаяди.
Т.Я.Ражабов [79] ўтказган тажрибасига асосан, Қашқадарё вилоятининг тақирсимон тупроқлари шароитида ғўзани минерал ўғитлар билан N150Р100К75 кг/га озиқлантирилганга нисбатан N200Р140К100 кг/га меъёрда озиқлантирилганда пахта ҳосили 3,3 ц/га ошган (48 ц/га).
Бошқа маъдан ўғитлар қаторида ўсимликнинг меъёрий ўсиб ривожланиши учун фосфорли ўғитларни ҳам роли катта. Маълумотларга қараганда пахтага фосфорли ўғитларни қўллаш азотли ва калийли ўғитлар беришдан олдин бошланган [92].
Адабиётлардан маълумки, фосфор ўсимликлар ўзлаштириш даражаси паст бўлган ўғитлар жумласига киради. Чунки тупроқдаги 0,2 % фосфорни деярли асосий қисми ўсимликлар қийин ўзлаштирадиган минерал бирикмалар шаклида бўлиб, ушбу элементни ўсимлик осон ўзлаштирадиган шаклга ўтиши тупроқнинг физик-кимёвий таркибига ва биологик ўзгаришларига узвий боғлиқдир2.
Шунинг учун ҳам ўсимликлар асосан ортофосфат кислотасидан ҳосил бўлган тузлар сифатида ўзлаштиради [86, 89, 90].
Маъдан ўғитларнинг қўллаш меъёрлари ва муддатларининг самарадорлиги тупроқ иқлим шароитига, навларнинг ҳусусиятига пахтанинг сув билан таъминланганлиги даражасига ва бошқа омилларга боғлиқ. Х.Б.Бухарев [17] Қашқадарё вилояти шароитида пахтада маъдан ўғитларни N200Р140К80 кг/га меъёрда, Жиззах вилояти тупроқлари учун N200Р140К80 кг/га, Н.Х.Халилов [39] Самарқанд вилоятида N200Р140К90 кг/га, А.Ш.Хафизов [68] нинг Жанубий Қозоғистонда ўтказиладиган тажрибасида N200Р140К80 кг/га, Т.Х.Ходжакулов [44] Самарқанд вилоятида ўтлоқи тупроқлари учун N220Р165К100 кг/га меъёрларда қўллаш энг юқори пахта ҳосилдорлигини таъминлашни асослаб беришган.
Юқорида келтирилган қисқача адабиётлар шарҳидан шудай хулоса қилиш мумкинки, дунёнинг кўплаб давлатларида, хусусан Ўзбекистон шароитида пахта билан боғлиқ сув ва ресурстежамкор технологиялар билан боғлиқ бир қанча изланишлар амалга оширилиб, уларнинг ўғит ва сувга бўлган талаби анча яхши ўрганилган. Чунки, ҳар бир нав учун тупроқ иқлим шароитига мос ҳолда алоҳида-алоҳида агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |