II БОБ. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишни ҳуқуқий баҳолаш.
1-§. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишни бошқа ўхшаш жиноятлардан фарқлаш.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш содир этилган жиноятга алоқадор жиноий қилмиш бўлиб, алоҳида ўзига хос белгиларга эга. У, биринчидан, иштирокчиликдан тубдан фарқ қилади, иккинчидан, бир қатор ўзига хос мустақил белгиларга эга. Шу билан бирга, Жиноят кодексида жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш, жиноятга йўл қўйиш, жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш, жиноий ҳодиса ҳақида кўрсатма беришдан бўйин товлаш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби қилмишлар учун жавобгарликни назарда тутвчи жиноий-ҳуқуқий нормалар ҳам мавжуд.
Масалан, Жиноят кодексининг 171-моддасида мулкнинг жиноий йўл билан топилганлигини била туриб, уни олдиндан ваъда қилмаган ҳолда олиш ёки ўтказишдан иборат қилмишлар, 208-моддасида ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёҳуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлган, худди шунингдек бундай ҳаракатсизлик жиноятга йўл қўйган ҳолда содир этилган бўлса, айбдор шахслар ушбу моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.
Жиноят кодексининг 240-моддасида эса жиноят процесси қатнашчиларининг ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлашидан иборат қилмишлар учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов вақтида ёки судда гувоҳ ёки жабраланучининг кўрсатма беришни ёҳуд экспертнинг хулоса беришни рад этиши ёки бу ишдан бўйин товлаши ушбу жиноят таркибини келтириб чиқаради.
Жиноят кодексининг 240-моддаси иккинчи қисмида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари гувоҳлик кўрсатмаси беришни рад этганлиги ёки бундан бўйин товлаганлиги учун, шунингдек, гувоҳ ўзига қарши кўрсатма беришни рад этганда жавобгарликка тортилмаслиги ҳақидаги қоида мустаҳкамланган.
Қонун чиқарувчи Жиноят кодексиниг 2411-моддаси (Жиноятни ҳисобга олишда қасддан яшириш)да жиноятлар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ёки кўриб чиқиш хизмат вазифаларига кирадиган мансабдор шахснинг жиноятни ҳисобга олишда қасддан яшириши учун жиноий тақиқ ўрнатган бўлса, 243-моддаси жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, яъни мулк (пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк) жиноий фаолият натижасида топилган бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёҳуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус бериш, худди шунингдек бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёҳуд сир сақлаш жиноий қилмиш эканлигини ўзида акс эттиради.
Содир этилган жиноятларни ва уларнинг айбдорларини фош этиш ҳамда жиноий жавобгарликнинг мақсадга йўналтирилганлигини амалга ошириш ва ҳаққоний жазо тайинлашни таъминловчи нормалардан бири бу олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширишдир. Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, мазкур норманинг мавжудлиги фақат ушбу вазифаларни амалга оширилишини таъминлаш билан чегараланмайди. Чунки, жиноятни яшириш албатта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаларини амалга оширилишини ва айрим ҳолларда жиноят процесси вазифаларини ҳам ҳал этишни мураккаблаштиради. Бу қилмиш процессуал ва айблов ҳукмини ижро этилиши бўйича мавжуд фаолиятни вужудга келиши учун тўсиқ сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин.
Юридик адабиётлар олдиндан ваъда берилган ҳамда олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яшириш ҳолатларига турлича баҳо берилган фикрлар билдирилган. Жумладан, И. Семченковнинг фикрича, «Олдиндан ваъда берилган ёки олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яширишни фарқлаш керак эмас. Сабаби, ҳақиқатда бу икки ҳолат ўртасида ҳеч қандай фарқ мавжуд эмас ва жиноятни яшириш олдиндан ваъда берилиши ёки ваъда берилмаслигидан қатъи назар жиноятни ва жиноят содир этган шахсларни фош этилишига бир хил таъсир этади. Унинг фикрича, улар ўртасидаги фарқ, олдиндан ваъда берилган ёки олдиндан ваъда берилмаган ҳолат билан ажратилмасдан, балки уларни содир этилиши билан фарқлаш керак»51. Бироқ биз бу фикрга қўшила олмаймиз сабаби жиноятга дахлдорлик билан боғлиқ жиноятлар асосий жиноятнинг жиноий натижалари билан сабабий боғлиқликда бўлиши мумкин эмас, чунки жиноятнинг бажарувчилари ва унинг иштирокчилари билан олдиндан ваъда берилган ҳолда жиноятни яшириш, жиноятни натижалари билан сабабий боғлиқлик ҳолатларини келтириб чиқаради.
Ушбу жиноятнинг объектив томони шахснинг фаол ҳулқ-атворида, яъни ҳаракатда содир этилишида ифодаланади. Юридик адабиётларда жиноятни яширишнинг объектив томони ҳаракатсизликда ҳам содир этилиши мумкин деган фикрлар билдирилган52. Айрим муаллифларнинг бундай фикрга келишлари, авваламбор, улар томонидан жиноятни яширишни жиноятга дахлдорликнинг мустақил шакли ҳисобланган жиноятга йўл қўйиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки иштирокчиликнинг ёрдамчи турига ўхшатиш каби типик хатоликларга йўл қўйганлиги билан изоҳланади.
Агарда биз «жиноятни яшириш» атамасини сўзма-сўз шарҳласак, фақат бундай ҳолатлар жиноятни яширишга йўналтирилган жиноий қилмишларни яшириш ҳаракатларига тегишли ҳисобланади. Бироқ, жиноятни яшириш ва жиноятчини яшириш ҳолатлари бири-биридан фарқланувчи хусусиятни ўзида акс эттиради. Шу муносабат билан, ЖКнинг 241-моддаси, 2-қисмидан назарда тутилган жиноятни яширишни мустақил жиноят таркиби сифатида белгилаб, уни таърифловчи ҳолат сифатида жиноятнинг барча белгиларини ўзида қамраб олувчи ном билан ойдинлаштириш керак. Шу ўринда жиноятни яширишнинг номланишини ойдинлаштириш зарурияти мавжуд деб белгиловчи муаллифларнинг фикрларига қўшилмаслик қийин. Масалан: Н. Косяковнинг тўғри таъкидлашича, жиноятни яшириш билан боғлиқ бўлган нормани «Жиноятни ва жиноятчини яшириш» деб номланиши қилмишнинг тузилишини ва у билан келгусида танишмасдан туриб ҳам таъсир ўтказишни белгиловчи ҳолат сифатида кўпроқ жавоб беради53.
Жиноятни яширишнинг объектив томони ЖК 31-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ очиб берилади ва у бир қатор фаол ҳаракатларни ўзида намоён этади: 1) жиноятчини яшириш; 2) жиноят содир этиш қуролини яшириш; 3) жиноят содир этиш воситаларини яшириш, 4) жиноят изларини яшириш; 5) жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яшириш.
Жиноят қонунчилигида белгиланган жиноятни яшириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни тергов қилиш, очиши, жиноятчини фош этиш бўйича йўналтирилган фаолияти билан боғлиқ бўлган ижтимоий хавфли қилмишларнинг асосий шаклларини ўзида қамраб олган. Аммо, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширишнинг мазкур тушунчаси мукаммал ва музокарали муаммоларни келтириб чиқармайди деб хулоса қилиш мумкин эмас. Сабаби, ханузгача олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширишни интелектуал (ақлий) яшириш деб номланувчи фаолият сифатида қараш ҳақидаги масала музокарали ҳолатлигича сақланиб қолмоқда. Олимлар ва амалиёт мазкур муаммога шарҳ беришда айрим ҳолатда муаммоли вазиятларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашади. Бундан шуни изоҳлаш мумкинки, интелектуал яшириш ҳеч қандай жиноий жавобгарликни тақозо этмайди ёки у муайян шароитларда мустақил жиноят таркиби сифатида (масалан, ёлғон хабар бериш, ёлғон гувоҳлик бериш, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноий йўл билан топилган мулкини олиш ёки ўтказиш ва ш.к.) жазоланади.
Шу сабабдан ушбу муаммога нисбатан икки йўналишдаги қараш тарафдорлари ажралади, яъни айрим муаллифлар олдиндан ваъда қилинмаган ҳолда ақлий яшириш имкониятларини тан олсалар54, айримлари уни инкор этади55.
Л.В. Лобанованинг фикрича, бунга жавоб бериш нафақат қонун чиқарувчининг, жиноятчининг, жиноятни яширишдаги қилмишининг усулларини қонунда белгилаш билан аниқланмасдан, балки яширишнинг ижтимоий хавфли қилмиш каби назарда тутувчи барча усуллари билан ҳам изохланади. Шунинг учун мантиқан айтиш мумкинки, жиноятни яшириш жиноятчига интилектуал ёрдам бериб, уни одил судловдан яшириш ҳолатларида ҳам ифодаланиши мумкин56.
Шундай қилиб, С.С. Кузьминнинг таъкидлашича, «жиноятни яшириш нафақат, жиноятчини, жиноят содир этиш қурол ва воситаларини, жиноят изларини ва жиноий йўл билан қўлга киритилган предметларни яшириш бўйича жисмоний ҳаракатларни содир этишда балки, ҳокимият органларида ҳақиқатда жиноят содир этган шахсга нисбатан гумонни келтириб чиқармаслик ва одил судловни нотўғри йўналишга йўналтириш мақсадида била туриб ёлғон хабар бериш, ёлғон кўрсатувлар бериш йўли билан яшириш юзасидан ақлий кўмаклашиш ҳолатларида ҳам акс этиши мумкин»57. Аксарият муаллифлар ақлий яширучиликни бутун ҳолда инкор этади, шу билан бирга шахснинг бу каби ёлғон хабар ёки ёлғон кўрсатув беришини мустақил жиноят каби баҳолашни тавсия этади, яъни ёлғон хабар бериш ёки ёлғон кўрсатув бериш жиноятни яширишни махсус тури сифатида намоён бўлади ва бундай ҳолатлар жиноий ҳуқуқий нормалар рақобати бўйича квалификация қилиш қоидасига асосан, фақат махсус норма бўйича квалификация қилиш талаб этилади58. Жиноятни яширишни ёлғон кўрсатув беришдан фарқлаш зарурияти мавжуд, деб ўйлаймиз. Бунда гап шунда бормоқдаки, ёлғон кўрсатув бериш ҳам тергов ва судни ҳақиқатни аниқламаслигига йўналтирилади.
Н.С. Косяковнинг фикрича, «Ёлғон кўрсатув ва ёлғон хабар бериш йўли билан жиноятни яшириш каби бундай ҳолатлар қисм ва бутун нормалар рақобати муносабатида бўлади, яъни ёлғон кўрсатув бериш йўли билан жиноятни яшириш – бутун, ёлғон кўрсатув беришнинг ўзи эса, жиноятни яширишни усули – унинг объектив томон белгисининг қисми ҳисобланади. Бизнинг билишимизча, бу каби ҳолатларда квалификация санкцияга тегишли бўлган (бу каби жиноятни яшириш учун белгиланадиган жиноий жавобгарлик, ёлғон хабар беришга нисбатан оғирроқ бўлиши керак) муайян шароитларга амал қилган ҳолда бутун норма учун жавобгарликни назарда тутувчи модда бўйича амалга оширилади»59.
Ҳақиқатдан ҳам жиноятни яшириш интилектуал хусусиятдаги қилмишда ифодаланиши мумкинми ва жиноятни яширишга йўналтирилган ёлғон хабар бериш, ёлғон гувоҳлик беришни қандай квалификация қилиш лозим ёки бу каби қилмишлар ёлғон гувоҳлик бериш (ёлғон хабар бериш) ва жиноятни яшириш сифатида ёхуд жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилинадими?
Ушбу ўринда В.Д. Ивановнинг фикрига қўшилиб бўлмайди, яъни унинг фикрича, ёлғон кўрсатув беришда ифодаланган жиноятни яшириш, ёлғон кўрсатув бериш ва жиноятни яшириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган нормалар билан жиноятлар мажмуини ташкил этади60. Ҳуқуқшунос олим А.А.Отажоновнинг фикрича, бундай ҳолатда жиноятларнинг идеал мажмуи белгилари мавжуд бўлмайди, балки умумий ва махсус нормалар рақобати мавжуд бўлади. Ушбу масала юзасидан В.Н. Кудряцевнинг таъкидлашича, жиноий-ҳуқуқий нормалар рақобати мавжудлигида Махсус қисмнинг бир нечта моддаларида мазкур қилмиш белгиларини ташкил этувчи белгилар акс этади, аммо барча қилмишлар ушбу нормаларнинг биттаси билан тўлиқ қамраб олинади. Жиноятлар мажмуи учун эса, бирор бир норма қилмишни тўлиқ ўзида қамраб олмаслиги хосдир, унга фақатгина мазкур норма билан бирга икки ёки ундан ортиқ Махсус қисм нормаларини қўллаш йўли билан тўғри ҳуқуқий баҳо бериш мумкин61. Демак, бундай ҳолатлар хеч қачон жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилинмайди, балки махсус норма каби ҳуқуқий баҳо беришни талаб этади.
Муаллифларнинг мазкур фикрга қарши бўлган иккинчи йўналиш, бу жиноятни яширишни ақлий турини тўлиқ инкор қилишга қаратилган фикрлар ташкил этади62. Ушбу йўналишдаги қараш тарафдорларининг фикрларини умумлаштириб, З.Х.Гулямов уларга қўшилган жиноятни яширишга нисбатан, махсус норма сифатида ёлғон хабар бериш ва ёлғон гувоҳлик бериш, умумий ва махсус нормалар рақобати бўйича квалификация қилиш қоидаларига мувофиқ ҳолда қилмишни махсус норма бўйича квалификация қилиш керак63 – деб баҳолайди. Биз ҳам мазкур тавсияни тўғри деб ҳисоблаймиз. Ундан ташқари, таъкидлаш жоизки, ушбу махсус нормалар жиноятни яшириш учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан таққослаганда енгилроқ жазони назарда тутади, чунончи А.С. Якубовнинг таъкидлашича, жиноят қонунида махсус нормаларнинг мавжудлиги айрим ҳолларда махсус норма бўйича жиноий жавобгарлик масалаларини ҳал этишда, яъни умумий норма билан таққослаганда жазони – енгиллаштириши ёки оғирлаштириши билан шартланади64.
Ҳуқуқшунос олим А.А.Отажоновнинг фикрича, Олдиндан ваъда берилган ҳолда жиноятни яшириш билан, олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яширишнинг ўзаро фарқи шундаки, жиноятда иштирокчиликнинг ёрдамчи тури каби баҳоланаётган жиноятни яширишга розилик бериш жиноятни содир этишга қадар ёхуд жиноятни содир этиш вақтида юз беради. Олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яширишдаги розилик эса жиноят тугалланганидан сўнг берилади. Ҳуқуқшунос олим А.А.Отажоновнинг юқорида таъкидлаганидек интелектуал жиноятни яшириш муаммоси бўйича келтирилган тавсиялар мазкур жиноятни оддий таркибли жиноят сифатида қараш билан шартланган. Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яшириш фикримизча, оддий таркибли жиноят сифатида қаралмайди ва бу жиноятнинг объектив томонининг ўзига хослиги билан баҳоланади. Ҳуқуқшунос олим А.А.Отажоновнинг таъкидлаганидек, жиноятни яширишни, ЖКнинг 31-моддаси асосида мураккаб таркибли жиноят сифатида баҳолаган эдик, яъни унда бир қанча жиноий қилмишлар белгилаб қўйилган. Жиноят ҳуқуқи доктринасида икки ёки ундан ортиқ жиноий қилмишларни ташкил қилувчи қилмишлар, фақат уларнинг мажмуи ҳолатларидагина ижтимоий хавфлиликни ташкил этиши ҳақида таъкидланган.
Ҳуқуқшунос олим А.А.Отажоновнинг фикрича, бу биринчидан, жиноят содир этилгандан сўнг жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга розилик бериш, иккинчидан, ушбу қилмишларни бирортасини жисмоний амалга ошириш. Биринчи ва иккинчи қилмишлар айрим ҳолларда вақти бўйича мос келади, шунинг учун жиноятни яшириш айримлар муаллифлар томонидан оддий таркибли жиноят сифатида қабул қилинади. Бироқ, бу жиноятни яширишдаги мазкур розилик бериш ва вақт ўртасидаги узилиш имкониятларини билдирмайди ҳамда ушбу қилмишдаги ҳаракатлар бевосита жиноятни яширишга йўналтирилади. Шунинг учун бундай ҳолларда агар шахс жиноятчини яширишга розилик берса ёки бошқа муқобил ҳаракатларни амалга оширса, бироқ муайян бир сабаблар юзасидан жиноятни яшириш бўйича ҳаракат қилишга жисмонан улгурмаса, унда интилектуал яшириш ҳақида сўз боришга ҳар қандай асослар мавжуд бўлади. Шундай қилиб, олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яшириш фақатгина, жиноят содир этилиб бўлгандан сўнг ва бир вақтнинг ўзида яшириш бўйича жисмоний ҳаракатлар билан ифодаланмаган, жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга розилик бериш каби ягона кўринишда мавжуд бўлиши мумкин холос. Бундай жиноятни яширишнинг интелектуал турини ташкил қилувчи қилмиш, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширишга суиқасд қилишни ташкил этади.
А.А.Отажонов томонидан тавсия қилинган Интелектуал жиноятни яшириш тушунчаси, бу каби жиноятдан ихтиёрий қайтиш имкониятлари ҳақидаги масалани тўғри ҳал этишга имкон яратади. Албатта олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширишда, бундай яшириш бўйича аниқ жисмоний ҳаракатларни амалга оширгунга қадар уни амалга оширишни инкор этиш ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин. Агарда шахс жиноят содир этилгандан сўнг, жиноятни яшириш юзасидан муайян ҳаракатларни амалга оширишга розилик бериб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра қилмишини охирига етказмаган бўлса, қилмишни олдиндан ваъда берилмаган ҳолда ЖК 25-м., 2-қ., ва 241-м., 2-қ. бўйича жиноятни яширишга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
Юқоридагилардан ташқари шуни ҳам айтиш лозимки, амалдаги жиноят қонунчилиги жиноятни яширишнинг иккита турини назарда тутади: 1) олдиндан ваъда берган ҳолда жиноятни яшириш; 2) олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яшириш.
Юридик адабиётларда олдиндан ваъда берган ҳолда жиноятни яширишни жиноятда иштирокчилик деб баҳолайди, жумладан, Л.Д. Гаухманнинг фикрича, «олдиндан ваъда қилинмаган яшириш, олдиндан ваъда қилинган яширишдан фарқ қилади. Олдиндан ваъда қилинган ҳолда жиноятни яшириш қонун чиқарувчи томонидан жиноятда иштирокчилик деб баҳоланади, олдиндан ваъда қилинмаган яширувчилик эса жиноятга дахлдорликнинг мустақил шаклидир, яъни у қасддан қилинган ҳаракат бўлиб, бошқа шахс содир этган жиноят билан муайян боғлиқликда бўлсада, лекин у жиноятнинг бажарувчилари ва бошқа иштирокчиларига ёрдам бермайди. Иштирокчиликни ташкил этадиган яшириш ва дахлдорлик орасидаги тафовут шундаки, дахлдорликда жиноятни яшириш учун қилинадиган ваъда жиноят содир этилганидан сўнг амалга ошади ва шу боисдан жиноят уни яшириш билан сабабий боғлиқликда бўлмайди»65. Жиноятда иштирокчиликни тури бўлмиш ёрдамчининг белгилари ва қилмишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28-моддаси, бешинчи қисмида белгиланган ва унга асосан, «жиноят содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, шунингдек бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берган шахс ёрдамчи деб топилади» деб белгилаб қўйилган. Қонун чиқарувчи ёрдамчининг аниқ ҳаракатларини назарда тутувчи мазкур қонунчилик нормасида, ёрдамчининг жиноятни яшириш борасидаги қилмишларини, белгиларини аниқ қилиб белгилаб берган. Шунинг учун шахснинг қилмишини ёрдамчи деб баҳолаш учун унинг қилмиши ЖКнинг 28-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этганлигини аниқлаш, уни ёрдамчи деб топиш учун асос бўлиши мумкин холос. Агар шахс ЖКнинг 28-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этмаса, уни биз ёрдамчи деб топишимиз мумкин эмас. Шу билан бирга айтиш мумкинки, бизни қизиқтираётган жиноятни яширишнинг қилмишлари жиноят қонунида ёрдамчининг белгиларини ёритиб берувчи нормада таъкидланмаган, қонун фақат юқорида назарда тутилган қилмишларни амалга ошириш тўғрисида «олдиндан ваъда берган» шахсни қилмишларини ёдрамчи деб назарда тутмоқда. Мазкур норманинг тузилиши бевосита жиноятни яширишнинг белгиларини тўлиқ ўзида қамраб олмаяпти. Чунончи, ЖК 28-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ олдиндан ваъда берилган ҳолда жиноятни яшириш, яъни жиноят содир этган шахсни, жиноят қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ва жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни бевосита олдиндан ваъда берган ҳолда яшириш ҳолатлари ёрдамчининг қонунчилик тузилишига асосан мазкур норма таркиби билан қамраб олинмайди ва бундай қилмиш қонунчилик нуқтаи назаридан шарҳласак, жиноятда иштирокчилик ҳисобланмайди. Ҳуқуқшунос олим А.А.Отажоновнинг фикрича, жиноят қонунчилигидаги бу каби муаммони бартараф қилиш ва Жиноят кодексининг 4-модда қонунийлик принципи талабларини амалга ошириш мақсадида, Жиноят кодексининг 28-моддаси, бешинчи қисмида белгиланган ёрдамчининг тушунчасини қуйидаги тузилишида ишлаб чиқиш лозим деб, яъни жиноят содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда берган ҳолда яширганлик, шунингдек бундай нарсаларни олдиндан ваъда берган ҳолда олганлик ва ўтказганлик ёрдамчи деб топилади.
Қонун чиқарувчи ЖКнинг 241-моддаси, 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томонини ташкил этувчи у ёки бу аниқ усулларини чегаралаб қўймаган. Ҳақиқатда шахс айбдорга жиноят содир этилган жойдан хеч қандай тўсиқларсиз чиқиб кетиши лозим бўлган зарур маълумотни бериш йўли билан кўмаклашиши мумкин. Жиноят ҳуқуқи назарияси ва суд амалиёти жиноятни ва жиноятчини яширишга ақлий кўмаклашиш ҳолатларини мавжуд эканлигини баҳолайди.
Жиноят қонунчилиги, тайёрланаётган, содир этилган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ҳокимият органларига хабар беришликни фуқароларнинг мажбуриятига киритади ҳамда жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яшириганликни таъқиқлаб қўяди. Конунчилик ушбу тақиқни ўрнатиш орқали фуқароларга нисбатан буюрувчи вазифани юклаб, тайёрланаётган, содир этилаётган, содир этилган жиноятлар ҳақида ҳокимият идораларини ёки масъул ходимларини хабардор қилишларини уларнинг мажбуриятига киритади, ҳамда фуқароларга мурожаат қилиб ушбу жиноятларни содир этилмаслигини белгилайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш билан боғлиқ жиноятларни фарқлашдада юқоридаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилиши шахснинг айбдорлик масаласини ҳал этишда ҳамда жиноятларни тўғри баҳолашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |