КИРИШ.
Битирув малакавий ишидаги тадқиқотнинг долзарблиги. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг асосий вазифаси – шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, мулк, табиий муҳит, тинчлик ҳамда инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни Конституция ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир. Ушбу вазифаларни бажариш жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарликни, инсон ва унинг ҳуқуқи, эркинликларини таъминлаган ҳолда такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ушбу жиноятнинг, шунингдек, хабар берилмаган ёки яширилган жиноятларни олдини олишда жиноятларнинг латентлик даражасини кескин пасайтиришга ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигига эришишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасини келгусида ривожлантириш Ҳаракатлар стратегияси бўйича 2017-2021 йилларда давлатимиз ривожланишининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши кураш ва жиноятларни профилактика қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш, суд жараёнида тортишув принципининг амалга оширилишига тўлиқ эришиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳисобланади1. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарлик ва унда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, такомиллаштириш юқорида келтирилган йўналишнинг долзарб масалаларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «...халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак»2. Мазкур жихатдан инсон ва унинг ҳуқуқи, манфаати ва эркинликлари, халқ билан мулоқот қилиш зарурати давлат органлари ва шахс ўзаро муносабатларида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун белгиланган жавобгарликнинг аҳамияти юқори бўлиб ҳисобланади. Амалдаги Жиноят кодексида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятга дахлдорликнинг шакли сифатида белгиланган, лекин аниқ бир тушунча шакллантирилмаган. Ҳали ҳанузгача олимлар ўртасида бу билан боғлиқ баҳс-мунозарали ҳолатлар мавжуд. Айнан жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишни дифференциялаш лозим. Жиноят ҳақида хабар бермаслик бошқа турдаги жиноятларнинг латентлик даражасини оширибгина қолмасдан балки жиноят содир этган шахсларни хулқ-атворига салбий таъсир қилиб, жазонинг муқаррарлигига нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси»нинг «Жиноят қонунчилигини такомиллаштириш» бўлими 1-боб 3-бандида «Жиноят кодексидаги фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий бўшлиқлар, қарама қаршиликлар ва «оқ доғлар»ни бартараф этиш», 2-боб 1-бандида «Жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характерини белгиловчи муқобил кўрсаткичларни жорий этиш орқали жиноятларни таснифлаш тизими ва мезонларини қайтадан кўриб чиқиш», 2-бандида «Жиноят содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигининг ишончли кафолатини таъминлаш», 3-боб 1-бандида «Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг алоҳида таркибини босқичма-босқич жиноий юрисдикциядан чиқариш сиёсатини давом эттириш» каби вазифалар қўйилиб, Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепциясини самарали амалга оширишнинг пировард натижасида «Қонун устувор – жазо муқаррар» тамойили ҳаётга тўлиқ тадбиқ этилиши лозимлиги белгиланган3. Ушбу Қарор жиоят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарликни такомиллаштириш учун ҳуқуқий асос бўлиб ҳисобланади, албатта. Жиноятчиликнинг умумий статистикасида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятини содир этган шахсларга нисбатан 2014 йилда тамомланган ишлардан 71.4 % га ҳукм чиққан, 28.6 % эса тугатилган, 2015 йилда тамомланган ишлардан 87.4 % га ҳукм чиққан, 12.6 % эса тугатилган, 2016 йилда эса тамомланган ишлардан 93.3 % га ҳукм чиққан, 6.7 % тугатилган (1-илова). Ушбу статистика ушбу жиноятни содир этган шахслар динамикасининг 2014 йилга нисбатан 2015 йилда 16 % га, 2015 йилга нисбатан 2016 йилда эса 5.9 % га ўсганлигини кўрсатмоқда4 (2-илова). Ушбу стататистик маълумотлар ушбу жиноятнинг ҳозирги кунда нақадар долзарблигини қўрсатади. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ички ишлар органлари фаолиятига баҳо беришда жиноий ишларни одилона ва сифатли тергов қилиш, шахснинг жиноий қилмишига муносиб адолатли ҳуқуқий баҳо бериш муҳим ўрин тутади5. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарликнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқароларнинг қонунларга итоъат қилишлари ва воқеа-ҳодисаларга нисбатан лоқайд ёки бепарво бўлмаслик даражалари билан белгиланади. Бу борада биринчи Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида: «...Бировнинг ҳаётига ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ходисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамлардан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон, ҳеч қандай яҳшилик чиқмайди, чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди»6 дея таъкидлайди. Шубҳасиз, ҳар бир шахснинг теварак-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиши ва уларга нисбатан дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилганларини очиш ҳамда унга қарши курашишда улкан замин яратади. Афсуски, бу нафақат ушбу турдаги жиноятлар латентлик даражасиниг ошиб бораётганлигидан далолат беради, балки айбдорларнинг одил судлов органларидан яшириниши ва уларга нисбатан қонунда белгиланган таъсир чоралари самарали белгиланмаётганлигини ҳам кўрсатади. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишнинг юқори латентлиги, бошқа жиноятлар ва уларни содир этган шахсларнинг фош этилишини ҳам мураккаблаштиради. Бошқача қилиб айтганда, бошқа жиноятларни очиш ва ўз вақтида судга юборишнинг асосий омиллари кўп жиҳатдан жиноят ҳақида хабар бермаган ёки уни яширган шахсларнинг хулқ-атвори ва уларнинг хатти-ҳаракатига ёки ҳаракатсизлигига боғлиқ бўлади. Бу билан боғлиқ жиноятларнинг субъектив томонини аниқлашда ҳам хатолар мавжуд. Хусусан, қилмишни жиноят субъекти қасдининг хусусияти ва йўналишини, жиноят мотивлари ва мақсадларини аниқлаш билан боғлиқ равишда квалификация қилиш мобайнида тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Юқорида кўрсатилган ҳолатлар ва амалдаги жиноят қонунчилигининг қоидалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига асосланган муаммоларнинг назарий жиҳатдан таҳлил этилмаганлиги ушбу мавзуни тадқиқ этишнинг долзарблигини белгилаб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |