1-§. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш тушунчаси ва ижтимоий хавфлилиги.
Жиноят кодексининг 31-моддаси «Жиноятга дахлдорлик» деб номланган бўлиб, унинг тушунчаси ва жиноий-ҳуқуқий белгилари ҳамда шакллари тўлиқ ёритиб берилмаган. Мазкур нормада фақатгина «Жиноят ҳақида хабар бермаслик» ва «Жиноятни яшириш» ҳақидаги белгилари ёритилган холос. Бу эса жиноят қонунчилигида ҳали бу норманинг тўла шакллантирилмаганлигидан далолат беради. Мамлакатимиз ҳамда бошқа давлат олимлари ўртасида бу билан боғлиқ баҳс-мунозарали ҳолатлар мавжуд. Жумладан, баъзи муаллифлар, «Жиноятга дахлдорлик - бу содир этилаётган ёки содир этилган жиноятларни яширишга йўналтирилган жиноятда қатнашмаган шахсларнинг қасддан қилинган фаолияти, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноятни очиш ва фош этишда ёрдам кўрсатмаганликда намоён бўлган қасддан қилинган фаолиятдир»8 деб таъкидласалар, айримлари «Жиноятга дахлдорлик деганда, бошқа шахслар томонидан содир этилаётган жиноятда қатнашмасдан туриб, уларга алоқадорлик тушунилади», деган фикрларни билдиришган9. Жиноят кодексининг 241-моддаси биринчи қисмида « тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик» учун жиноий жавобгарлик белгиланади. Аммо, ушбу жиноят учун жавобгарлик чораларини белгилашда назария ва амалиётда ҳамда у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатлари мазкур норманинг мақсадга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилмаган. Тайёргарлик кўрилаётган, содир этилган ёки содир этилаётган жиноятлар ҳақида ўз вақтида ваколатли органларга хабар берилмаса, албатта, ушбу жиноятларни фош этилиши мураккаблашиб, фош эитлмай қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин ва айбдорлар учун жиноий жавобгарлик белгиланмай қолади10. Жиноят кодексининг 241-моддаси иккинчи қисмида эса «оғир ёки ўта оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яшириш» учун жавобгарлик белгиланган. Олдиндан ваъда берилган ҳолда ёки ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яшириш унинг ижтимоий моҳиятини ўзгартирмайди, бироқ жиноий-ҳуқуқий нуқтаи назардан у алоҳида аҳамиятга эга. Жиноят кодексининг 241-моддаси иккинчи қисми, ҳар қандай ҳолатдаги жиноятларни яшириш учун жиноий жавобгарликни белгиламайди. Бу унинг тушунчасини шакллантиришда аҳамиятли ҳисобланади. Амалдаги жиноят кодексига биноан жиноятга дахлдорликнинг шакллари сифатида фақатгина «Жиноят ҳақида хабар бермаслик» ҳамда «Жиноятни яшириш» белгиланган. Бизнинг фикримизча, уларни тушунчасини шакллантиришда «жиноятга йўл қўйиш»ни четлаб ўтиб бўлмайди. Ваҳоланки, уларни жиноятга дахлдорликнинг шакллари сифатида белгилаб, жиноятга дахлдорликнинг ўзига умумий тушунча шакллантириш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз. Жиноятга дахлдорлик – бу содир этилган жиноятга алоқадор жиноий қилмиш бўлиб, ўзига хос белгиларга эга. Бу, биринчидан, иштирокчиликдан тубдан фарқ қилади, иккинчидан, ўзига хос бир қатор мустақил белгилари мавжуд. Юридик адабиётларда олдиндан ваъда қилинмаган ҳолда жиноятни яшириш, хабар бермаслик ва жиноятга йўл қўйишни жиноятга дахлдорлик шаклларига бирлаштириш билан боғлиқ бир қанча фикрлар, ғоялар илгари сурилган. Жумладан, А.А. Пиантковскийнинг фикрича: «содир этилган асосий жиноятнинг сабабларидан бири ҳисобланмаган ва жиноятнинг бажарувчиси томонидан содир қилинган жиноят оқибатида вужудга келган ҳолат жиноятга дахлдорлик деб номланиб, у жиноятни яшириш, жиноятга йўл қўйиш ва хабар бермаслик шаклида намоён бўлади»11. Б.А.Аҳмедов ҳам ушбу фикрга қўшилиб, дахлдорликнинг турларига олдиндан ваъда қилинмаган яширувчилик, хабар бермаслик ва йўл қўйишни киритади12. Улардан ташқари, Р.Кабулов, А.С. Якубов, К.Ш. Курманов, З.Х. Гулямов13 ва бошқалар юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлайдилар. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, юқоридаги фикр тарафдорлари ҳисобланмаган ҳуқуқшунос олимлар ҳам бор. Масалан: А.Н. Трайнин «жиноятга дахлдорлик шаклларига фақат жиноятни яшириш ва хабар бермаслик турлари хос, жиноятга йўл қўйишни эса ҳокимият бошқарув соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳаракатсизлик деб баҳолаб, унда дахлдорлик шаклига ўрин қолмайди»14 деб таъкидлаган. Г.Виттенберг ва П.Панченколар эса тайёрланаётган (содир этилган) жиноят ҳақида хабар бермаслик билан жиноятга йўл қўйишни бирлаштириш зарур15 деган ғояни илгари суришган. И.А.Бушуевнинг фикрича, жиноятга дахлдорлик – бу содир этилаётган ёки содир этилган жиноятларни яширишга йўналтирлган жиноятда қатнашмаган шахсларнинг қасддан қилинган фаолияти, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига жиноятни очиш ва фош этишда ёрдам кўрсатмаганликда намоён бўлган қасддан қилинган фаолиятдир16. Б.А.Аҳмедовнинг фикрича дахлдорлик деб, жиноят содир қилиниши билан боғлиқ бўлган аммо унга ёрдамчилик ҳисобланмаган ва жиноий оқибат келиб чиқишига сабаб бўлмаган фаолиятга айтилади17 деб таърифлайди. А.С.Якубовнинг фикрича, жиноятга дахлдорлик деб бошқалар содир этган жиноятда қатнашмаган, лекин у билан боғлиқ бўлган шахснинг қасддан қилаинган хатти-ҳаракатига айтилади18. Профессор М.Х.Рустамбоевнинг фикрича «жиноятга дахлдорлик – бу жиноий дахлдорликнинг жиноят ҳақида олдиндан ваъда бермаган ҳолда хабар қилмаслик, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятчини яширганлик ва олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятга йўл қўйганликда ифодаланувчи бажарувчининг қилмиши билан сабабий боғланишда бўлмаган шаклидир»19.
А.А.Отажоновнинг фикрича, жиноятга дахлдорликнинг шаклларини ягона умумий тушунчага мужассамлаштирган қуйидаги тўрт ҳолат асос бўлиб хизмат қилади:
Биринчидан, жиноятга дахлдор шахсларнинг ижтимоий хавфлилиги ҳар доим содир этилган жиноят билан боғлиқ бўлиб, жиноятда иштирокчиликни ташкил қилувчи белгилар мавжуд бўлмаслигида акс этади.
Ушбу боғлиқлик қуйидаги ҳолатлар билан белгиланиши мумкин. Яъни шахснинг тайёрланаётган, содир этилган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида аниқ билиши ва жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яшириши, тайёрланаётган, содир этилаётган жиноят ҳақида тегишли идораларга хабар бермаслиги, шундай имконияти бўла туриб содир этилаётган жиноятга тўсқинлик қилмаслигида намоён бўлади. Жиноятга дахлддор шахсларнинг хатти-ҳаракати ( хулқ-атвори), жиноятни яшириш, хабар бермаслик ва жиноятга йўл қўйиши, содир этилган жиноят билан боғлиқ бўлади. Яъни тайёрланаётган, содир этилаётган ёки содир этилган жиноятга дахлдорлик қилмишнинг мавжуд бўлиши тушунарсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари жиноятга дахлдорлик билан боғлиқ жиноятларнинг барчаси тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган ижтимоий хавфли қилмишларни амалга оширган ёки амалга оширишда кўмаклашаётган шахслар билан олдиндан келишилмаган бўлади. Жиноятга дахлдор шахслар ўз хулқ-атворига боғлиқ ҳолда олдиндан ваъда бермасдан жиноят ҳақида хабар бермайди, уни яширади ёки унга йўл қўяди. Илгари берилган ваъдага кўра хабар бермаслик, жиноятни яшириш ёки жиноятга йўл қўйиш жиноятда иштирокчиликни вужудга келтиради.
Иккинчидан, жиноятга дахлдорлик институти учун умумий ҳисобланган, яъни дахлдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги гарчи содир этилган жиноятга боғлиқ бўлсада, лекин содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш оқибати билан сабабий боғланишда бўлиши мумкин эмас20.
Мен ушбу фикрга қўшилган ҳолда, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш давомида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эмас, балки ЖК нормаларида аниқ белгиланган ўғир ёки ўта оғир жиноятни оқибати билан сабабий боғланишда бўлмаслиги унга жавобгарликни назарда тутишида аҳамиятлидир, деб ўйлайман.
А.А.Отажонов жиноятга дахлдорликнинг учинчи хусусияти сифатида, ушбу фаолиятнинг ҳар доим учинчи шахсларнинг жинояти билан боғлиқ ҳолатда содир этилишини таъкидлаб ўтади21.
Бунда учинчи шахсларнинг ушбу жиноятларни содир этишидаги ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги доирасини белгилаш, яъни жиноятда иштирокчилик мавжуд бўлиши эҳтимоли доирасини белгилаш муҳим бўлиб ҳисобланади.
Жиноятга дахлдорликни мустақил жиноят таркиблари сифатида ажратишнинг тўртинчи мезони, унинг нафақат содир этилган жиноятлар билан бирга, балки тайёргарлик кўрилаётган ва содир этилаётган жиноятларга нисбатан амалга оширилишидир22.
Бунда жиноятнинг объектив томон белгиларига аҳамият бериш лозим бўлади.
Шунинг учун жиноятга дахлдорликни аниқлашда нафақат жиноятнинг тугалланган вақтини, балки жиноятга тайёргарлик кўрилаётган ва унга суиқасд килинаётганлик босқичларини ҳам аниқлаш жиноятга дахлдорликнинг содир этилиши сифатида баҳолаш зарурлигини аниқлашда катта аҳамият касб этади23.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишда суиқасд қилинаётганлик ҳолати билан уни хабар бериш ёки бермаслик чегараси жуда яқин ҳисобланади.
А.А.Отажонов дахлдорлик тушунчасига қуйидагича таъриф беради: «жиноятга дахлдорлик деганда жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, содир этилаётганлиги ёки содир этилганлиги, шунингдек уни содир этган шахслар ҳақида аниқ била туриб ҳокимият органларига хабар бермаслик, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят изларини ёки уни содир этган шахс(лар)ни яшириш, шунингдек, жиноятга қарши кураш ва унинг олдини олиш бўйича мажбурият юклатилган шахс(лар)нинг содир этилаётган жиноятларга тўсқинлик қилмаслиги тушунилади»24.
А.А.Отажоновнинг юқоридаги фикрига қўшилиб ўзимизнинг фикримиз билан умумлаштирган ҳолда қуйидаги якуний тушунчани шакллантириш мумкин деб ҳисоблаймиз: «жиноятга дахлдорлик деганда жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, содир этилаётганлиги ёки содир этилганлиги, шунингдек, уни содир этган шахслар ҳақида аниқ била туриб ҳокимият органларига хабар бермаслик, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят изларини ёки уни содир этган шахс(лар)ни яшириш, шунингдек, жиноятга қарши кураш ва унинг олдини олиш бўйича мажбурият юклатилган шахс(лар)нинг содир этилаётган жиноятларга тўсқинлик қилмасликка қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда жиноятга дахлдорликни шаклларига ҳам тушунчалар шакллантириш мақсадга мувофиқдир. А.С.Якубов ва М.Х.Рустамбоев каби олимлар дахлдорликнинг шакллари сифатида олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яшириш, хабар бермаслик ва жиноятга йўл қўйишни киритадилар25.
М.М.Лапуниннинг фикрича, «ҳозирги замон шароитидан келиб чиққан ҳолда , жиноят қонунига асосан, жиноят содир этиб бўлингандан сўнг у билан боғлиқ ҳолда содир этиладиган жиноятларни ягона тушунча асосида жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олиш ёки ўтказишни жиноятга дахлдорликка бирлаштирган ҳолда, уларнинг барчасини «иккиламчи жиноятлар» деб номлаб, бундай атамани қонунчиликда жорий қилиш лозим»26.
А.А.Отажонов ушбу фикрга қўшилмай « гарчи, муайян ҳолатда таҳлил қилинаётган муаммо нуқтаи назаридан жиноят содир этиб бўлингандан сўнг, у билан боғлиқ ҳолда содир этиладиган жиноят деб қарашга асослар мавжуд бўлса-да, уларни иккиламчи жиноят деб қараш мумкин эмас. Чунки жиноятларга нисбатан биринчи ёки иккинчи каби даража бериш, қилмишга нисбатан нотўғри ҳуқуқий баҳо бериш жиноятларнинг олдини олишда ва бундай жиноятларга қарши курашда уларга нисбатан эътиборсизликни келтириб чиқрадиган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин «27, дея таъкидлайди.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик деб шахснинг тайёрланаётган, содир этилган, содир этилаётган жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда ушбу жиноятларни бартараф қилишга ҳеч қандай тўсиқларсиз харакат қилиши ва ўзига ёки бошқаларга жиддий хавф туғдирмаслик имкониятларига эга бўла туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият ёки ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга ёҳуд жиноятчиликка қарши курашиш учун маъсул бўлган ходимга хабар бермаслигига айтилади28.
Жиноятни яшириш тушунчаси жиноятчини жиноят содир этиш қуроли ҳамда воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик ва содир этилган жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда маъсул ташкилотларга ёки шахсларга хабар бермаслик каби қилмишларни ҳам киритиш керак29.
Жиноятга йўл қўйиш деб маъсул шахснинг Ўзбекистон Рспубликаси Жиноят кодексининг Махсус қисми моддаларида назарда тутилган жиноятларни бартараф қилиш чораларини кўрмаслиги ва норматив ҳужжатларда бажариши лозимлиги белгиланган жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши кураш чорларини бажармасликда намоён бўладиган ҳаракатсизлигига айтилади30.
А.А.Отажнов, жиноятга дахлдорликнинг шаклларини амалда қўллаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида, унинг шакллари номланишига янада аниқлик киритиб, шу нуқтаи назардан қуйидагича белгилайди: 1) жиноят ёки уни содир этган шахслар ҳақида хабар бермаслик; 2) жиноят ёки уни содир этган шахсларни яшириш; 3) жиноятга йўл қўйиш31.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишнинг ижтимоий хавфлилиги жиноят содир этган шахсларнинг уларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларидан қочиши учун имконият яратиб бериши билан изоҳланади. Шунинг учун мазкур жиноятнинг содир этилиши айбдорларнинг жиноий жавобгарликка тортилмай қолишига олиб келади ва уларда жавобгарликсиз салбий хулқ-атворни намоён этиш ҳиссини уйғотади ва жиддий равишда одил судловнинг амалга оширилишини қийинлаштиради32 .
Якуний хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш тушунчасини шакллантиришда юқоридаги фикрларни умумлаштирган ҳолда, Жиноятчиликнинг шахс, жамият ва давлат учун қай даражада хавф солаётганлигини белгилашда, аввало, муайян жиноятга доир жиноий-ҳуқуқий нормаларни илмий жиҳатдан чуқур муҳокама қилиш ва тадқиқотлар олиб бориш тақазо этилади. Чунки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари амалиётининг самарали иш фаолиятини таъминлаш учун қонунларни ҳозирги кун талабларига жавоб берадиган, тушунарли, аниқ ва мукаммал ҳолга келтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Маълумки, жиноят қонунида тайёрланаётган, содир этилган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ҳокимият органларига хабар бериш фуқаролик мажбуриятига киритилади. Шунингдек, қонун жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли ва воситалари, жиноят излари ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширишни тақиқлайди. Қонун бундай тақиқ ўрнатиш орқали, биринчидан, фуқаролар зиммасига тайёрланаётган, содир этилаётган, содир этилган жиноятлар ҳақида ҳокимият идоралари ёки маъсул ходимларга хабар бериш, икккинчидан, ушбу жиноятларни содир этмаслик мажбуриятни юклайди.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик деб шахснинг тайёрланаётган, содир этилган, содир этилаётган жиноятлар ҳақида аниқ билгани ҳолда ушбу жиноятларни бартараф қилишга ҳеч қандай тўсиқларсиз харакат қилиши ва ўзига ёки бошқаларга жиддий хавф туғдирмаслик имкониятларига эга бўла туриб, олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият ёки ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга ёҳуд жиноятчиликка қарши курашиш учун маъсул бўлган идораларга хабар бермаслигига айтилади.
Жиноятни яшириш тушунчаси жиноятчини жиноят содир этиш қуроли ҳамда воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |