III.БОБ. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарлик ва уни такомиллаштириш
1-§. Айрим хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарлик.
Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилиги билан танишиб чиқиш мақсадга муофиқ бўлиб, битирув малакавий иши тадқиқоти натижасида бериладиган таклиф ва тавсияларни, ҳам миллий қонунчилигимиз нуқтаи назаридан, ҳам хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ишлаб чиқиш унинг сифатини оширади.
Бугунги кунда айрим хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши кураш ва одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этадиган нормалар сифатида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш ўзига хос ўринга эга эканлигини кўришимиз мумкин.
Хорижий давлатлар қонунчилигида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш билан боғлиқ масалаларга ўзига хос тарзда ёндашилган.
Чунончи, француз жиноят ҳуқуқи доктринасида жиноятни яшириш ва хабар бермаслик каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Франция жиноят қонунчилигидан фарқли равишда, Германия жиноят ҳуқуқида жиноят ҳақида хабар бермаслик ва уни яшириш учун жавобгарлик Махсус қисм нормаларида назарда тутилган бўлиб, уларнинг ҳар бири мустақил таркибли жиноят сифатида баҳоланади83.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Жиноят кодексида ҳам жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш нормаси мустаҳкамланган бўлиб, Кодекснинг Махсус қисмида назарда тутилган.
Дахлдорликнинг шаклларидан бири бўлмиш жиноятни яшириш, жиноят содир этилгунга қадар жиноятнинг бошқарувчилари ва иштирокчилари билан олдиндан келишиб олмаган ҳолда уларга кўмаклашиш ёҳуд жиноят содир этилгандан сўнг олдиндан ваъда бермаган ҳолда уни яширганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар АҚШ, Германия, Франция, Россия, Япония каби давлатлар жиноят қонунчилигида ўз аксини топган.
Л.В. Лобанованинг ёзишича, олдиндан ваъда берилмаган ҳолда жиноятни яширишнинг объекти одил судларни амалга ошириш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади, бинобарин, бундай қилмишнинг содир этилиши жиноят ва жиноят содир этиган шахсни фош этишда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Жиноят қонуни билан қўриқлашадиган мазкур объектга зарар етказиш ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги ташкил этади. Шу сабабдан ҳам жиноятни яшириш одил судловга қарши жиноятларнинг бири сифатида қаралиши керак84.
Ушбу ўринда таъкидлаш жоизки, кўпгина давлатларнинг, шунингдек мисол тариқасида Австралия Жиноят Кодекси 434-4- ва 434-6-моддаларида одил судловга қарши жиноятларни белгиланган ва жиноятни яшириш ушбу жиноятнинг тури сифатида кўрсатилган85.
Масалан, француз жиноят ҳуқуқи олдиндан ваъда берган ҳолда жиноятни яширишни жиноятда иштирокчиликнинг ёрдам бериш ёки кўмаклашиш шаклларига киритади. Бундан ташқари, айрим ижтимоий хавфли қилмиш содир этаган шахсларни яшириш ҳолатлари иштирокчиликка тенглаштирилади86 . Мазкур ёндашув жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишнинг «жиноятни яшириш» шаклини амалда кенг татбиқ этишга йўналтирилган. Фикримизча, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширишнинг иштирокчилик каби баҳоланиши уни иштирокчиликдан фарқлашда бир мунча муаммоларни келтириб чиқаради. Ундан ташқари, француз жиноят ҳуқуқи жиноятни яширишнинг икки турини фарқлайди, яъни жиноятчини яшириш ва жиноят ёки ҳуқуқбузарлик натижасида олинган мулклардан фойдаланиш, агарда фойдаланувчига мулкнинг келиб чиқиши аён бўлган бўлса, жиноятни яшириш сифатида баҳолади.
Францияда жиноятни яширганлик учун юридик шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. Уларга нисбатан мазкур қилмиши учун яширилган мулк умумий қийматининг максимал даражаси миқдорида жарима солиниши мумкин87.
Жиноятни яшириш учун жиноий жавобгарликни белгилашдаги бундай ёндашувни Германия жиноят қонунчилигида ҳам кузатишимиз мумкин. Унда жиноятни яшириш икки турга: жиноятчини яшириш ва жиноий йўл билан топилган мулкни яширишга бўлинади. Жиноий йўл билан топилган мулкни яшириш, фақт ғаразгўйлик мақсадида содир этилади, деган нуқтаи назардан у «Мулкий жиноий қилмишлар», деб номаланувчи жиноят турига киритилган88. Аммо бизнингча, ушбу жиноятлар ҳар доим ҳам ўзганинг мулкига бевосита зарар етказадиган мулкий манфаатдорлик мақсадида содир эталавермайди. Шунинг учун ҳам, мазкур турдаги жиноятларни жиноят қонунчилигида тизимлаштиришда унинг объектини инобатга олиш лозим.
Япония жиноят ҳуқуқи доктринасида ҳам тадқиқот объекти билан боғлиқ масалалар, яъни жиноятни яшириш Жиноят кодексининг «Давлатга қарши жиноятлар» бўлими «Жиноятчини яшириш ва далилларни йўқ қилиш» бобида ўз аксини топган. Мазкур боб ўз ичига тўртта: жиноятчини яшириш; далилларни йўқ қилиш; 105-моддаси қариндошларга нисбатан алоҳида қоидалар; гувоҳни қўрқитиш каби нормаларни қамраб олган.
Япония Жиноят кодексининг 103-моддасига асосан, жиноятчини яширган шахсга жарима солинади ёки бошқа оғирроқ жазо берилади. Қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочган шахснинг яширинишига ёрдам берган шахслар 2 йилгача мажбурий меҳнат билан озодликдан маҳрум қилиш ёки икки юз минг иен миқдорида жарима билан жазоланади. Мазкур модданинг шарҳида айтилишича, «кўрилаётган жиноят таркиби бўйича жавобгарлик давлат ҳокимиятининг одил судлов соҳасидаги фаолиятига тўсқинлик қилувчи қилмишлар учун белгиланади. Шу боис мазкур нормада назарда тутилган «жиноят содир этган шахс» деганда иши терговда бўлган айбланувчилар ҳамда кимга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган бўлса, ушбу шахсларни тушуниш лозим»89.
Россия Федерацияси жиноят қонунчилигида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш тушунчаси ва белгиларини очиб берувчи алоҳида ҳуқуқ нормаси мавжуд эмас. Фақат ЖК Махсус қисмининг «Одил судловга қарши жиноятлар» бобида жиноятни яшириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, Россия Федерацияси Жиноят Кодекси 316-моддасига биноан жиноятни яшириш деганда, олдиндан ваъда бермаган ҳолда ўта оғир жиноятларни яшириш тушунилади. Ўта оғир жиноятлар туркумига кирмаган жиноятларни яшириш жиноий жавобгарликни тақазо қилмайди. Жиноятни яшириш фақат фаол ҳаракатлар натижасида содир этилиб, у ўзида жиноятчини, жиноятнинг қурол ва воситаларини, жиноятнинг излари ёхуд жиноий йўл билан топилган предметларни яширишни акс эттиради. Аслида жиноятчини яшириш – жиноят содир этган шахсни беркитиш, яъни бошпана ёки траспорт воситасини тақдим қилиш, ташқи қиёфасини ўзгартириш, уни қалбаки ҳужжат, паспорт ва бошқа нарсалар билан таъминлашдир90.
Хорижий давлатлар қонунчилигида жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш билан боғлиқ масалаларни ёритишда унинг ўзига хос хусусиятларидан бири – жиноят ҳақида хабар бермаслик. Ушбу ҳолат тадқиқот объектининг барча қирраларини очиб беришга асос яратиб, мазкур тушунчани илмий нуқтаи назардан тадқиқ этишга туртки беради. Жумладан, Франция жиноят қонунчилигида хабар бермаслик суднинг фаолиятига тажовуз қилувчи мустақил ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Англияда шахс жиноят тўғрисида муайян моддий рағбатлантириш эвазига хабар бермасагина бунинг учун жавобгарлик белгиланади91. Агар хабар бермаслик моддий рағбатлантириш эвазига амалга оширилмаса, мамлакат қонунчилиги жиноий жавобгарликни кўзда тутмайди.
Бундан ташқари, Франция, Англия, Япония ва Россия каби хорижий давлатлар қонунчилигида олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширганлик учун жавобгарликка тортилмайдиган шахсларнинг доираси белгилаб берилган. Чунончи, Францияда жиноятни яширганлик ва хабар бермаганлик учун яқин қариндошлар ва эр-хотин, эр-хотиннинг ака-укалари, опа-сингиллари, асосий жиноятни содир этиган шахслар жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.
Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 316-моддасига кўра ҳам, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноятни яширган эр-хотин ёки унинг яқин қариндошлари (ота-оналар, фарзандлар, фарзандликка олинганлар ва фарзандликка олганлар, туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, буви ва бувалари ва неваралар) жавобгарликка тортилмайди92.
Ушбу ўринда таъкидлаш жоизки, кўпгина давлатларнинг, масалан, Австралия Жиноят Кодекси 299§, Швейцария Жиноят Кодекси 305 Art., Франция Жиноят Кодекси 434-4 ва 434-6-моддалари алоҳида бобларда одил судловга қарши жиноятларни белгилаган ва жиноятни яшириш ушбу жиноятни тури сифатида кўрсатилган.
Шу жумладан, шубҳа уйғотган шахслар ҳақида ваколатли органларга хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган ҳолатни Германия мисолида кўришимиз мумкин. Германия ҳукумати томонидан 1993 йил 25 октябрда қабул қилинган ва ҳозирги кунда амалда бўлган «Пул қимматликларини легаллаштириш ҳақида» (GWG)ги қонуннинг 17-параграфида пул қимматликлари воситаларини айлантиришда шубҳа уйғотган шахслар ҳақида ваколатли органларга хабар бермаслик тўғрисидаги қонун талабларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган93. Демак, Германияда хабар бермаслик учун нафақат жиноий жавобгарлик, балки маъмурий жавобгарлик ҳам назарда тутилганлигини кузатиш мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, юқорида санаб ўтилган айрим хорижий давлатлар жиноят қоунунчилигининг жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш учун жавобгарлик ва уни жиноятчиликка қарши курашдаги фаолликни илмий нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, миллий қонунчиликка жорий этиш, жиноят қонунчилигини, инсон ҳуқуқларини турли тажовузлардан ҳимоялаш мақсадида такомиллаштиришни тақазо этади.
Шу боис, амалдаги жиноят қоунчилигимиздаги жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишни инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминловчи халқаро тамойилларга, миллий қадриятларга асосланиб ҳамда инсонни олий қадрият сифатида тан олган ҳолда такомиллаштириш зарур деб ҳисоблаймиз.
Хулоса қилиб айтганда юқоридагиларни инобатга олиб қуйдагиларни амалга ошириш, яъни бунинг учун:
биринчидан, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишнинг тушунчасини амалдаги жиноят қонунчилигимизда янада мақсадга мувофиқлаштириш;
иккинчидан, олдиндан ваъда бермаган ҳолда жиноят ҳақида хабар бермаслик ва уни яширганлик учун унинг алоҳида хусусиятларини инобатга олган ҳолда жавобгарликни индивидуаллаштиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |