СЕЗГИЛАРНИНГ ЎСИШИ
Бола она қорнида 7-9 ойлик бўлган чоғларидаёқ унинг барча сезги органлари анча ўсиб етилган бўлади. Аммо бундан, бола дунёга келган ҳамоно теварак-атрофдаги нарсаларни катта ёшли кишилар билан баб-баравар идрок қила олар экан, деган маъно келиб чиқмайди.
Болаларнинг сезги органлари тажрибага, тарбияга қараб ўсади, мустаҳкамланади, сезиш қобилияти мукаммаллашади. Гўдак боланинг сезгиларини бирон қўзғовчига жавобан кўрсатадиган реакцияларига қараб билиб оламиз, холос. Шу реакцияларга қараб, бола ҳаётининг дастлабки кунлариданоқ унда иссиқ ва совуқни тери сезгиси билан сезиш қобилияти бор деб айтиш мумкин. Тегишга жавобан бўладиган реакциялар ҳам анча яққол кўринади. Болада таъм билиш сезгилари ҳам бўлади: болада ширин эритмага (қандга) бир бошқа, аччиқ эритмага (хининга) бир бошқа реакция бўлади.
Бола дунёга келган дастлабки кунларданоқ ёруғликнинг ўзгаришига қараб, кўз қорачиги тораяди ёки кенгаяди. Аммо бола кўз ҳаракатларини ҳали мувофиқлаштира олмайди (кўзини тута олмайди): бир кўзи бир томонга, иккинчи кўзнинг иккинчи томонга қараб туриши, бир кўзини очиб иккинчи кўзини юмиб ётиши мумкин. Бола ҳар нарсага тикилиб тура олмайди. Бола таҳминан иккинчи ой охирида нарсаларга тикилиб қарайдиган бўлади; шу вақтда бола тикилган нарсаси четга сурилса, уни кўзлари билан биринчи марта қидира бошлайди. Беш ойлик бола ёрқин рангларни анча айирадиган бўлиб қолади.
Бола туғилган дастлабки кунларда ҳеч нарсани эшитмайди. Бунинг сабаби шуки янги туғилган боланинг ўрта қулоғига маҳсус модда тўлган бўлади, бу модда товушнинг ўтишига тўсқинлик қилади. Бу модда биринчи хафта давомида аксари шимилиб кетади, бола товушга жавобан реакция кўрсата бошлайди. Авваллари бола фақат товушнинг кучига жавоб берса, икки-уч ойлигида товушнинг қай томондан келаётганлигини била бошлайди ва товуш келган томонга бошини бура бошлайди. Боланииг товушларга сезгирлиги ўса бошлайди, ёқимли ашула ёки музика товушини эшитганда талпиниб суюнади ва, аксинча, қаттиқ товушлар эшитганда, буни ёқтирмаганлигидан чинқиради.
Бола ҳаётининг дастлабки 3-4 ойида сезги органларининг ҳаммаси ўз вазифасини ўтайдиган бўлиб қолади; кейинчалик шу органлар ўсади ва фарқ қилишга доир сезгирлик кучайиши билан сезгилар бир-биридан ажратила бошлайди. Масалан, бола тўрт ёшлигида кўпгина рангларни бир-биридан айиради. Икки-уч яшар болаларда эшитиш сезгиси шу қадар ўсадики, улар айрим кишиларнинг овозларини ва айрим нарсаларнинг товушларини бемалол айириш билан бирга, мураккаб куйларни ҳам айира олади ва энг оддий куйларни айта бошлайди.
Мактабгача тарбия ёшида болаларнинг ҳар хил сезгиларига абсолют сезгирлиги анча юқори даражага етиши аниқланган. Аммо мактабгача тарбия ёшидаги болада фарқ қилишга доир сезгирлик мактаб ёшидаги болага ёки катта ёшли кишига нисбатан ҳали анча заиф бўлади.
Одам болалик давридан бирор фаолиятга киришса, сезгилари яхшироқ ўсади. Мактабгача тарбия ёшида сезгилар, турли ўйинларда ўсади. Бу ўйинларда хилма-хил хоссали ўйинчоқлар катта ўрин тутади. Мактаб ёшида ўқиш, жумладан, моддий нарсаларнииг ҳар хил хоссалари билан танишиш сезгиларнинг ўсишига катта таъсир кўрсатади. Мактаб ўқувчиларида, асосан фарқ қилиш сезгирлиги ўсади. кўриш ва эшитиш сезгирлиги айниқса тез ўсади.
7 ёшдан 10 ёшгача болаларда рангларнинг тусларини сезиш 45 процент ортиши, 10 ёшдан 12 ёшгача болаларда 65 процентгача ортиши олимларининг маҳсус текширишларида аниқланган. Мактаб ўқувчиларини расмга ўргатиш рангларни айириш сезгирлигининг ўсишига катта таъсир кўрсатади.
Мактаб ёшида эшитиш сезгилари ҳам ҳийла ўсади. Рангларни фарқ қилиш сезгирлиги болаларга ашула ўргатиш муносабати билан айниқса кучли суратда ўсади.
Мактаб ёшида ҳаракат малакаларининг вужудга келиши муносабати билан мускул ҳаракат сезгирлиги ҳам ўсади. Маҳсус текширишлардан олинган маълумотларга қараганда, 8 ёшдан 14 ёшгача болаларда бу сезгирлик 50 процентдан зиёд ортади.
Одамнинг меҳнат фаолияти сезгиларнинг ўсишига кучли таъсир кўрсатади. Маълумки, бирон маҳсулотни тайёрлаганда, шунингдек, назоратдан ўтказганда моддий нарсаларга бевосита тегиш (кўриш, эшитиш, пайпаслаб сезиш ва ҳоказо) билан бирга, шу нарсаларнинг сезиб билинадиган айрим хоссаларига катта эътибор беришга тўғри келади, сезги органларининг фарқ қилиш қобилиятига ортиқроқ талаб қилишга тўғри келади.
Модомики шундай экан, мактабда ишлаб чиқариш – меҳнат таълимини амалга ошириш ўқувчиларда сенсор сезгирликнинг турли томонларини ўстиришга ёрдам бериши шубҳасиз.
Сезгиларнинг ўсиши учун жисмоний тарбиянинг муҳим аҳамияти бор. Масалан, аниқ ҳаракатлар қилишга тўғри келадиган машқлар мускул-ҳаракат сезгиларини устиради. Машқ қилиш жараёнида сезгиларнинг ҳамма хиллари ўсади.
Сезгиларнинг очиқ равшан бўлишида нутқ катта роль ўйнайди. Сезгилар сўз – ифодалар билан боғланса, очиқ-равшанроқ бўлиб қолади. Масалан, куй тонлари тегишли терминлар билан ифодаланмаса, уларни эшитишда келиб чиқадиган сезгиларни таърифлаб бўлмайди. Сўз билан ифодаланмаган нарса умумий комплексдан яққол ажралиб турмайди. Одамнинг сезгиси – аниқлиги, равшанлиги, дифференциалланганлиги (бир-биридан ажралганлиги) нутқнинг тараққий этиши билан ўсади ва кўп жиҳатдан нутқ тарбиясига боғлиқ бўлади.
Болаларни тўғри тарбиялаш сезгиларнинг ўсишида катта аҳамиятга эгадир. Боланинг соғлиги ва жисмоний тарбияси ҳақида ғамҳўрлик қилиш, жумладан, сезги органларининг ва сенсор сезгирликнинг ўз вақтида ўсишини таъминлашдан ҳам иборат.
Сезгилар идрок таркибига киради, шу сабабли, болаларда идрокни ўстириш билан уларнинг сезгиларини ҳам ўстирган бўламиз. Мушоҳадани, кузата билишни тарбиялаш - сезги органларини ҳам тарбиялаш демакдир, фарқ қилиш сезгирлигини ҳам ўстириш демакдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |