Умумий Психология
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ
Дарсликнинг янги нашри устоз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
Фан ва теҳника арбоби профессор
Платон Иванович Ивановнинг
ёрқин хотирасига бағишланади
Тўлдирилган ва қайта ишланган
V нашр
Нашр учун масъул ҚДПИ доцент,
Психология фанлари номзоди
Зуфарова М. Э.
Тошкент “Фан” нашриёти. 2007.
“Умумий психология” курси юзасидан чоп этилган ушбу қўлланма
П. И. Ивановнинг китобини янги нашридир.
Аввалги нашрлари “Психология”, Москва, Учпедгиз, 1954, 1956, 1959 (Педагогика олий ўқув юртлари учун қўлланма), “Психология” Учпедгиз, 1957, 1960 (икки нашр), “Умумий псохология” (Ўзбек тилида, Тошкент, 1967йил), “Общая психология”, Тошкент 1967 (икки нашр) йилда чоп этилган.
Масъул муҳаррир: Мирзажонова Д. М.
Психология фанлари номзоди, доцент.
Тақризчилар: Шоумаров Ғ. Б. Психология фанлари доктори,
Профессор.
Обиджонова С. О. Психология фанлари номзоди,
Доцент.
ҚДПИ илмий кенгаши . . . . . февраль . . . . йилда чоп этишга
тавсия этилган.
СЎЗ БОШИ
Ушбу сўз боши «Умумий психология»нинг тўртинчи нашрига автор П.И.Иванов томонидан ёзилган сўз бошининг қисман ўзгартирилган нусхасидир. «Умумий психология» курси юзасидан чиқарилган ушбу қўлланма педагогика институтлари ва университетларининг студентларига, шунингдек ўқитувчиларга ва тарбиячиларга мўлжалланган. Дарслик олий ўқув юртларининг психология дастурида кўзда тутилган талабларга деярли мослаб тузилган.
Дарсликнинг тўрт бўлими бўлиб, бу бўлимларга ўн олтита боб киради. Шунингдек, унинг учта иловаси бўлиб, биринчиси психология тарихига, иккинчиси психологиянинг яқин орадаги вазифаларига учинчиси эса “Ўзбекистонда психология фанининг тараққиёти” га бағишланган.
Умумий психологиянинг биринчи бўлим биринчи бобида психологиянинг нимадан баҳс этиши ҳақида, психика ҳақида сўз юритилади. Психик жараёнларнинг классификацияси ва психик ҳодисаларнинг айрим турлари ҳақида тушунча берилади. Шу билан бирга психиканинг турли-туман барча кўринишлари, шу ҳодисаларнинг анчайин бир йиғиндиси ёки тўплами эмас, балки ягона одамзод онгининг зуҳур этилиши, умуман шахснинг намоён бўлиши эканлиги таъкидланади. Шунингдек, психологиянинг аҳамияти, психик ҳаётни тадқиқ қилиш методлари ҳақидаги таълимот, психик ҳаёт ҳодисаларини ўрганишда объектив йўл тутишнинг муҳимлиги ва экспериментнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилади.
Иккинчи бобда психиканинг нерв-физиологик асослари ҳақида фикр юритилади. Бунда нерв системасининг тузулиши, психик жараёнларнинг биологик негизи бўлмиш юксак нерв фаолияти ҳақидаги И.П.Павлов таълимоти, юксак нерв фаолиятини ўрганишдаги кейинги эришилган муваффақиятлар, ретикуляр формация фаолияти, қайтар алоқа, синапсларнинг роли, психологияда шартли рефлекс методининг аҳамияти каби масалалар баён қилинади.
Учинчи бобда психиканинг тараққиёти ҳақида таълимот келтирилади. Бунда ҳайвонлар психикаси, онгнинг тарихий тараққиёти, ёшга қараб онгнинг ривожланиши ҳақида маълумот берилади.
Ҳайвонлар психикасига одам онгининг тарих боши деб қаралади, одам онгининг келиб чиқишида ва тарихий тараққиётида меҳнат ва ижтимоий ҳаёт шаклларининг роли таъкидланади.
Ёшга қараб онгнинг тараққий этишида таълим-тарбиянинг етакчи роли, ривожланаётган одамнинг ўзи кўрсатаётган фаолиятнинг етакчи роли уқтириб ўтилади. Одам психикаси тарихий тараққиётида сифат жиҳатидан ўзгарганлиги ва одам онгли мавжудод бўлиб, шахс сифатида шакллантирилганлиги уқтирилади. Биринчи бўлимнинг охирида шахс тўғрисидаги умумий маълумот келтирилади, шахснинг асосий белгиларининг ижтимоийлиги, онги, ўз-ўзини англаши, одамга хос бўлган эҳтиёжлар, ижтимоий фаоллик, маълум бир мақсадни кўзлаб иш тутиш, идеаллар (олий мақсадлар), дунёқараш, маслак кўрсатиб ўтилган.
Қўлланманинг иккинчи бўлимида айрим психик функциялар: сезги, идрок, хотира, тафаккур ва шу кабилар баён қилинади. Айни вақтда психиканинг айрим кўринишлари – сезги, идрок, хотира, тафаккур, нутқ, хис, иродага психиканинг қисмлари ёки онг ва шахснинг таркибий қисмлари деб эмас, балки ягона онг кўринишлари – функциялари деб қаралади.
Одамнинг билиш, эмоция ва ирода фаолиятининг айрим кўринишлари «психологик жараёнлар» деган термин билан ифодаланади. Уларни психик функциялар деб аташ маъқулроқ булур эди. Функция тушунчаси мазмун ва ҳажм жиҳатидан кенгроқ-да ахир. Бу тушунча психик жараёнларни ҳам, психик ҳолатларни ҳам, психик маҳсулларни ҳам, шунингдек фаоллик ва иш-ҳаракатларини ҳам ўз ичига олади. Функциялар қандай бўлмасин бутун нарсанинг қисмлари эмас, балки шу бутун нарса ҳаракатининг бир кўриниши демакдир. Модомики шундай экан, психиканинг айрим кўринишлари – сезги, идрок, хотира, хаёл, тафаккур, нутқ, диққат, ҳис, ирода – ягона онгнинг, ягона шахснинг ўзаро чамбарчас боғланган функцияларидир.
Иккинчи бўлимда яна ҳар бир функциянинг умумий психологик тарихи, психик функцияларнинг нерв физиологик асослари, маҳсус қонуниятлари, бошқа психик функциялар билан боғланганлиги, психиканинг умумий структурасида ва одам фаолиятида ҳар бир функциянинг тутган ўрни ва аҳамияти баён қилинади. Психик функцияларнинг ёшга алоқадор ҳусусиятлари, таълим ва тарбияда ана шу ҳусусиятларининг аҳамияти қисқача баён қилинади.
Қўлланманинг учунчи бўлими шахснинг индивидуал ҳусусиятларига бағишланади. Бу бўлимни психология курсининг синтетик (якунловчи) қисми деса бўлади. Бунга темперамент (мижоз), характер, шахснинг лаёқат-қобилиятлари ва қизиқиш-ҳаваслари ҳақидаги таълимот қиради.
Китобнинг тўртинчи қисмида иккита илова бор. Биринчи илова «Психология тарихидан» деб аталади. Ҳар бир фаннинг, шу жумладан психология фани тарихи билан танишиш савия учун муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки у одамнинг психологиясига доир билимини кенгайтириш билан бирга ақлий савиясини ҳам оширади.
Иккинчи илова психология фанининг навбатдаги вазифаларига бағишланади. Ҳаётнинг ҳамма соҳалари жуда тез юксалаётган, фан ва техника мисли кўрилмаган даражада тараққий этаётган ҳозирги замонда психология фанининг ҳам тараққиёт йўллари ва перспективалари ҳақида масалалар ўз аксини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |