Синестезия
Баъзи кишиларнинг сезгиларида синестезия деган ҳодиса кўрилади. Синестезия - икки сезгининг яхлит бир сезги бўлиб қўшилиши демакдир.
Синестезияда сезгилардан биронтаси муайян пайтда бевосита таъсир этувчи қўзғовчига эга бўлмайди, балки қайтарилади. Синестезиянинг кўпроқ учрайдиган формаси «рангдор эшитиш» деб аталадиган ҳодисадир. Бунда товуш сезгиси (шовқин, тон, музикали аккорд) кўриш образини, яъни ёруғлик ёки ранг тасаввурини уйғотади.
Композиторлардан А.Скрябин, Ф.Лист, Н.Римский-Корсаковда «рангдор эшитиш» қобилияти бўлганлиги маълум. Уларга ҳар бир товуш муайян рангли бўлиб туйилган. Масалан, Скрябин «до»да «ирода бахш этувчи қизил ранг» бор,«ре»да «нурафшон сариқ ранг» бор, «ми»да «ҳаво ранг» бор деб ҳисоблаган ва ҳоказо.
Синестезия кишиларнинг таҳминан 12 процентида учрайди, «рангдор эшитиш»- кишиларнинг 4 процентида кўрилади.
Синестезия ҳодисаларини кўрсатадиган айрим сўзларни адабий тилдан топиш мумкин. Масалан, «истараси иссиқ», «башараси совуқ», «юмшоқ кўнгил», «тош юрак», «ширин сўз», «сассиқ сўз» деб гапирадилар ва ҳоказо.
Синестезиянинг моҳияти хали тўлиқ аниқланганича йўқ. Сезгиларнинг ҳар хил турларига хос бўлган ҳиссий (эмоционал) моментнинг умумийлиги туфайли синестезия рўй беради, деб ҳисобланади. Қандай бўлмасин бирон сезги (масалан, товуш сезгиси) бўлганда умумий ҳиссий момент ассоциация йўли билан бошқа бир тасаввурни, масалан ранг тасаввурини туғдиради.
Синестезиянинг физиологик негизи, афтидан, шунда бўлса керакки, бош мия пўстининг айрим марказлари ўртасида шартли боғланиш ҳосил бўлиб, мустаҳкам ўрнашиб қолади.
IV. БИЛИШДА СЕЗГИЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ
Сезги теварак-атрофимиздаги моддий дунёни билишнинг дастлабки шаклидир. Сезгилар воқеий нарса ва ҳодисаларнинг хақиқий хоссаларини акс эттиргани учун ҳам атрофимиздаги моддий оламни била оламиз.
Билишда сезгиларнинг аҳамияти ҳақидаги масалада фанга хилоф, идеалистик қарашлар бўлган эди, бу қараш вакиллари сезгиларни онгимиздан ташқарида мавжуд бўлган нарса ва ҳодисаларнинг образлари эмас, деб даъво қилади. Субъектив идеализм намоёндалари бўлмиш Беркли, Юм, Мах, Авенариус сезгиларни шундай деб ҳисоблар эдилар, уларнинг буржуа философлар орасидан чиққан маслакдошлари ҳам сезгиларни шундай деб биладилар XIX–XX асрлардаги идеалистлар ўзларининг сезгилар ҳақидаги нотўғри, хато қарашларини, жумладан, физиолог Иоганн Мюллер таърифлаб берган-«сезгиларнинг специфик энергияси тўғрисидаги қонун» деб аталувчи қонунга асосланиб оқлаб кўрсатишга уриндилар.
Ўша «қонунга» кўра, сезги қўзғовчининг табиатига боғлиқ эмас, балки қўзғалиш жараёни қайси орган, қайси нервда рўй берса, сезги ўша органга ёки нервга боғлиқ бўлади. Масалан, одам «табиий ёруғлик» деб аталадиган ёруғликнинг кўз тўр пардасига тушиши натижасида кўрмайди, балки кўриш нервининг ўзига хос специфик энергияси ишга солиниши натижасида кўради, И. Мюллер таълимотига кўра, нерв моддаси бир сафар ўзига ўзи нур сочади, иккинчи сафар ўзига ўзи товуш чиқаради, учинчи сафар ўзини ўзи ҳис қилади, тўртинчи сафар ўзини ўзи ҳидлайди ва мазасини тотиб кўради. И. Мюллернинг сезгилар ҳақидаги таълимоти «физиологик идеализм» деб аталади.
И.Мюллернинг шогирди Гельмгольц сезгилар ҳақидаги шу қарашларни жуда очиқ ифодалаб берди. Гельмгольц сезги органларига таъсир этганда сезги ҳосил бўлишини инкор қилмадилар, лекин сезгиларнинг ўзини нарсаларнинг образлари деб ҳисобламадилар, балки нарсаларнинг фақат белгилари – символлари деб билдилар.
Ўрта Осиёнинг эмас, балки умуман яқин ва ўрта Шарқнинг машҳур мутафаккири бўлган Абу Наср Форобий билиш жараёнига катта эътибор берди ва унда сезгиларнинг аҳамияти, сезгиларнинг моддий асоси ҳақида фикр юритди. У «Мажмуар Рассоил ал-Хукамо) асарида (255-бет) «Инсонда унинг бошланғич вужудга келишида (туғилишида) озиқлантирувчи қувват пайдо бўлиб, унинг ёрдамида инсон овқатланади. бундан сўнг унда тери орқали сезиш қуввати вужудга келиб, бу қувват ёрдамида инсон иссиқ, совуқ кабиларни сезади. Сўнг эса шундай қувват вужудга келадики, унинг ёрдамида таъм – маза сезилади. сўнг ҳидни сезишни таъминловчи қувват пайдо бўлади. Ундан кейин эса шундай қувват пайдо бўладики, у орқали ранг, ёруғлик ва барча кўринувчи нарсалар сезилади. Кейин инсонда шундай қувват вужудга келадики, у инсонни сезаётган нарсага диққатини тортади» - деб ёзади. У сезишнинг сифат ва миқдори ташқи объектнинг сезги органларига бўлган таъсири натижасида пайдо бўлиши, ўзгаришини алоҳида қайд қилади.
Сезгилар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Сезги аъзоларига нималардир таъсир этади ва уларнинг образи онгимизда акс этади.
Сезгилар амалиётда текширилади, образларнинг хақиқийлиги ёки сохталиги унда аниқланади. Шу билан бирга, сезгилар айрим бир кишининг тажрибасидагина эмас, балки ижтимоий тажрибада ҳам синалади.
Албатта, ҳар бир сезги органининг «специфик (ўзига хос) ҳусиятлари» бор, лекин бу специфик ҳусусиятлар тирик организмларнииг кўп асрлардан бери эволюцияси (тадрижий тараққийси) уларнинг ташқи қўзғовчилар таъсирини тўлароқ, яхшироқ идрок этишга мослашув учун интилиб келгани натижасида вужудга келган ҳусусиятлардир. Сезги органлари ташқи қўзғовчилар таъсири ту айли ихтисослашган, яъни специфик ҳусусиятлар касб этгандир.
Шундай қилиб, сезги воқей нарсаларда хақиқатан бор хоссаларнинг инъикосидир. Модомики шундай экан, сезги – моддий дунёни билиш манбаидир.
Демак, инсон билимининг манбаи – сезгидир. Чунки инсон ўзининг биринчи ва бошланғич билимларини сезгидан олади. Унинг қолган барча билимлари шу биринчи бошланғич билими асосида вужудга келади. Инсонни объектив муҳит билан боғловчи энг биринчи йўл ҳам сезгилар. Инсон онгининг ташқи олам билан бевосита муносабати амалиёт жараёнида сезиш орқали амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |