Абстракциялаш, умумийлаштириш ва конкретлаштириш
Абстракция – шундай бир фикрлаш жараёнидирки, бунда тафаккурда акс этилаётган бир ёки бир неча объектларнинг бирор белгиси (хусусияти, ҳаракати, ҳолати, муносабати) шу объект ёки объектлардан фикран ажратиб олинади. Бу процессда объектдан ажратилган бир белгининг ўзи тафаккурнинг мустақил объекти бўлиб қолади. Абстракция, одатда, анализ жараёнида ёки анализ натижасида содир бўлади.
Масалан, синфдаги доскани тасвирий анализ қилиш жараёнида унинг фақат бир белгисини – қоралигини ажратиб олиш мумкин ва қора доска тўғрисида эмас, балки досканинг қоралиги тўғрисида, сўнгра эса умуман қоралик тўғрисида фикр қилиш мумкин. Биз одамлар, самолётлар, сув, от ва ҳоказоларнинг кўз олдимиздаги ҳаракатини кузатиб туриб, уларнинг битта умумий белгисини – ҳаракатини фикран ажратиб олишимиз ва умуман ҳаракат тўғрисида фикр қилишимиз мумкин. Чунончи, абстрактлаш йўли билан бизда узунлик, кенглик, миқдор, тенглик, сон, қиймат ва бошқа шу кабилар тўғрисида абстракт тушунча ҳосил бўлади.
Буюмларни бир-бири билан таққослаш чоғида ҳам абстракциялаш жараёни содир бўлади. Бирон муайян жиҳатлар ҳамиша бир-бири билан таққосланади, буюмлар ёки ҳодисаларнинг муайян белгисига (тусига, шаклига, ҳаракатларининг тезлигига ва шу кабиларга) қараб, улар бир-бири билан таққосланади.
И.П.Павлов фикр қилиш фаолиятида абстракциянинг алоҳида аҳамияти борлигини ўқтириб, бундай деган эди:
«Умумийлаштиришга кенг имконият очиб берган сўзнинг алоҳида хусусияти бўлмиш абстракция туфайли биз воқеликка бўлган муносабатимизни вақт, макон, сабабият каби умумий тушунчалар формасига солганмиз»(«Павловские среди», III том, 320-бет)
Нутқ тил бўлганидагина абстракция қилиш мумкин. сўз бўлмаса, ҳеч бир тушунчани ифодалаб бўлмайди.
Умумийлаштириш – тафаккурда акс этган бир туркум нарсаларнинг ўхшаш, муҳим белгиларини шу нарсалар тўғрисидаги битта тушунча қилиб, фикрда бирлаштириш демакдир. Масалан, олмаларда, нокларда, ўрикларда, апельсинларда ва бошқа шу кабиларда бўлган ўхшаш белгилар битта тушунчада бирлашади, биз буни мева деган сўз билан ифодалаймиз. Дарахтлар, ўтлар, гуллар ва бошқа шу кабилар «ўсимлик» деган тушунчада умумийлаштирилади, ўсимлик ва ҳайвонлар «организм» деган тушунчада умумийлаштирилади, ҳарф ва рақамлар «белги» деган бир тушунчада умумийлаштирилади.
Умумийлаштириш тафаккурнинг абстрактлаштирувчи фаолияти билан чамбарчас боғлангандир. Абстрактлаштириш жараёнида айрим нарсаларнинг ўхшаш белгилари аниқланади ва шу ўхшаш белгилар умумийлаштирилади.
Абстрактлаштириш сингари, умумийлаштириш ҳам сўз ёрдами билан ҳосил бўлади. ҳар қандай сўз якка бир нарсани ёки ҳодисани эмас, балки ўхшаш якка-якка объектларнинг кўпчилигини ифодалайди. Чунончи, биз стол деган сўзни айтганимизда, бу билан биз якка-якка кўп столларга тааллуқли бўлган фикрни ифодалаймиз.
Фикрдаги абстрактлаштириш ва умумийлаштириш жараёнлари иккинчи сигнал системасининг специфик, ўзига хос механизмларига таянади. Нутқ сигналлари (суз) туфайли,– дейди И. П. Павлов,– «...нерв фаолиятининг янги тамойили – абстрактлаш ва шу билан бирга, олдинги системанинг беҳисоб сигналларини умумийлаштириш вужудга келадики, бунда ҳам ўз навбатида ана шу умумийлаштирилган янги сигналлар тағин анализ ва синтез, қилинаверади...»1. (Полное собрание сочинений, III том, 2-китоб, 215-бет)
Конкретлаштириш бир жиҳатдан қараганда абстракциялаш ва умумийлаштириш жараёнига қарама-қарши ёки шу процесснинг тескарисидир.
Конкретлаштириш, биринчидан, умумий абстракт белгини якка объектларга татбиқ ёки мансуб қилишда ифодаланади. Масалан, биз «оқ» деганимизда кўз олдимизга қор, қоғоз, пахта ва шу кабилар келиши мумкин. Биз «куч» деганимизда одамни, машинани, ёруғликни ва шу кабиларни тасаввур қилишимиз мумкин. «Тўрт бурчакли» деганимизда бу белги квадратга, трапецияга, параллелограммга, китобларга ва шу кабиларга татбиқ қилиниши мумкин. Иккинчидан, конкретлаштириш умумий ва якка белгилари камроқ бўлган умумийликни очишда ифодаланади. Масалан, биз олма, олхўри, узумни мевалар қаторига; стол, стул, диван ва шу кабиларни мебель қаторига қўшамиз. Умумий фикрларни баён қилиш ва изоҳлаш чоғида биз, одатда, келтирадиган мисолларнинг ҳаммаси конкретлаштиришнинг ўзидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |