Тафаккур – воқеликнинг умумлаштириб акс эттирилишидир. Биз айрим-айрим нарсаларни ва ҳодисаларни, масалан, алоҳида столни ёки стулни идрок қиламиз ва тасаввур қиламиз, аммо умуман стол ва стул тўғрисида, умуман мебель ва умуман нарса тўғрисида эса фикрлашимиз мумкин. Умумийлаш натижасида бир ҳукмнинг ўзида айни вақтда якка бир нарса тўғрисидагина фикр қилиб қолмасдан, балки, шу билан бирга нарсаларнинг бутун бир туркими тўғрисида ҳам фикр юритиш мумкин. Масалан «Ўзбекистоннинг фуқаролари тенг ҳуқуқлидирлар» деган ҳукмда айрим бир киши ҳақида фикр юритмасдан, балки Ўзбекистоннинг ҳамма фуқаролари ҳақида фикр юритилади.
Нарса ёки ҳодисалар ўртасидаги энг муҳим боғланишлар ва муносабатлар тафаккур ёрдами билан очилади. Бундай бир мисолни олиб кўрайлик. Сиз қаламни бармоқларингиз билан столдан 20 сантиметр баландда ушлаб турибсиз. Бармоқларингизни очиб юборсангиз қалам стол устига тушади, унинг тақиллагани (товуши) эшитилади. Биз бу ҳодисаларни бирин-кетин идрок қиламиз ва уларни худди шу тартибда тасаввур қилишимиз мумкин. Лекин биз бунда ҳодисаларнинг маълум вақт ичида бирин-кетин содир бўлишини идрок қиламиз, холос, аммо айни вақтда тафаккур ёрдами билан бу ҳодисаларнинг бир-бирига қонуний боғланишидаги чуқурроқ сабаблар ва бундан келиб чиқадиган натижалар очилади. Биз ҳодисаларнинг бирин-кетин ўтаётганлигинигина қайд қилиб қолавермаймиз, балки биринчи ҳодиса бўлгани учун иккинчи ҳодиса рўй беради, ундан кейинги ҳодисаларнинг ҳар қайсиси (масалан, товуш) олдинги ҳодиса рўй берганлиги учун (қалам столга урилганлиги учун) содир бўлди, деб аниқ қилиб айтамиз ва олдинги ҳодисанинг рўй берганлиги кейин шу ҳодисани муқаррар келтириб чиқарганлигини англаймиз. Бу ҳодисаларда уларнинг маълум бир вақт ичида бирин-кетин содир бўлганлигини идрок қилганимиздан ташқари, улар ўртасида сабаб-натижа боғланиши, яъни қонуний боғланиш бор, деб аниқ қилиб айтамиз. Биз бу сабаб-натижа тариқасидаги боғланишнинг ўзини бевосита идрок қила олмаймиз, уни сезги органларимиз воситаси билан ҳис қилолмаймиз (кўрмаймиз, ушлаб кўрмаймиз, эшита олмаймиз), балки шу боғланиш борлигини идрокимизга асосланиб туриб фикр қилиш йўли билан топамиз.
Сўнгра, айрим ҳодисалардаги сабаб-натижа боғланишлари очилганлигига асосланиб, умумийлаштириш йўли билан воқеликнинг умумий қонуниятларини топиб оламиз.
Масалан, сувнинг яхлаб қолганлигига температуранинг пасайганлиги (0° дан пастга тушиб кетганлиги) сабаб бўлганлиги аниқланган бўлса ва бу ҳодиса бошқа бир қанча ҳолларда ҳам аниқланган бўлса ана шу ҳолларни умумийлаштириш натижасида: «Температура 0° дан паст бўлганида сув ҳамиша музлайди» деган ҳукмда ифодаланган қонун топилган. Ҳодисалар ўртасидаги мавжуд сабаб-натижа боғланишларини билганлигимиз учун, ҳодисаларнинг ўзгариш ва тараққийси қонунларини билганлигимиз учун биз ҳозирги пайтда мавжуд бўлмаган ёки ҳозирги пайтда бизнинг олдимизда рўй бермаган ҳодисаларнинг юз беришини олдиндан айтиб беришимиз мумкин. Масалан, термометрда температуранинг 0° дан паст тушганлигини кўришимиз билан, энди сув музлайди, деб олдиндан айта оламиз. Астрономлар осмондаги жисмларнинг ҳаракат қонунларини билганликлари учун қуёш ёки ой қачон тутилишини расо аниқ қилиб олдиндан айтиб берадилар. Ижтимоий турмушнинг асосчилари очиб берган қонунларини билиш ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг қандай бўлиб боришини олдиндан кўриб туриш имкониятини беради.
Олдиндан кўриш ўз олдимизга мақсадлар қўйишимизга ва шу мақсадларга мувофиқ ҳаракат қилишимизга имкон беради.
Олдиндан кўриш ва атрофимиздаги буюмларнинг хосcаларини билиш туфайли инсониятнинг ҳозирги тажрибаси вужудга келган, бу эса хилма-хил меҳнат билан шуғулланиш имкониятини очиб бермоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |