Анализ ва синтез
Анализ – нарсани (буюмларни, ҳодисаларни, процессни, таркибий элементларга, қисмларга ёки таркибий белгиларга бўлиш демакдир.
Анализ жараёнида бутуннинг унинг қисмларига унинг элементларига бўлган муносабати аниқланади.
Бирор моддий нарсани унинг моддий элементларига ажратиб бўлиш энг оддий шаклдаги анализдир. Столни айрим қисмларга бўлиш– унинг оёқларини, яшикларини ва бошқа шу кабиларини бир-биридан ажратиб олиш мумкин. Химик сувни водород билан кислородга ажратиб юборади. Мана шу ҳолларнинг ҳаммасида анализ нарсалар ва ҳодисалар билан қилинадиган иш-ҳаракатларда ифодаланиши мумкин.
Анализ объектларни амалда ажратиб бўлмайдиган элементларга ёки белгиларга бўлишда ҳам ифодаланиши мумкин. Бу фикрий анализ, яъни фикрда қилинадиган анализдир. Чунончи, столни анализ қилган вақтимизда биз унинг тусини, оғирлиги ва бошқа шу каби белгиларини билиб оламиз. Сувнинг тиниқлигигини, оғирлигини, буғланишини, температурасини, зичлигини ҳам фикран ажратиш мумкин.
Психологияни ўрганаётганимизда биз ҳар бир психик ҳодисани бир-бири билан таққослабгина қолмасдан, балки, шу билан бирга, анализ ҳам қиламиз.
Ўқиш машғулоти вақтида тафаккурнинг анализ қилиш фаолияти катта ўрин тутади. Чунончи, савод ўргатиш, одатда, нутқни анализ қилишдан: гапни сўзларга, сўзларни бўғинларга, бўғинларни товушларга ажратишдан бошланади. Математика масаласини ечиш анализ қилишдан – дастлаб бир қанча маълум сонларни, сўнгра эса номаълум сонларни топишдан бошланади.
Синтез – анализнинг акси ёки тескариси бўлган тафаккур жараёнидир. Бу процесс объектнинг айрим элементларини, қисмларини, белгиларини бир бутун қилиб қўшишдан иборатдир. Синтез жараёнида мураккаб бир бутун нарса, ёки ҳодиса таркибига кирган элементлар, ёки қисмлар тариқасида олинган буюм ёки ҳодисаларнинг шу мураккаб бир бутун нарса ёки ҳодисага бўлган муносабати аниқланади.
Синтез элементларнинг, нарса ва ҳодисаларнинг қисмларини бир бутун қилиб қўшишдан иборатдир, амалий анализ бўлгани сингари, синтез ҳам амалий бўлиши мумкин. Чунончи, машинанинг айрим деталлари бир-бирига тегишли тарзда бириктирилганда, яъни улар синтез қилинганда, яхлит, бутун машина, масалан, одимловчи экскаватор ҳосил бўлади. Кислород билан водороднинг химиявий бирикиши натижасида сув ҳосил бўлади. Мана шу ва шунга ўхшаш ҳолларнинг ҳаммасида синтез фикр қилиш жараёнларида ва иш-ҳаракатларда содир бўладики, бу иш-ҳаракатлар натижасида бир бутун, яхлит моддий нарса ҳосил бўлади.
Анализ сингари, синтез ҳам, фикран бўлиши мумкин, яъни синтезда айрим элементларни фақат фикрда бир бутун қилиш мумкин. Масалан, биз чет тилнинг ўзимизга маълум бўлган сўзларидан мазмунли гап тузаётганимизда ёки ана шундай маълум сўзлардан таркиб топган тайёр гапни ўқиб тушунаётганимизда худди шундай процесс содир бўлади.
Анализ сингари, синтез ҳам, ўқиш жараёнида катта ўрин тутади. Масалан, ўқишга ўргатиш вақтида товушлар ва ҳарфлардан бўғинлар, бўғинлардан сўзлар, сўзлардан гап тузилади. Мана шунинг ўзи – синтездир. Адабий асарлардаги айрим қаҳрамонларнинг ёки тарихий арбобларнинг қилган ишларини, фикрларининг, ҳисларини тасвирлаш ва анализ қилиш йўли билан ҳамда синтез қилиш натижасида шу арбобларнинг, шу қаҳрамонларнинг характеристикаси ҳосил бўлади.
Анализ ва синтез йўли билан муайян бир бутун нарсанинг ҳар бир айрим қисмининг, ҳар бир айрим элементининг шу бутун нарсадаги роли ва аҳамияти, шу қисмлар ва элементларнинг бир-бирига боғланиши, нарсанинг асосий (муҳим) белгилари ва иккинчи даражали белгилари аниқланади.
Анализ ва синтез ҳамиша бирликда ўтади. Бир бутун нарса анализ қилинади. Бинобарин, синтез анализни тақозо қилади. Муайян қисмларни, элементларни, белгиларни бир бутун қилиб бирлаштирмоқ учун аввало шу қисмларни, шу элементларни ва белгиларни анализ натижасида ажратиб олиш лозим.
«Тафаккур-деб ёзганди И.П.Павлов,– албатта ассоциациллардан, синтездан бошланади, сўнгра синтезнинг иши шу анализ билан қўшилади. Анализ, бир томондан, рецепторларимизнинг, периферия учларининг анализаторлик қобилиятига, иккинчи томондан эса, бош мия катта ярим шарларининг пўстида такомил топувчи ва воқеликка мувофиқ бўлмаган нарсаларни воқеликка мувофиқ бўлган нарсалардан ажратиб турувчи тормозланиш жараёнига асосланади.
Одам бош мияси катта ярим шарларининг пўстида қилинадиган анализ ва синтез ҳам биринчи, ҳам иккинчи сигнал системаларининг сигналларини ўз ичига олади. Биринчи сигнал системаси берган беҳисоб сигналларнинг янги умумлашувлари ҳам иккинчи сигнал системасида юксак анализ ва синтез қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |