Ҳукмнинг ҳақлигига ишонч ҳисси.
Тафаккур жараёни ҳамиша объектив дунёда мавжуд нарса ҳодисалар тўғрисида чин хулоса чиқаришга, шунингдек, хато хулоса ва ҳукмлардан қутулишга қаратилган бўлади.
Мана шундай чин хақиқатни қидираётган кишида, одатда, ўзи тайёр ҳолда ўқиб олаётган ёки фикрлаш жараёнида пайдо бўлаётган хукмларнинг чинлигига, ҳақлигига ишонч ёки шубҳа ҳисси туғилади. Ишонч ёки шубҳаланиш даражаси турлича бўлади. Биз бирор ҳукмнинг чинлигига, муҳокамаларимизнинг тўғрилигига тўла амин бўлишимиз, ишонишимиз ёки аксинча, шубҳаланишимиз ёҳуд бутунлай ишонмаслигимиз мумкин.
Шундай ҳукмлар, хулосалар борки, уларни ўқиб олишда ёки ҳосил қилишда кишида шубҳаланиш ҳислари, яъни ишончдан ишончсизликка ўтиш ва аксинча, шубҳадан ишончга ўтиш ҳислари пайдо бўлади.
Воқеликни бевосита идрок қилиш, сезишга асосланган ҳукмлар бизда катта ишонч ҳисси туғдиради. Одатда биз бундай хукмларни кўриниб турган, ўз-ўзидан равшан ҳақиқат деймиз. Лекин идрок қилиш вақтида нотўғри идрок қилиш ҳоллари ҳам бўлганлиги сабабли, мана шундай идрокларга асосланган ҳукмлар бизда баъзан ишончсизлик ёки шубҳаланиш ҳисларини туғдиради. Баъзан биз «ўз қулоғимизга ва ўз кўзимизга ишонмай қоламиз».
Хотира тасаввурларига асосланган (ўтмишни эсга туширгандаги) ҳукмлар баъзан кишида шубҳа туғдиради ва уларга камроқ ишонч билан қараймиз.
Хулоса чиқариш йўли билан ҳосил қилинадиган ҳукмлар хотира тасаввурларига асосланган ҳукмларга қараганда кўп даража инобатли, ишончли бўлади, лекин, шундай бўлса ҳам, биз хулоса чиқариш йўли билан ҳосил қилинган ёки шу йўл билан ҳосил қилинадиган ҳукмлардан ҳамма вақт ҳам қаноат ҳосил қилавермаймиз. Бунинг сабаби, биринчидан, мана шу чиқарилган хулосага негиз бўлган асосларнинг қанчалик тўғрилигига, яъни шу ҳукмларда воқеликнинг тўғри акс эттирилганлигига қай даражада ишонч борлигига ва иккинчидан, киши хулоса чиқаришнинг мантиқий формаларини қанчалик эгаллаб олганлигига боғлиқ бўлади. Агар киши хулоса чиқариш формаларини тўла эгаллаб олмаган бўлса, у тўғри ва чин асослар бўлган тақдирда ҳам хато хулоса чиқариши ёки чин хулосани нотўғри хулоса деб қабул қилиши мумкин.
Одамнинг мавжуд эҳтиёжлари ва манфаатлари ҳукмнинг чинлигига ва муҳокаманинг тўғрилигига ҳамда қай даражада ишонч билан қарашига таъсир қилади. Бизнинг эҳтиёжларимизга ва манфаатимизга мос келган ҳукмлар дарров чин ҳукм деб айтила беради, бизнинг манфаатимизга мос келмаган хукмларни, хулосаларни эса, кўпинча, биз нотўғри хулосалар деб қабул қиламиз.
Ҳукм чиқаришда ишончнинг қай даражада осонлик билан вужудга келиши ҳар бир шахснинг индивидуал ҳусусиятларига ҳам боғлиқдир.
Одамлар ҳиссиётга берилиб ёки ўз манфаатларини кўзлаб ҳукм юритишлари мумкин, шу сабабли бир томонлама, ғаразгўйлик билан чиқарилган ва бинобарин, ҳақиқатни акс эттирмайдиган хато ҳукмлар бўлиши мумкин.
Ишонмаслик, шубҳаланиш ҳислари хақиқатни қидираверишга йўллайди, тажрибада синалган ҳукмлар энг кўп ишонч билан қабул қилинадиган, инобатли ҳукмлардир. Шу сабабли, одамнинг фикр қилиши ва билиш фаолиятини жараёнларидаги тафаккур жараёнларини, айрим хукмларни тажрибада синаб кўриш ва танқиддан ўтказиш зарурияти, эҳтиёжи туғилган.
Ҳақиқатни исбот қилиш, нотўғрисини рад этиш эҳтиёжи туғилган. Шу сабабли, яна кенгайтирилган мантиқий формадаги ҳукм чиқариш, ҳамма далил ва асосларни бирма-бир келтириб хулоса чиқариш зарурияти ҳам туғилган. Тафаккурнинг иккиламчи жараёнлари, яъни назорат қилувчи ёки танқидий тафаккур шу тариқа вужудга келади ва ташкил топади. Бу тафаккур кишининг ёши ўсган сари, тарбия таъсири остида ўсади. Назорат қилувчи тафаккурнинг ўсганлиги одамнинг ақли юксак даражада ўсганлигини, одамнинг мустақил фикр юритаётганлигини кўрсатади. Хукмларни муфассал туркумларга ажратиш, хулоса чиқаришнинг ҳамма турларига доир қоидалар тузиб бериш, шунингдек, шубҳа туғдирадиган хукмларни асослаш ва исботлаш формаларини ҳамда қоидаларини тузиб бериш билан логика (мантиқ) фани шуғулланади. Шу қоидалар ва формаларга мувофиқ келадиган тафаккур мантиқий тафаккур деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |