VI . ТАФАККУР ВА БОШҚА ПСИХИК ЖАРАЁНЛАР.
Тафаккур бошқа психик жараёнлардан ажралган ҳолда воқе бўлмайди, балки, аксинча, тафаккур идрок билан, хотира билан, хаёл ва нутқ билан диққат, ҳис, ирода билан чамбарчас боғлангандир. Тафаккур қанчалик мураккаб бўлса, унда бошқа психик жараёнлар шунчалик кўп жой олади.
Айрим психик жараёнларнинг тафаккурдаги аҳамияти, жумладан, қуйидагилардан иборатдир.
Биз идрок қилаётган воқелик, биз турган вазият тафаккурнинг биринчи ва доимий мавзуидир. Идрок қилиш чоғида турли саволлар пайдо бўлади, саволлар эса тафаккур фаолиятини янада давом эттиради. Бизнинг биринчи фикрларимиз, биринчи муҳокамаларимиз идрок қилинаётган нарсалар тўғрисидаги муҳокамалардир. Баъзан одам ҳатто абстракт масалаларни ҳал қилиш пайтида ҳам нарсаларни бевосита идрок қилишга ёки шу нарсалар тўғрисидаги тасаввурларига мурожаат қилади ва бундай қилиш иш учун катта фойда келтиради.
Бироқ, одамнинг тафаккури фақат идрок доирасидагина содир бўлиб қолмайди. Одам ўзи идрок қилаётган нарсалар тўғрисида ҳам ўзидаги тажрибага таяниб, мавжуд тасаввурларга таяниб, фикр қилади.
Шу сабабли тафаккур жараёнларида хотиранинг фаолияти, жумладан, эсга тушириш жараёни катта ўрин олади.
Хотира тасаввурлари, шунингдек, илгари ўзлаштириб олинган фикрлар ва билимлар шундай материалдирки, тафаккур жараёнлари шу материал ёрдамида воқе бўлади. Биз эслаб қолган ва тасаввур қилган воқелик, шунингдек, биз идрок қилаётган воқелик тафаккуримизнинг мавзуи бўлиб хизмат қилади.
Турли тасаввур ва фикрларни эсга тушириш ва тўқнаштириш жараёнида янги саволлар пайдо бўлади ва тафаккурнинг янги жараёни туғилади.
Қўйилган саволларга одатда хотирамизга мурожаат қилиб жавоб қидирамиз ва шу жавобларни топамиз. Ўзлаштириб олинган қоидалар, усуллар, схемалар турли вазифаларни ечишда катта аҳамиятга эга ва айни вақтда тафаккур жараёнларида эсга тушади.
Илгари ҳосил бўлган муваққат боғланишлар– ассоциациялар тафаккур жараёнларидаги катта роль ўйнайдилар. Хотирада мустаҳкамланиб қолган тажриба ва билимлар одам тафаккурининг мазмунли ва самарали бўлишини ҳийла даражада белгилайдилар. Тафаккур жараёнларида хаёл (фантазия) катта ўринни олади. Тафаккур учун керакли конкрет образли материал хоти радан олинганидек, фантазиядан ҳам олинади. Бу хаёл образларидир. Масалан, келажакка қаратилган тафаккур жараёнлари хаёл яратиб бераётган образларга таянади. Бизнинг кўпгина тушунчаларимиз ҳам хаёл яратиб берган тасаввурларга таянади. Хаёл фаолияти, масалан, умумлаштириш, таҳмин қилиш, фараз (гипотеза), абстракциялаш сингари фикрлаш операцияларида намоён бўлади. Шу жараёнларнинг ҳаммаси хаёлнинг иштирокисиз руёбга чиқмаган бўлур эди.
Хаёл тафаккурнинг кенглигига ва сермаҳсул бўлишига таъсир қилади, тафаккурга ижодий ва оргинал тус беради. Хаёл қилиш қобилияти суст ривожланган кишиларда, тафаккур уларнинг ўзларида бўлган тажриба ва билимлар доирасида воқе бўлади. Бу тафаккур атрофдаги нарсаларга «ёпишиб қолганлиги», кам маҳсуллиги, ўзининг оргинал бўлмаслиги ва бирон нимани ихтиро қилмаслиги билан фарқ қилади, кўпинча юзаки ва майда-чуйда нарсалар тўғрисида фикр юритиш билан чекланади. Шу сабабли, кенг, кучли ва реал фантазияни ривожлантириш кенг, мазмунли, оргинал ва ижодий тафаккурни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Диққат фикрлаш фаолиятининг зарур шартидир.
Тафаккур жараёнларининг бирлиги, барқарорлиги ва батартиблиги диққатга боғлиқдир. Ҳар бир фикрлаш операцияси фақат диққат бўлганидагина руёбга чиқади. Диққат суст заиф бўлганида фикрлаш жараёни секинлашади ёки тўхталиб қолади. Агар диққат заиф бўлса, фикрлаш тез узилади, ўзининг ипини йўқотиб қўяди, чалғийди. Одамнинг диққати узоқ вақт давомида муайян вазифага қаратилган тақдирдагина ва диққат ўзгариб турувчи ва шу мақсадни ҳал қилишга олиб келувчи кўпгина муҳокамалар, тушунчалар ва тасаввурлар устида ўз ичига тўпланиб турганидагина, мураккаб тафаккур жараёни руёбга чиқади.
Баъзан, айрим ўқувчилар математик амалларни ечишни билмаганликлари ёки бунга ўқувлари бўлмаганлиги натижасида эмас, балки уларнинг диққати етарли равишда кучли, барқарор, кенг равишда ривожланмаганлиги натижасида бир неча амалдан иборат бўлган баъзи математик масалаларни ечолмай қоладилар. Шу сабабли тафаккурни, ривожлантириш кучли ва барқарор диққатни тарбиялашга кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Тафаккур жараёнлари ҳайратда қолиш, таажжубланиш, қизиқиш, билишга интилиш, янгиликни сезиш сингари эмоционал кечинмалар билан боғланган. Мана шу ҳисларнинг ҳаммаси тафаккур жараёнларини туғдиради ва рағбатлантиради, бу жараёнларни мароқли, завқли қилади ва жонлантиради. Юқорида айтиб ўтилганидек, айрим муҳокамаларнинг чинлиги ёки чин эмаслигига, муҳокамаларимизнинг тўғри ёки нотўғрилигига бўлган ишонч ёки шубҳаланиш ҳисси тафаккур жараёнларидаг катта ўрин олади.
Фикрлаш фаолияти пайтида одамдаги умумий эмоционал ҳолат ёки кайфият ҳам тафаккур жараёнларидаг анча аҳамиятга эга. Ҳар қандай ижобий (қувончли, ёқимли) кайфият одатда одамнинг фикрлаш фаолиятини ҳам оширади. Одам ёмон, нохуш кайфиятда бўлганида (хафа бўлиб, қўрқиб турганида) унинг фикрлаш жараёнлари ҳам пасайиб кетади. Бироқ, агар ижобий ҳислар жуда кучайиб кетса, бу ижобий ҳислар ҳам тафаккур жараёнларини бўшаштириб юбориши мумкин. Одамда кучли ҳислар пайдо бўлганидан кўпинча унинг фикри «чувалиб кетади», «тўхталиб қолади».
Эмоционал ҳолат фикрларимизнинг йўналишига таъсир қилади. Кайфиятнинг ва шахсий манфаатнинг таъсири остида бизнинг айрим нарсалар тўғрисидаги муҳокамаларимиз ғаразли, бир томонлама бўлиши ва шу сабабли ҳақиқатни акс эттирмайдиган хато муҳокамалар бўлиши мумкин.
Одамнинг иродаси баъзи ҳисларнинг тафаккур жараёнларига салбий таъсирини босиш, йўқотишда катта роль ўйнайди. Тафаккур жараёнларидаги ирода аввало у ёки бу вазифани ҳал қилишга, қўйилган саволга жавоб топишга интилишда, у ёки бу нарсалар тўғрисида чин ва тўла равишда асосли муҳокамалар ҳосил қилишга интилишда намоён бўлади.
Бироқ, вазифани ҳал қилмоқ учун, хақиқатга эришмоқ учун биргина истакнинг ўзи кифоя қилмайди. Вазифани ҳал қилиш, қўйилган саволга жавоб топиш, тушуниш жараёнида муҳокамаларнинг тўғрилигини белгилаб олиш, фикрларни шакллантириш ва сўз билан ифодалаш пайтларида бир талай қийинчиликлар, баъзан катта тўсқинликлар учрайди, уларни бартараф қилмоқ учун иродани ишга солишга, сабаб ва матонат билан ҳаракат қилишга тўғри келади.
Ирода, асосан, одамнинг амалий фаолиятида намоён бўлади. Амалиёт эса муҳокамаларимизнинг чинлигини кўрсатиб берувчи асосий мезондир.
Тафаккур нутқ тил билан чамбарчас боғланган. Бу ҳақда қуйидаги бобда гапирамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |