КОНСТИТУЦИЯ ВА ТАЪЛИМ ОЛИШ ҲУҚУҚИ
Ўткир Мавлонов,
ЎзДСМИ катта ўқитувчиси
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ислоҳотлар самарадорлигини янги босқичга кўтаришни таъминлашга эришиш мақсадида 2017 йил 7 февралда бешта устувор йўналишни ўз ичига қамраб олган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, унинг тўртинчи йўналишининг тўртинчи банди таълим ва фан соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишни ўзининг пировард мақсади сифатида белгилаб олди. Демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини тўла қарор топтиришни ёшларимизнинг таълим-тарбиясисиз, уларнинг билими, интеллектуал салоҳиятисиз, она-Ватанга садоқатли баркамол шахс сифатида камол топтирмасдан туриб тасаввур этиб бўлмайди. Ёхуд, бошқача айтганда, Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори, биринчи навбатда болаларимизнинг қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига, фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир.
Шу маънода, ушбу эзгу-ниятларга эришишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу Ҳаракатлар стратегиясига кўра, 2017 йилда Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Дастури ишлаб чиқилади, ушбу дастур ижросини таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинади, қарорда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ўқув жараёнини ташкил этиш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг мустақиллигини босқичма-босқич ривожлантириш, миллий кадрларни рақобатбордошлиги ва умумжаҳон амалиётига асосланган олий таълим миллий тизимининг сифатини оширишни такомиллаштириш назарда тутилади.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланишича, мактабгача таълим муассасаларининг 106 таси реконструкция қилинади ва 195 таси капитал таъмирланади, улар мебель, жиҳоз ва бошқа инвентарлар билан таъминланади, яъни мамлакатимиздаги 301 та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади. Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши болаларимизнинг умумий ўрта таълим муассасаларига мукаммал тайёрлаш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини ўз вақтида аниқлаш, онгини ривожлантириш, мақсадли йўналишга йўналтиришга хизмат қилади.
Ҳаракатлар стратегиясида умумий ўрта таълим тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимиз тараққиётининг 15-20 йиллик истиқболини белгилаб берадиган ушбу тарихий стратегик ҳужжатга биноан 2017 йилда 367 та умумтаълим мактабларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади, хусусан, 9 та янги мактаб қурилади, 268 та мактаб реконструкция қилинади, 90 та мактаб капитал таъмирланади, мактаблар ўқув мебеллари, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминланади ва бу билан ўқувчиларнинг таълим олишлари ва ўқитувчиларнинг фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароит яратилади, умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқув синфлари ва гуруҳларидаги ўқувчиларнинг сонини оптималлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга эришилади.
Шу сабабдан, мустақил давлатимизнинг биринчи Конституциясида билим олиш, таълим-тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Маънавиятимизнинг асоси ҳисобланган, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган, давлатимизнинг доимий диққат эътиборида турган, мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган таълим масаласи Асосий қонунимизда мустаҳкам ўз ўрнига эга бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги ўрнатилди.
Ушбу конституциявий норма асосида мамлакатимизда мустақиллик йилларида дунё ҳамжамиятини ўзига жалб этган кенг қамровли эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниб, унга мувофиқ мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизимининг асосий хусусияти шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, улар умумтаълим фанлари билан бир қаторда 2-3 та мутахассислик бўйича касб-ҳунарга ҳам эга бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда 12 йиллик таълим барча учун мажбурий ва бепул эканлиги Конституциямиз ва Таълим тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилди.
Мустақиллик йилларида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, қарийб 9,5 минг ёки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мактабларнинг деярли барчаси янгитдан қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди, 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилди. Касб-ҳунар коллежларидаги замонавий ўқув-лаборатория, компьютер ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ўқувчилар учун умумий фанларни эгаллаш, ушбу ўқув юртларидаги замонавий техника ва технологияларни ўзлаштириш имконини бермоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли ҳар бир мактаб, коллеж ва лицейларда очиқ спорт майдончалари билан бирга замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган ёпиқ спорт заллари ва сузиш ҳавзалари ўқувчи-талабаларимизнинг спорт билан шуғулланиши учун хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантиришга йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этмоқда ва бу тизимнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Дунёнинг бошқа давлатларида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача 10-12 фоизини ташкил этадиган бундай кўрсаткични камдан-кам учратиш мумкин. Таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича Ўзбекистон дунёнинг 141 мамлакати орасида 2-ўринда турибди.
Ўзбекистон Республикасида кейинги ўн йилда касб-ҳунар коллежлари, лицей ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари иш ҳақининг ўсиш суръатлари иқтисодиётнинг реал соҳасидаги иш ҳақи миқдоридан ўртача 1,5 баробарни ташкил этди. Мамлакатимизда 1996 йилда қабул қилинган қонунга кўра, ҳар йили 1 октябрь санаси Ўқитувчилар ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келаётгани баркамол шахсни тарбиялашда педагоглар меҳнатининг роли ва аҳамияти юксак эътироф этилаётганининг ёрқин ифодасидир. Бу мамлакатимизда таълим жараёнига устувор аҳамият қаратилаётганлиги, Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш бўйича пировард мақсадимизни амалга оширадиган, янги ғояларни дадил илгари сурадиган ёш авлодни тарбиялайдиган ўқитувчилар меҳнатига ҳурмат билан муносабатда бўлинаётганлигининг далолатидир.
Таълим олиш ҳуқуқининг конституциявий асослари тўғрисида гапирганда яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади, деб белгиланган. Байналминал аҳамият касб этувчи ушбу устувор қоидадан келиб чиқиб, мамлакатимизда мактаб таълими 7та тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида олиб борилмоқда. Шу билан бирга таълим тизимида ўқувчилар жаҳондаги улкан интеллектуал бойликни эгаллашнинг энг муҳим шарти ҳисобланган хорижий тилларни ҳам чуқур ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган.
Билим олиш ҳуқуқининг конституциявий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни1да ривожлантирилди. Ёхуд, ушбу қонуннинг 1-моддасида унинг мақсади фуқароларга таълим, тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашга қаратилганлиги ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий принциплари белгилаб берилди. Унга кўра, таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиётида устувор деб эълон қилиниб, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги; таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги; умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишини: академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги; таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги; давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги; таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув; билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш кабилар белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг асосий хусусиятларидан бири ҳар кимга жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъий назар, билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланганлигидадир. Шунингдек, бошқа давлатларнинг фуқаролари Ўзбекистон Республикасида халқаро шартномаларга мувофиқ билим олиш ҳуқуқига эгалиги, Республикада истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эгалиги ҳам диққатга сазовор ҳолатдир.
Қонунда таълим турлари сифатида мактабгача таълим; умумий ўрта таълим; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими; олий таълим; олий ўқув юртидан кейинги таълим; кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш; мактабдан ташқари таълим амалда бўлиши белгиланган.
Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Бу таълим олти-етти ёшгача оилада, болалар боғчасида ва мулк шаклидан қатъи назар, бошқа таълим муассасаларида олиб борилади.
Бошланғич таълим умумий ўрта таълим олиш учун зарур бўлган саводхонлик, билим ва кўникма асосларини шакллантиришга қаратилган. Мактабнинг биринчи синфига болалар олти-етти ёшдан қабул қилинади. Умумий ўрта таълим билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради.
Қонунга кўра, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини олиш мақсадида ҳар ким умумий ўрта таълим асосида академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишнинг йўналишини ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқига эга. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари эгалланган касб-ҳунар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳамда бундай иш ёки таълимни навбатдаги босқичда давом эттириш учун асос бўладиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини беради.
Академик лицей ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятларини жадал ўстиришни, уларнинг чуқур, табақалаштирилган ва касб-ҳунарга йўналтирилган билим олишларини таъминлайдиган уч йиллик ўрта махсус ўқув юрти ҳисобланади. Касб-ҳунар коллежи ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, маҳорат ва малакасини чуқур ривожлантиришни, танланган касблар бўйича бир ёки бир неча ихтисос олишни таъминлайдиган уч йиллик ўрта касб-ҳунар ўқув юртидир.
Мамлакатимиздаги таълим турларидан бири мбу мактабдан ташқари таълимдир. Болалар ва ўсмирларнинг якка тартибдаги эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш учун давлат органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда мактабдан ташқари таълим муассасаларини ташкил этишлари мумкин. Мактабдан ташқари таълим муассасаларига болалар, ўсмирлар ижодиёти саройлари, уйлари, клублари ва марказлари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, санъат мактаблари, мусиқа мактаблари, студиялар, кутубхоналар, соғломлаштириш муассасалари ва бошқа муассасалар киради.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз асосида мустақил тараққиётимизнинг 26 йили мобайнида таълим соҳасида эришган барча ютуқларни асосий қонунимизнинг бой тарихий, маънавий ва маданий меросимиз, миллий урф-одатларимиз, миллий ғоя ва мустақиллик мафкурасига таянган ҳолда ишлаб чиқилганлиги ётишини таъкидлаш ўринлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |