ЁШЛАРНИ БАРКАМОЛ ШАХС СИФАТИДА КАМОЛ ТОПТИРИШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ
Зоя Арисланбаева,
ЎзДСМИ доценти
Мустақилликка эришгач Ўзбекистон ўзининг пировард мақсади сифатида демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишни мақсад қилиб олди. Бу эзгу-ниятга эришишнинг бирдан-бир йўли ўсиб келаётган фарзанларимизни одобли ва билимли қилиб тарбиялашдан иборатдир. Шу сабабдан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида кўрсатилишича, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Ушбу конституциявий норма талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 30-моддасида ота-оналар ёки қонуний вакилларнинг вазифалари белгиланган бўлиб, унга кўра вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгардирлар, деб белгиланди.
Замонамиз жадал ривожланиб бораётган бир пайтда ҳаётимизда техниканинг ўрнини эслатиб ўтишимизга зарурат қолмади. ХХI аср технологиялар асри, деб бежизга ном олмаган. Ҳаётимизнинг маълум бир қисмини компьютер, интернет, мобиль алоқа воситаларимиз ўз қўлига олди, десак хато бўлмайди. Албатта, бу каби технологиялар ишимизни 70 бараварга осонлаштирмоқда, оғиримизни енгил қилмоқда. Интернет деб номланган чексиз ахборот марказидан биз ҳар бир соҳада кенг фойдаланяпмиз.
Интернетдаги онлайн дарслар, онлайн мастер-класслар ёшларнинг баъзи очилмаган қирраларини очилишига туртки бўлмоқда, десак ҳам муболаға бўлмайди. Интернет бизнинг энг ишончли ҳамроҳимиз ва ҳамқоримизга айланди. Нафақат иш, ташкилот ва муассасаларда балки дам олиш жойларида, хонадонларда, овқатланиш шахобчаларида, бундан ташқари йўл транспорт воситаларида ҳам интернет провайдерлар ўз ўрнини топди.
Маълумотларга қараганда бугунги кунда 6000 миллионга яқин аҳолининг ўзи компьютер қурилмаларидан фойдаланиши аниқланган ва бу даража 1 миллиардга етиши ҳам шубҳасиз. Кўпчилик ёшлар етарлича ҳаёт тажрибасига эга бўлмасада, аммо техника қурилмаларини ва айниқса интернет билан ишлаш йўлларини мукаммал билишади.
Интернет таълим олиш, дўстлар билан мулоқот қилишнинг ажойиб йўли бўлиши мумкин. Аммо ҳаётга реал кўз билан қарайдиган бўлсак, тармоқ ўз ўрнида хавфдан ҳам холи эмас: унинг ҳам ўзига хос безорилиги, жиноий олами, зарари ва номақбуллик томонлари мавжуд. Виртуал мулоқот инсонларга, болаларга зарар келтирувчи манба бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
Охирги пайтларда Интернетда кўпгина тажовузкор ва ижтимоий хавфли материалларнинг сони кўпайиб бормоқда. Ёшлар, айниқса боғча ва мактабларда таълим-тарбия олувчи болаларнинг онгига бу каби иллатлар оила муҳитида шаклланган маънавиятига зарар етказувчи восита сифатида таъсир кўрсатувчи кучга айланаётганлигига бефарқ қарашнинг ўзи нотўғри. Албатта, бундай маълумотлар уларнинг энди шаклланаётган тафаккурида ўз салбий натижаларини кўрсатиши аниқ.
Айтиш жоизки, баъзи бир интернет сайтларидаги ҳаёсиз, қўрқиничли расмлар ёки маълумотларни кўриб ёши катталарнинг юраги ҳапқириб кетяпти. Ёки “Черепашка нинзе”, “Бэн-тем”, “Тролли”, “Трансформер”, “Чаппи”, “Дракула”, “Хищник”, “Руки ножницы”, “Макуин”, “Фассаж-4”, “Рапунцер” мультипликацион ва кинофильмларнинг кучли таъсири ҳали оқ ва қорани ажрата олмаган, ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган гўдак ўсмирларда ўз салбий изини қолдирмоқда. Яъни, жахлдорлик, жангавор, куч асосида ўз ниятига эришиш каби хислатлар ҳозирдан шаклланса, унинг эртанги куни қандай бўлиши мумкин? Эзгулик, гўзаллик, яхшилик тушунчаларини қачон ёш авлод ўзида шакллантиради? Ёки ота-оналар томонидан шакллантирилаётган фазилатлар қай шаклда амалиётга тадбиқ этилади?!
Бу каби саволлар албатта ҳаммамизни уйлантириб қўяди. Сабаби бу каби интернет сайтларидан фойдаланмаётганига ҳеч ким кафил бўла олмайди. Кундан-кунга авж олиб бораётган диний экстремистик ғоялар, бузғунчилик, жахолат буларнинг 98%и боланинг мийясига интернет орқали кириб бораётганлигига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ота-оналар ҳар доим ҳам болаларининг қачон, қай вақт қайси сайтдан фойдаланаётганини текшириб тура олмайди. Аксинча, “Мен фарзандимга ишонаман”, деган шиорни олға суришади.
Техникани шу даражада яхши билганлиги ва ундан фойдалана олганлиги ота-она учун фаҳр. Аммо, “ишонгину, лекин текшириб кўр”, деган мақолга амал қилмаймиз. Лекин, гуручнинг баъзи курмакларига ўхшаб интернет кенг майдонга заҳар сочаётганларнинг касрига униб келаётган ёш авлоднинг миясини ўргимчак ини сингари ўраб олмоқда.
Ёшларнинг онгида интернетдан фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилган кўплаб қонунлар қабул қилинмоқда, йиғилишлар давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Жумладан, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Хавфсиз интернет” партиявий лойиҳаси доирасида “Интернет хавфсизлиги ва ёшларда интернет маданиятини шакллантириш” мавзусидаги ҳамкорлик масалалари бўйича давра суҳбатида ёшларда ва айниқса, ҳали балоғат ёшга етмаган болаларнинг онгида соғлом руҳни шакллантириш, интернет ресурсларидан самарали фойдаланиш, миллий ахлоқ тарбиясига таъсир қиладиган ахборотлар сонини кўпайтириш, уларни қонун билан муҳофаза қилиш, хавфсиз интернет тармоқлари муҳитини шакллантириш бўйича барча шарт-шароитларни яратиш каби кўплаб масалалар ўртага ташланди.
Аммо, ёшлар ёки болалар интернет тармоқларидан фойдаланаётганда бу қонунлар ҳақида ўйламаслиги аниқ. Интернет маданиятини яхшилашда қонунлар билан бир қаторда керакли чора-тадбирлар ҳам олиб борилса, кўзланган мақсадга қисман эришилган бўлар эди. Барчамизга маълум, баъзи wиfи тармоқлари ўрнатилган жойлардан фақатгина “ЗиёНет”, “Китоб.Уз” ва шу каби фойдали сайтлар учун тармоқлар очиқ. Бу жуда қувонарли. Аммо, баъзи жойларда эса тармоқ чексиз, фойдаланувчи учун барча сайтларнинг эшиги очиқ.
Айнан маънавиятимизга салбий таъсир ўтказадиган сайтларга кирган фойдаланувчига жарима ҳақи жорий қилинса, сайтлардан тўғри фойдаланишга бўлган эътибор ошган бўлар эди. Бундан ташқари, айниқса ёш болалар учун фойдали бўлган, уларни қизиқтира олиш хусусиятига эга бўлган янги сайтлар интернет тармоқларига киритилса ҳам, фойдаланувчиларнинг бошқа бузғунчи сайтларга кириш эҳтиёжи йўқолар эди. Бизнинг юртимиз ҳудудида қўштирноқ ичидаги сайтларга киришга умуман таъқиқлов қўйилса ҳам, бу иш самарисини бермай қолмайди.
Ҳозирги кунда ёшларнинг кино санъатига, мусиқага қизиқиши ортиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда шундай сайт яратиш керакки, бу сайт орқали фойдаланувчи фақатгина миллий фильмларимизни кўриш, миллий ашула ва рақс санъатимизни ўрганиш ёки томоша қилиш каби имкониятларга эга бўлса, номақбул сайтларга бўлган эътибори камайган бўлар эди.
Ёшларда интернет маданиятини ўстиришда, интернетдан тўғри фойдаланишда мактаб, коллеж лицейларда тарбиявий амалий ишлар мунтазам амалга оширилса, ёшларнинг маънавий қолоқланишига интернетнинг таъсири камайган бўлар эди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирда интернет хатто транспорт воситаларида ҳам мавжуд. Автобуслардан 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсонлар фойдаланишади. Бу турдаги транспорт воситаларига wиfи тармоқларининг ўрнатилишини қай даражада тўғри ёки нотўғри эканлигига баҳо бериш қолди, халос. Айнан, шу автобуслардаги wиfи тармоқларига ҳам баъзи чекловлар қўйилса ҳам айни муддао бўлар эди.
Демак, бугунги кун ёшларининг дунёқараши ва тафаккурини ўзини англаш, миллий қадриятларимизни мукаммал билиш ва улардан самарали фойдалана олиш, миллатимиз фаҳри бўлган қаҳрамонларнинг хатти-харакатларини ўзида ўзлаштириш ва улар билан ғурурланиш каби хислатларни ривожлантириш давр талабига айланди.
Жумладан, миллий халқ тарихига мурожаат қилсак, милоддан аввалги V асрда Широқ бобомиз форс подшоҳи Кир-IIни ҳарбий маҳорат билан мағлубиятга учратган. Унинг ўз она Ватани ҳурлиги ва мустақиллиги учун жонини фидо қилишдек хатти-харакати халқ хотирасида ривоят ва афсоналар тарзида етиб келди. Юнон тарихчиси Полиэннинг «Ҳарбий ҳийлалар» асарида мазкур ривоятларнинг тарихий ҳақиқат эканлиги қайд этилган.
Дарвоқе, умуман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ҳам маънавиятни юксалтириш учун биринчи навбатда уларнинг дунёқарашини замон талабларига мослаштириш зарурлигини билдирган. Барча оммавий ахборот воситалари, театр, кино, мусиқа, рассомлик ва ҳайкалтарошлик санъатигача, шу қаторда интернет ҳам инсоннинг қалби ва тафаккурига бевосита кучли таъсир ўтказиш хусусиятига эга. Демак бу соҳалардаги фаолият, халқнинг маънавий эҳтиёжларини замон талаби асосида янада кучайтиришимиз, янги босқичга кўтариш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Халқимизнинг минг асрга татигулик халқ оғзаки ижоди наъмуналари – «Алпомиш», «Гўрўғли» достонлари каби қаҳрамонлик, жасоратни тараннум этувчи эпослар ёш авлоднинг бадиий тафаккурини ўстиришга, маънавий дунёқарашининг бойишига, Ватанга бўлган муҳаббати ва фахрланиш ҳиссини янада оширишга хизмат қилади. Шундай экан, мамлакатимиз ёшлари учун халқ оғзаки ижоди мардлик ва жасорат наъмуналарини шакллантиришда катта туртки бўлади. Уларнинг она Ватанга бўлган садоқат рамзи янада кучаяди, унинг тинч ва осойишта фаолият кўрсатишини таъминлаш учун, керак бўлса жонини фидо қилишга — Тўмарис, Широқ, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темир каби миллий қаҳрамонларимиздан наъмуна олади, ҳамиша сергак ва огоҳ бўлади.
Шу боис биринчи Президентимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида қуйидаги фикрни билдирди: «Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва, аксинча, қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади»1, деган эди.
Биз маданияти, анъаналари, тарихи улуғ ҳалқмиз. Буюк бобокалонларимизнинг авлодларимиз. Ана шундай улуғворлик масъулиятини ҳис этган ҳолда яшамоғимиз ва меҳнат қилишимиз, келажак авлодга таълим-тарбия беришимиз керак. Шундай экан, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ҳам маънан, ҳам жисмонан қудратли куч сифатида намоён бўлиши учун, давлатимиз тинчлиги ва осойишталиги ҳамда очиқ фуқаролик жамиятига айланишига ўз ҳиссамизни қўшган ҳолда ушбу йўлга ёш авлодни ҳам сафарбар этишимиз бизнинг олий бурчимиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |