БОЛАЛАР ҲУҚУҚИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ
Қалбай Бабаназаров,
Қорақалпоқ давлат
университетининг докторанти
Болаларнинг ҳаёти, таълим-тарбияси, маънавий ва ахлоқий камолоти, уларнинг баркамол ўсиб улғайишига дахлдор барча масалалар давлатимизнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида ўзига хос ҳуқуқий мақом касб этган. Масалан, биргина халқ таълими тизими мисолида бола ҳуқуқлари таъминланишига назар солсак, Ўзбекистонда изчиллик билан амалга оширилган таълим ислоҳотлари самараси сифатида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган мутлақо янги таълим тизими яратилганлигининг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистонда бугунги кунда таълим соҳасига йўналтирилган харажатлар ҳажми мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 10-12 фоизини ташкил қилади. Халқаро тажрибада эса бу кўрсаткич 3-5 фоиздан ошмайди.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси алоҳида ўринни эгаллайди. Асосий қонунимиз бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда олий юридик кучга эга ҳужжат бўлиб, унга асосан давлат болаларнинг қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Конституциянинг 45-моддасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилди. Унинг 64-моддасида эса ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятини рағбатлантириши ўрнатилган. Асосий қонунимизнинг 65-моддасида фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланган.
Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш умумэътироф этилган тамойиллар устуворлигини таъминлаш, бола ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро шартномалар бажарилишини ҳуқуқий тартибга солиш йўналишларида амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар орасида 2008 йил 7 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши бола ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг кодификация қилинишига замин яратди. Шунингдек, 2010 йилда «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бола ҳуқуқлари тўғрисида гапирганда, аввало, шу масалага тегишли асосий тушунчаларга тўхталиб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”1ги 2008 йил 7 январдаги қонунининг 3-моддасида ушбу тушунчалар баён этилган. Унга биноан бола (болалар) деганда ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) тушунилади; боланинг қонуний вакилларини - ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлар ташкил этади; васийлик ва ҳомийлик - ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли ҳисобланади. Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга нисбатан белгиланади; етим бола деганда отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар тушунилади; ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар сирасига қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар) киради ва ҳ.з.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида белгиланишича, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўлиб боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, боланинг камситилишига йўл қўймаслик, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлаш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, болаларда ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик туйғуларини тарбиялаш, боланинг илмий, техникавий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш, бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида болаларга тегишли бир қатор ҳуқуқлар белгиланган. Чунончи, ушбу қонунда кўрсатилишича, яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир. Бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир(8-модда). Шунингдек ҳар бола индивидуалликни сақлаш ҳуқуқига, яъни ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳамда уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Давлат боланинг шахси, турар жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатациянинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, жиноий фаолиятга, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилишдан ҳимоя қилишни амалга оширади.
Ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
Боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқининг кафолатлари қонунда алоҳида тартибда ўрнатилган. Унга кўра, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота ва онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди. Ота ва она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Боланинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи қонунда алоҳида кафолатланган. Унга биноан бола қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Боланинг шахсий фойдаланишида бўлган, бола томонидан ҳадя, мерос тариқасида олинган, шахсий меҳнати эвазига ёки бошқа қонуний усулда олинган буюмлар, мол-мулк унинг хусусий мулкидир. Шунингдек, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларда, қариндошлари, васийлари ёки ҳомийлари қарамоғида бўлган етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Васийлик ёки ҳомийлик белгиланган боланинг мулкида ёки фойдаланишида бўлган турар жойни ўзга шахсга ўтказиш учун васийлик ёки ҳомийлик органининг розилиги талаб қилинади.
Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи кафолатларига қонунда алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга. Давлат соғлом бола туғилишини таъминлаш учун онага унинг соғлиғини сақлаш шароитларини яратади. Давлат болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳажмда бепул тиббий ёрдамни кафолатлайди. Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан қуйидаги йўллар билан таъминланади: малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил қилиш; боланинг, унинг ота-онасининг саломатлигини назорат қилиш ва болалар касалликлари профилактикаси; болалар ва ўсмирларни даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш; талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш; боланинг физиологик хусусиятлари ва соғлиғи ҳолатига жавоб берадиган таълим олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитларини яратиш; касбга яроқлиликни аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий маслаҳат бериш; санитария-гигиена таълими бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш; соғлиғининг ҳолати тўғрисида бола учун қулай бўлган тарзда зарур ахборотни тақдим этиш.
Ўн тўрт ёшдан катта ёшдаги бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга. Бола билан унинг ҳаётига, соғлиғи ва нормал ривожланишига зиён етказувчи ҳар қандай илмий тажриба ёки бошқа экспериментлар ўтказиш тақиқланади. Давлат махсус чекловларни жорий этиш ва махсус профилактика дастурларини амалга ошириш орқали болани алкоголга мойилликдан, чекишдан, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва интеллектуал-иродавий фаолиятга таъсир кўрсатадиган бошқа моддаларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради.
Қонунда боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари батафсил тартибга солинган. Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади. Болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Болаларнинг меҳнат ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан алоҳида имтиёзли ҳуқуқлар билан тартибга солинган. Ушбу кодексга кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар. Чунончи, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш таъқиқланади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди.
Иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар (таътил даврида ишлаётган ўн тўртдан ўн олти ёшгача бўлган ўқувчилар) учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг кундалик иш вақти қисқартирилган ҳоллардаги меҳнатига ҳақ кундалик иш вақти тўлиқ бўлган чоғда тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик таътил берилади ва улар бу таътилдан ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа вақтида фойдаланишлари мумкин. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.
Бола ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг оила қонунчилиги муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг оила кодекси талабларига кўра, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш, ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Оила қонунчилигига биноан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан аълимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга аълимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки аълимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам аълимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда аълимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Болалар ҳуқуқини таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси”1 муҳим аҳамият касб этади. Ушбу Ҳаракатлар стратегиясига кўра, 2017 йилда мактабгача таълим муассасаларининг 106 таси реконструкция қилинади ва 195 таси капитал таъмирланади, улар мебель, жиҳоз ва бошқа инвентарлар билан таъминланади, яъни мамлакатимиздаги 301 та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади. Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши болаларимизнинг умумий ўрта таълим муассасаларига мукаммал тайёрлаш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини ўз вақтида аниқлаш, онгини ривожлантириш, мақсадли йўналишга йўналтиришга хизмат қилади.
Ҳаракатлар стратегиясида умумий ўрта таълим тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимиз тараққиётининг 15-20 йиллик истиқболини белгилаб берадиган ушбу тарихий стратегик ҳужжатга биноан 2017 йилда 367 та умумтаълим мактабларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади, хусусан, 9 та янги мактаб қурилади, 268 та мактаб реконструкция қилинади, 90 та мактаб капитал таъмирланади, мактаблар ўқув мебеллари, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминланади ва бу билан ўқувчиларнинг таълим олишлари ва ўқитувчиларнинг фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароит яратилади, умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқув синфлари ва гуруҳларидаги ўқувчиларнинг сонини оптималлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга эришилади.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида инклюзив таълим тизими самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ногирон болаларни зарур махсус адабиётлар ва қўлланмалар билан таъминлашни қамраб олувчи инклюзив таълим тизими янада ривожлантирилади, инклюзив таълим тизими ўқитувчиларига имтиёзлар кўлами кенгайтирилади, жисмоний имконияти чегараланган талабаларга олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятлари янада кенгайтирилади, ногирон болаларни уйида таълим берадиган ўқитувчи-педагогларнинг ишини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёни сифатини янада яхшилашга, таълимнинг барча турлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва боғлиқликни янада кучайтиришга, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришнинг турли хил мезонларини янада такомиллаштиришга, таълимга оид давлат талабларини қайта яратиш ва унинг асосида замонавий ўқув дарсликлари ва қўлланмалар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратишга, педагог кадрларнинг ўз устиларида мунтазам ишлашлари ҳамда доимий равишда малакасини ошириб боришларига, пировардида бу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши таълим тизимини янада ривожлантиришга, уни дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган миллий тараққиёт стратегиямизнинг ажралмас қисмига айланишига, мустақил фикрлайдиган, ҳаётга янгича қарайдиган, буюк ишларга қодир куч сифатида ёш авлодимизни тарбиялашга қаратилган мутлақо янги тизимни яратишга хизмат қилади.
Бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади. Бола ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб, васийлик ва ҳомийлик органига, ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин эса, мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Амалиётда бола ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари кўплаб учраб туради. Бу ҳуқуқбузарликлар кўпинча соҳага оид қонун нормаларга риоя қилмаслик оқибатида содир этилади. Масалан, амалиётда бундай ҳолатлар боланинг оилада яшаши ва тарбияланиши, ота-она ва бошқа қариндошлари билан кўришиши, исм, ота исми ва фамилия олиши, уни ўзгартириши, уй-жойга бўлган ҳуқуқи, таъминот олишга бўлган ҳуқуқининг бузилишида кузатилади. Тааллуқлигига кўра бу низолар фуқаролик ишлари бўйича судлар ваколатига тегишли бўлиб, илмий манбаларда таъкидланишича, “уларни судга қадар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, ФҲДЁ, таълим, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, зарур ҳолларда ички ишлар бўлимларидаги вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хизмати ва б.) ҳамда суд тартибида ҳал қилиш мумкин”1.
Болалар ҳуқуқини таъминлаш кафолатларини янада такомиллаштириш мақсадида баъзи таклиф ва мулоҳазаларни билдириш ўринлидир. Хусусан, ҳозирги кунда дунёда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам тизими сифатида ювенал адлияни ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. «Ювенал адлия» халқаро атама бўлиб, вояга етмаганлар учун одил судлов ёки вояга етмаганлар суди маъносини англатади.
Халқаро тажрибани ўрганиш шундан далолат берадики, бундай судлар бугунги кунда АҚШ, Канада, Франция, Германия, Венгрия, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларда мавжуд. Ювенал адлия институтига биринчилардан бўлиб асос солинган АҚШда вояга етмаганлар суди махсус юрисдикцияли судлар тизимида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу суд баъзан оила суди вазифасини ҳам бажаради. Болаларига ғамхўрлик кўрсатмаётган ота-оналарга нисбатан ушбу судлар томонидан чорадар кўрилиб, бола тарбияси учун шароити тўғри келмайдиган оилалар устидан назорат ўрнатилади, шунингдек, улар оилавий низоларни ҳам ҳал этади. Германия ювенал адлия тизими тажрибаси ҳам эътиборга молик. Ушбу давлатда вояга етмаганлар суди умумий судлар таркибида мустақил бўлинма сифатида саналиб, 14-18 ёшли ҳуқуқбузарларнинг ишини кўради. Австралияда ҳам ювенал судлар мавжуд бўлиб, улар ўсмирлар содир этган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар ҳамда болаларга қарши қаратилган жиноят ишларини кўрадилар. Ушбу давлатлар ювенал адлия амалиёти тажрибасидан келиб чиқиб, ундан мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд тизимини такомиллаштиришда кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Бундан ташқари, илмий манбаларда билдирилган фикрларга қўшилиш мумкин. Унга кўра, “суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг вояга етмаганларнинг жиноят ишларини юритишга доир фаолиятини тартибга солувчи алоҳида ихтисослаштирилган кодекс ишлаб чиқиш даркор. Унда вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш, дастлабки тергов олиб бориш, жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш, суд муҳокамаси, ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунийлигини текшириш ва ҳукмни ижрога қаратиш каби процессуал ҳаракатлар тартибга солиниши зарур”1. Ушбу муаллиф томонидан билдирилган қуйидаги таклифларни қўллаб-қувватлаш ҳам ўринлидир: “Мамлакатимизда ювенал юстицияни жорий этишда, ювенал судлар билан бир қаторда вояга етмаганлар ишлари бўйича адвокатуранинг ихтисослашувини кучайтириш, мамлакатнинг барча ҳудудларида ювенал адвокатлик тузилмаларининг кенг тизимини яратиш масаласини кўриб чиқиш зарур. Қолаверса, вояга етмаганларга нисбатан ихтисослаштирилган одил судлов тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини шакллантириш доирасида «Ювенал адлия тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш керак”2.
Do'stlaringiz bilan baham: |