ИЛМИЙ ИЖОД БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ ҲУҚУҚИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ КАФОЛАТЛАРИ
Омонбой Оқюлов,
ТДЮУ профессори,
юридик фанлари доктори
Бугунги кунда мамлакатимизда ижод эркинлигининг кафолатлари ва у билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан бирга қатор қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади. Улар жумласига Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, 2001 йил 12 майдаги “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, 2002 йил 29 августдаги “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат наъмуналари тўғрисида”ги, 2002 йил 29 августдаги “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги, 2006 йил 20 июлдаги “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, 2006 йил 18 сентябрдаги “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунларини киритиш мумкин.
Шуни айтиш керакки, ижод эркинлиги ва унинг натижалари соф моддий ҳуқуқдан фарқли равишда, жамиятнинг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий турмушида муҳим аҳамият касб этади. Ижод эркинлигининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари белгиланганлиги шунчаки замонасозлик учун қилинган безак эмас, балки иқтисодий ривожлантиришнинг зарурий шартидир. Фан ва техника ютуқларини қўллаш - тараққиётнинг узлуксизлигини таъминловчи манбадир.
Интеллектуал фаолият ва унинг натижаларини ҳар бир мамлакат иқтисодий ривожланиши учун аҳамияти бениҳоя юқори эканлигини эътироф этиш лозим. Фаолиятнинг ушбу турини ва фуқаролик ҳуқуқининг мазкур объектини ҳуқуқий нуқтаи назардан муҳофаза қилиш, уларга нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, мамлакат географик жойлашуви нуқтаи назаридан мазкур муносабатлар тизимида ўзига хос монопол ҳуқуққа эга бўлиш (айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида)ни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш давлатнинг келажакдаги тараққиёти учун энг муҳим вазифалардан бири саналади. Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида инсон ижодий фаолиятининг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш эътироф этилаётганлиги ҳам фикримизнинг далилидир.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда интеллектуал фаолият ва унинг натижаларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалашга қаратилган ўзига хос қонунчилик базаси шакллантирилган. Интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи нормаларнинг тамал тоши ва дебочаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасини келтириб ўтиш лозим. Мазкур моддага мувофиқ, ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади.
Ушбу нормада мустаҳкамланган “ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги” қоидаси шахснинг ижтимоий ҳаётнинг исталган соҳасида илмий-ижодий фаолият билан шуғулланишини кафолатлайди. Бунда “ҳар ким” – деганда, ҳар бир жисмоний шахс назарда тутилади ва жисмоний шахс – фуқаронинг ақли расолиги, ўз ҳаракатининг оқибатини тушуна олиш ёки олмаслиги, ёши, муомала лаёқатига эгалиги аҳамиятга эга бўлмайди. Шу билан бирга, шахс ҳар қандай шароитда ҳам ижод қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Масалан, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташ давомида шахс шеър, ҳикоя, роман ёзиши мумкин.
Мазкур ҳолатда “ҳар ким” – деганда, фақат жисмоний шахс назарда тутилиши хусусида фикр юритганда, шуни таъкидлаш лозимки, ижодий фаолият билан шуғулланиш имкониятига фуқаролик ҳуқуқи субъектлари орасидан фақатгина фуқаролар эга бўладилар ва фақат фуқароларгина ақлий фаолиятни амалга ошириши мумкин бўлган ягона мавжудот ҳисобланади.
Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланиши фуқаронинг ўз истак ва хоҳишидан келиб чиқиб, илмий фаолият турини эркин танлаши, техникавий ижодкорликни амалга оширишда ва илмий-техник маҳсулотни яратишда бошқа шахсларнинг тазйиқидан ҳоли бўлиши билан белгиланади. Ҳар бир кишига берилган илмий ва техникавий ижод қилиш эркинлиги шахс интеллектуал фаолиятининг кафолати бўлиб, фуқаро ўзига тегишли бўлган мазкур фаолият турини ҳаётининг исталган босқичида амалга оширишга ҳақлидир. Зеро, илмий-ижодкорликка нисбатан қонун ҳужжатларида муайян ёш цензи қўйилмайди.
Бинобарин, илмий ва техникавий ижод эркинлигига нисбатан қонун ҳужжатларида муайян истисноли ҳолатлар белгиланган ва биринчи навбатда бу ҳолатлар халқ фаровонлигини ва тинчлигини таъминлаш, давлатнинг конституциявий тузумига зид бўлмаслик, доимо тараққиётга хизмат қилиш билан белгиланади. Албатта, мазкур талаблар деярли барча ҳолатларда амалга оширилган илмий ва техникавий фаолият натижасини амалиётга татбиқ этишга нисбатан қўлланилади. Яратилиш ҳолатида ва яратилганлик фактига кўра илмий ва техникавий ижод маҳсули ғаразли мақсадларни кўзлаб амалга оширилмаган бўлса, ижодий фаолият натижасининг аҳамияти ва мазмунидан қатъий назар, у “яшаш ҳуқуқига эга” бўлади.
Ижод эркинлиги фикрлаш эркинлиги, сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлиги (Конституциянинг 29-моддаси) билан узвий, чамбарчас боғлиқ. Ҳар қандай ижодий жараён фикрлаш (мулоҳаза юритиш, таҳлил этиш, хулосага келиш) асосида амалга оширилади, фикрлаш эса ўз навбатида сўзлар воситасида рўй беради, оғзаки ёки ёзма равишда билдириш орқали бошқаларга қабул қилиши учун, танишув учун имконият яратилади. Маълумки, ҳар қандай ижодкор маълум билимга, тажрибага таянади. Ҳеч қайси янги ғоя, фикр ўз-ўзидан вужудга келмайди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ўз ифодасини топган фуқароларни ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи ҳам ижод эркинлигини амалга оширишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бунинг маъноси шуки, жамиятда ахборотлар излаш, топиш, олиш ва тарқатишни чекловчи ёпиқ, таъқиқланган мавзулар мавжуд эмас. Ҳар бир ижодкор дунёнинг исталган нуқтасидан илмий ёки бошқача характердаги маълумотларни олиш ва улар асосида ўз ижодий фаолиятини амалга ошириш, ижод натижасида вужудга келган ғоялар ва асарларини мамлакатимизда ёки хорижда баён қилиш, босиб чиқариб, тарқатиш имкониятларига эга. Ахборотларнинг муҳим манбаси бўлган оммавий ахборот воситалари – радио, телевидение, матбуот фаолиятида цензурага йўл қўйилмайди. Кутубхоналар, архивлар барча фуқаролар учун очиқ. Бинобарин, мамлакатимизда ижодий фаолиятни амалга ошириш учун ва унинг натижаларидан кишиларни баҳраманд қилиш учун реал шарт-шароитлар мавжуд.
Айни вақтда ижодий фаолиятни мутлақ ўзбошимчалик билан ўзи хоҳлаган тарзда амалга ошириш, ғайриқонуний натижаларга эришишга йўл қўйилмайди. Конституциямизнинг 20-моддасига асосан ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас. Бу қоида кишилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигининг муҳим кафолати бўлиши билан бирга, айни вақтда илмий тадқиқотларни амалга оширишда риоя қилиниши лозим бўлган муҳим шарт ҳамдир.
Фуқаролар ижод эркинлиги, фикрлаш, сўз, матбуот эркинликларини амалга ошириш, ахборотларни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда ҳам маълум тартибга қатъий риоя қилишлари лозим. Ижод эркинлигини суистеъмол қилиб шарм-ҳаёсиз асарлар яратиш, фикрлаш, сўз ва матбуот эркинлигидан конституциявий тузумга қарши мақсадларда, бошқаларни бадном қилишни кўзлаб, ахборотлар излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқидан бошқаларни шахсий ҳаёт сирлари ёки давлат, хизмат ёинки тижорат сирларини ошкор этиш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Фуқаронинг ижод эркинлигини чеклашга қаратилган ҳар қандай уриниш учун ҳам, шунингдек ижод эркинлигини суиистеъмол қилиш учун қонунларда тегишли жавобгарлик белгиланган.
Конституциядаги ижод эркинлигини кафолатловчи норма шу соҳадаги бир қатор халқаро қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлигини айтиб ўтиш зарур. Ижод эркинлигининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро ҳужжатларга: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Саноат мулкини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Париж Конвенцияси, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқаро Билль, Адабий ва бадиий асарлар тўғрисидаги Берн Конвенцияси, Интеллектуал мулк ҳуқуқларини савдо қилиш бўйича Битим (ТРИПС), Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш бўйича Париж Конвенцияси, Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияларни киритиш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси инсоннинг энг асосий, табиий ҳуқуқ ва эркинликларини белгиловчи халқаро ҳужжат ҳисобланади. Унда инсоннинг яшаш ҳуқуқи, эркин бўлиш ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи билан бирга ижод эркинлиги ҳам белгиланган. Декларациянинг 27-моддасида ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этишга, санъатдан баҳраманд бўлишга, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги ўз ифодасини топган бўлиб, бу ҳуқуқ инсоннинг табиий, ақл-идрок билан мавжуд бўлган индивид сифатидаги фикрлаш ва ақлий фаолияти билан боғлиқдир.
Айнан инсон табиатдаги мавжудотлар орасида ақл-идрокка ва фикрлаш қобилиятига эга бўлган ягона мавжудот бўлиб, у ўзининг фикрлари, ақл-идрокини сўзлаш ва ўзга усулда ифода этиш орқали бошқа шахсларга етказади. Шу сабабли инсоннинг жамият тараққиётида иштирок этиши ҳар доим муҳим аҳамият касб этиб келган.
Бошқача айтганда, айнан инсоннинг ижодий фаолияти, ақлий тафаккури жамиятнинг бугунги тараққий этган даражасини таъминлади. Дарҳақиқат, инсоннинг ақли ва ижодкорлиги инсониятнинг бугунги ҳаёт даражасини юксалтиришга асосий омил эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли бутун дунё ҳамжамияти ҳар бир инсоннинг илмий тараққиётда иштирок этиш ҳуқуқи мавжудлигини белгилайди ва уларни ёши, ақлий қобилияти, муомала лаёқати ёки бошқалардан келиб чиқиб фарқламайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |