МАЪНАВИЯТ ВА БИЛИМ ОЛИШ ҲУҚУҚИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ
Муҳаммади Усмонов,
А.Авлоний номидаги
ХТХҚТМОМИ профессори,
юридик фанлари доктори
Кишилик жамияти тараққиётини маънавиятсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг юксак маданияти ва маънавияти билан кучлидир”. Юксак маънавият енгилмас куч бўлиб, бундай давлат ва миллатни енгиб бўлмайди. Шу сабабдан, мустақил давлатимизнинг биринчи Конституциясида маънавиятга бағишланган нормалар асосий қоидалар сифатида муҳрланиб, уларга конституциявий мақом берилган.
Маълумки, Конституция ҳар бир давлатнинг асосий қонуни бўлиб, у ўзида ижтимой-иқтисодий ва сиёсий тизим, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликларини белгилаб бериш билан бир қаторда, шу мамлакатда яшайдиган ҳалқнинг урф-одатлари, маданияти, маънавияти асосларини ўрнатадиган сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам ўзида республика халқининг эрки, орзу-ниятлари, эзгу интилишлари, мақсади, маънавияти ва маданиятини тўлиқ акс эттиради. Уни тарихимизнинг чуқур бой мероси, миллий анъана ва қадриятларимиз, юксак маънавиятимиз, умумтан олинган халқаро демократик тамойиллар асосида яратилган дейиш ўринлидир.
Мустақил давлатимизнинг биринчи Конституциясини яратиш учун асос сифатида бой тарихий давлатчилик тажрибасига таянилди, бунда маънавий қадриятларимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз, мустақиллик мафкураси, миллий ғоямиз муҳим роль ўйнади, Темур тузуклари, Бобурнома, Берунийнинг, жадидларнинг давлат ва ҳуқуқ тўғрисидаги қарашлари, Бухорийнинг ҳадислари тарихий ва маънавий манба вазифасини бажарди.
Маълумки, манавиятимиз бағрикенглик, меҳнатсеварлик, жамиятда халқ манфаатларининг устуворлиги, адолатпарварлик каби умуминсоний қадриятларга таянади. Бағрикенглик, тинч-тотувлик ғояларини ўзида мужассам этган асосий қонунимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари битта халқ сифатида эътироф этилган. Унда “Ўзбекистон халқи” тушунчаси мамлакатимизда яшаб ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишиларни англатиши ҳуқуқий мустаҳкамланган.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб белгиланган. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикаси ўз худудида истиқомат қилувчи хар бир миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарнинг хурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб таъкидланган (4-модда). Бу борада мустақиллик йилларида мамлакатимизда кўплаб ишлар амалга оширилди. Хусусан, 1992 йилда миллий-маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Байналмилал маданият” маркази ташкил этилди. Ўшанда 12 та миллий-маданий марказлар фаолиятини бирлаштирган бу жамоат ташкилоти бугун 100 дан ортиқ марказлар ишини мувофиқлаштириб турибди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги самарали фаолиятнинг яққол далилидир.
Миллатлараро тотувлик ғояси - умумбашарий қадрият бўлиб, у турли халқлар биргаликда яшайдиган минтақа ва давлатлар тарққиётини белгилашга, пировардида шу жойда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга кафолат бўлиб хизмат қилади. Фикримизнинг далили сифатида Конституциямизнинг баъзи қоидаларини мисол келтириш мумкин. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди (4-модда). Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдир (18-модда). Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга (25-модда).
Бугунги кунда динлараро бағрикенглик ғояси нафақат динлар, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги хамкорлиги, тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг мухим шарти бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда қонуний асосда барча динларга ҳамда виждон эркинлигига тенг имкониятлар яратиб берилган. Диний ташкилотлар билан муносабатларнинг қонуний асослари яратилган. Чунончи, Конституциямизнинг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Ҳозир мамлакатимизда бир қатор диний конфессиялар фаолият юритиб, уларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган.
Маънавиятимизнинг асосий ўзагини ташкил этган, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган, давлатимизнинг доимий диққат эътиборида турган ижод, маданият, таълим масалалари хусусида тўхталадиган бўлсак, Асосий қонунимизнинг бир қатор нормаларида ушбу ҳаётий муносабатлар атрофлича тартибга солинган. Хусусан, Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратидалиги ўрнатилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар тизимида илм-фан, санъат ва адабиёт билан боғлиқ ҳуқуқлар алоҳида ўринни эгаллайди. Унда белгиланишича, ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади.
Ушбу конституциявий норма мазмунида энг аввало ҳар бир шахснинг илмий ва техникавий ижод эркинлиги ўз мужассамини топган. Кишилар илм-фан, санъат, бадиий адабиёт ва ижоднинг бошқа соҳаларида эркин фаолият юритиш ҳуқуқига эга. Ижодкор шахслар қонунга кўра мафкуравий ёки сиёсий чегаралар билан чеклаб қўйилмаган, яъни конституцияда мафкуралаштиришдан воз кечилган бўлиб, ижод аҳлига сўз, фикр, виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунингдек, Конституциямизнинг 67-моддасида оммавий ахборот воситалари фаолиятида цензурага йўл қўйилмайди деб белгиланган бўлиб, бу ҳам ижод эркинлигининг конституциявий кафолати ҳисобланади.
Мустақил давлатимизнинг биринчи Конституциясида ёшларимизни баркамол қилиб вояга етказиш, билим олиш, таълим-тарбия масаласига алоҳида эътибор берилиб, унга конституциявий мақом берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги ўрнатилди.
Ушбу конституциявий норма асосида мамлакатимиз таълим тизимида мустақиллик йилларида дунё ҳамжамиятини ўзига жалб этган кенг қамровли эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, қарийб 9,5 минг ёки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мактабларнинг деярли барчаси янгитдан қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди, Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли ҳар бир мактаб, коллеж ва лицейларда очиқ спорт майдончалари билан бирга замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган ёпиқ спорт заллари ва сузиш ҳавзалари мавжуд. Мамлакатимизда 12 йиллик таълимнинг барча учун мажбурий ва бепул эканлигини Конституциямиз ва Таълим тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилганлиги диққатга сазовордир.
Юқорида санаб ўтилган конституцивий нормалар асосида билим олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида ривожлантирилди. Ушбу қонунда таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида таълимнинг Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиётида устуворлиги, таълим ва тарбиянинг инсонпарварлиги, демократик характерда эканлиги; таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги; умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги; таълим тизимининг дунёвий характердалиги; таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги; билимли бўлиш ва истеъдоднинг рағбатлантирилиши каби муҳим жиҳатлар белгиланган.
Ушбу конституциявий нормалар асосида бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларимизни маданият ютуқлардан баҳраманд этишга хизмат қилувчи ўзига хос тизим яратилди. Энг аввало, улар оммавий ахборат воситалари – газеталар, журналлар, радио, телевидение, интернет сайтлари орқали фан, адабиёт, санъат асарларидан баҳраманд бўлмоқдалар. Мамлакатимиз ва хорижлик муаллифларнинг асарлари тинимсиз нашр этиб борилмоқда. Нафақат пойтахтимизда, балки чекка минтақаларда ҳам театрлар, музейлар, кутубхоналар ишлаб турганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз асосида мустақил тараққиётимизнинг 25 йили мобайнида эришилган барча ютуқларни асосий қонунимизнинг бой тарихий, маънавий ва маданий меросимиз, миллий урф-одатларимиз, миллий ғоя ва мустақиллик мафкурасига таянган ҳолда ишлаб чиқилганлиги ётишини таъкидлаш ўринлидир. Шубҳасиз, у халқимиз кўзлаган асосий мақсад - озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётга эришишда ғоявий компос ролини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |