ФУҚАРОЛАРНИНГ ЭКОЛОГИК ҲУҚУҚЛАРИНИ КАФОЛАТЛАШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ
Бузрукхўжа Мамадалиев,
ТДЮУ ўқитувчиси
Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси ўзаро ҳамкорликда, давлат, жамият ва фуқароларнинг биргаликдаги фаолияти орқалигина ижобий ҳал этилиши мумкин. Мана шу муаммоларни ижобий ҳал этишда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари қай даражада кафолатланганлиги, ҳимояланганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари бир нечта норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Булар орасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳозирги замонда инсон эркинликлари кафолатининг буюк хартияси ҳисобланади. У шахснинг ҳам фуқаролик ва сиёсий, ҳам иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликлари кўламини ўзида илк бор тўла мужассам этган халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши халқаро муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлди.
Эътиборли томони шундаки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир. Декларациянинг қоидалари Ўзбекистон Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик нормаларида ўз ифодасини топган. Мустақиллик йилларида ушбу Декларация матни ўзбек тилида 0,5 миллиондан зиёд нусхада чоп этилди.
2008 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тўғрисида” Фармон қабул қилинди1.
Мазкур Фармон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи ва эркинликларини янада самаралироқ рағбатлантириш ва муҳофаза этишга қаратилган аниқ тадбирлар дастурини белгилаб берди. Тадбирларда давлат ташкилотлари ва муассасалари, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирок этиши энг муҳим вазифа экани алоҳида қайд этилди.
Булардан кўзда тутилган натижа, аввало, инсоннинг асосий ҳуқуқларини, жумладан, экологик ҳуқуқларини таъминлаш, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларини миллий қонунчиликда мустаҳкамлаш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари кафолатининг ҳуқуқий асосини яратишдан иборат бўлди.
Шу маънода ҳозирги кунда экология муаммоси инсон ҳаётининг табиий равишда давом этиши ва уни сақланиб қолиши учун энг хавфли манба бўлиб қолмоқда. Афсуски, кейинги йилларда табиатнинг инсонга кўрсатаётган мехр-мухаббати ва ижобий таъсирига нисбатан инсонни табиатга бўлган зуғуми, ваҳшийлиги, табиат бойликларидан хўжасизларча фойдаланиши ва бошқа салбий муносабатлари кучайиб кетмоқда.
Ана шундай жараёнда дунёдаги ҳамма давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосида табиатни муҳофаза қилиш ва экология масаласига алоҳида эътибор қаратишини тақазо этади. Агарда ушбу жараён шундай давом этадиган бўлса турли экологик муаммолар ва бошқа тирик мавжудотни, жумладан, нисоният ҳаётини барбод бўлиши, генефондини бутунлай ўзгариб кетишига, табиат ресурсларидан ваҳшийларча фойдаланишга, атроф табий муҳитни қаттиқ ифлосланишига ва бошқа хавфли ҳалокатларга олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов тўғри таъкидлганидек, “Асрлар туташ келган паллада бутун инсоният, мамлакатимиз аҳолиси жуда катта экологик ҳавфга дуч келиб қолди. Буни сезмаслик, қўл қовуштириб ўтириш ўз-ўзини ўлимга маҳкум этиш билан баробардир”1.
Демак, бу ғоя инсонларни табиатни ҳамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муоммоларнинг олдини олиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кафолатлашга алоҳида эътибор бериш, унга замон талаби асосида янада эътибор беришни тақозо этади.
Юридик адабиётларда эътироф этилган давлатлар ва фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган қуйидаги халқаро тамойилларни ҳам аҳамиятини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Булар жумласига: атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш; давлатларнинг ўз табиий бойликлари устидан ажралмас суверенитети; давлат юрисдикциясидан ташқари атроф-муҳитга зарар етказмаслик; атроф-муҳитга таъсир этишни баҳолаш; атроф-муҳитга хавфли таъсир этиши мумкин бўлган фаолият тўғрисида олдиндан маълум қилиш ва ахборот айирбошлаш; экологик жиҳатдан хавфли бўлган фаолиятни амалга оширишда ўзаро маслаҳатлашиш ва келишиш; атроф-муҳитга нисбатан жиддий ёки олдини олиш қийин бўлган хавф мавжуд бўлган ҳолатларда эҳтиёт чораларини кўриш тамойилларини киритиш мумкин1.
Юқорида кўрсатилган тамойиллардан ташқари, умуман халкаро миқёсда давлатлар ва фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кафолатлашнинг яна бир қатор тамойиллари ҳам юридик адабиётларда талқин этилган2. Ҳаттоки фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кафолатлашнинг халқаро ҳамкорликдаги хусусиятлари ҳам замон талаби асосида кўрсатиб таҳлил килинган3.
Фикримизча, юқоридаги тамойиллар фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кафолатлашга катта хизмат қилиб, уларни қуйидаги янги тамойиллар билан тўлдириш мақсадга мувофиқдир.Биринчидан, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этишда нафақат бир давлатнинг, балки халқаро ҳуқуқ нормалари асосида бошқа давлатларнинг ҳам манфаатларини инобатга олиш; Иккинчидан, қонунларни ва давлат стандартларини экологиялаштириш; Учинчидан, экологик агрессия (экоцид)ни ман этиш ва олдини олиш; Тўртинчидан, фавқулодда вазиятлар, экологик фалокат ва экологик офатлар чоғида халқаро ҳамкорликни таъминлаш ҳамда ёрдам бериш; Бешинчидан, эколик хавфсизликни таъминлашнинг ягоналиги ҳамда мажбурийлиги ва бошқалар. Юқорида кўриб чиқилган барча тамойиллар инсон ва фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кафолатлашга ёрдам беради.
Шу нуқтаи назардан олганда фуқароларнинг қандай экологик ҳуқуқлари мавжуд? – деган савол туғилиши мумкин1. Амалдаги қонун талабларига кўра фуқароларнинг қуйидаги экологик ҳуқуқларини таъкидлаш мумкин. Булар: 1)инсон ҳаёти ва соғлиги учун қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш. (“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси); 2)Табиий муҳитнинг ҳолати ҳакида аниқ ахборотга эга бўлиш (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддаси); 3)Экологик ҳуқуқбузарлар томонидан етказилган зарар ўрнини қоплаш (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 54-моддаси); 4)Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича жамоат бирлашмалари ва жамғармаларини тузиш, бунда тузилмаларнинг аъзолари бўлиш. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддаси); 5)Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича давлат органларига хатлар, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилиш. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси); 6)Жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш ҳақида таклифлар киритиш ва унинг натижалари ҳақида ахборот олиш. (“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-27 моддалари); 7)Экологик зарарли объектларни жойлаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш ҳақидаги қарорларни бекор қилишни маъмурий ва суд тартибида талаб қилиш. (“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 52-моддаси) ва бошқалар
Юқоридаги қонунлар фуқароларнинг экологик ҳуқуқларининг табиий муҳит шароитларини сақлашнинг, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради. Қонунларда кўрсатилган талабдан мақсад инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар уйғун мувозанатда ривожланишини, экология тизимлари, табиат комплекслари ва айрим обьектлар муҳофаза қилинишини таъминлашдан фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашдан иборатдир.
Бизнингча, юқорида кўриб чиқилган барча фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш тамойиллари ҳамда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ҳозирги замон талаби нуқтаи-назаридан ўз вақтида бажарилиши, унга амал қилиниши ҳамда кафолатланиши лозим бўлади. Бунда албатта, ҳозирги замон талаби асосида аҳоли ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитни сақлашда ўзаро ҳамкорлик жараёнларини кучайтириш зарур.
Бугунги кунда бундай жараёнлар трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида, жумладан, Орол денгизини сақлаб қолиш ва унинг атрофидаги экологик муҳитни яхшилаш, Тожикистон Республикаси ҳудудидаги Сарҳез кўлини экологик ҳолатини яхшилаш масаласида олиб борилиши лозим.
Оддий бир мисол, агарда Сарҳез кўли тўсатдан бўшалиб кетганда ундаги 16,6 куб км объёмдаги сув Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақопоғистон Республикаси ва Афғонистон Республикасининг етмиш минг кв. км ҳудудида даҳшатли экологик ҳолатни келтириб чиқариши мумкин.
Ёки, Тожикистоннинг Регарь альюмин заводи томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантириш оқибатида Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой туманларидаги қишлоқ хўжалик соҳасида жуда катта экологик ва иқтисодий зарар етказмоқда, Сариосиё районида эса айрим касалликлар республиканинг бошқа жойларига қараганда икки баравар кўплиги аниқланган.
Бундан ташқари, ҳар йили республикамизда 100 млн. тонна ишлаб чиқаришда чиқиндилар ҳосил бўлиб, атмосфера ҳавосига 2 млн. тоннаси, 138 млн. тоннаси эса турли сув ҳавзаларига чиқарилиб ташланмоқда1.
Шундай экан, юқорида мавжуд экологик муаммолар фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини тўла амалга ошириш ва таъминлаш ҳамда кафолатлашда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ишлаб чиқаришда янги-янги технологияларни қўллаш, соф экологик муҳитни яратиш зарур.
Ҳар қандай қонун ҳаракат соҳасидан қатъий назар, ишлаб чиқилаётган ва муҳокама этилаётган пайтда инсоннинг асосий, бузилмас ҳуқуқларига қанчалик мос келишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ана шу тамойилларга оғишмай риоя этган ҳолдагина биз чин маънодаги ҳуқуқий адолатпарвар давлат қуришга эриша оламиз”. Бу бевосита инсон ва фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ва уни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларининг кафолатланиши фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсирларни камайтиришга, атроф табиий муҳитни мухофаза қилишга, инсонларнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |