ЭКОЛОГИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТИЗИМИДА КОНСТИТУЦИЯВИЙ НОРМАЛАРНИНГ ЎРНИ
Джахонгир Сафаров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти етакчи
илмий ходими, юридик фанлари
номзоди, доцент
Бутун қонун ҳужжатлари, шу жумладан экологик қонун ҳужжатлари шаклланишида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжатнинг экологик муносабатларни тартибга солишдаги аҳамияти беқиёс бўлиб, Конституция бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан олий юридик кучга эга, Ўзбекистон ҳудудида тўғридан - тўғри амал қилади1.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг экологик сиёсати соҳасидаги асосий қоидалар мустаҳкамланган. Унда инсоннинг экология соҳасидаги уч қиррали фаолияти тартибга солинган: табиатдан фойдаланиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг экология соҳасидаги бурчлари (50-модда), мулкдан фойдаланишда экологик талабларни инобатга олиш (54-модда), табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқи (55-модда), маҳаллий давлат ҳокимият органларининг ваколатлари (100-модда) каби масалалар ҳам ўз аксини топган1.
Яна бир гуруҳ ўзбек олимлари конституциявий моддалар мазмунидан келиб чиқиб, табиат ва унинг ресурсларини ҳам ҳаёт асоси (экологик жиҳат), ҳам фаолият асоси (иқтисодий жиҳат) сифатида тавсифлагани ҳолда экологик қонунчилик экология ва иқтисодиётнинг ўзаро чамбарчас ва узвий алоқадорлигини, Ўзбекистон Республикаси халқлари иқтисодий ва экологик манфаатларини илмий асослантирган ҳолда уйғунлаштириш заруриятини мустаҳкамлайди2, деб ёзадилар.
Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш жараёнида юзага келувчи мураккаб экологик муносабатларни тартибга солишда қонун ҳужжатларининг ўрни ва аҳамияти улкан. Ушбу соҳада қонун ҳужжатларининг ҳолати ва мукаммаллиги давлат экологик сиёсатининг самарали бўлишига бевосита таъсир этади. Давлат экологик сиёсатининг муваффақиятли олиб борилиши қонун ҳужжатлари ҳолати ва такомиллаштирилишига бевосита боғлиқ. Шундай экан, экологик қонун ҳужжатларини босқичма-босқич ва тизимли такомиллаштириб бориш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади1. Мустақиллик шароитида, яъни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ислоҳотларни амалга ошириш учун самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга, янги ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий негизларини ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди2.
Экологик қонун ҳужжатлари тизими тушунчасига тўхталиб ўтишдан олдин, “тизим” ва “қонун ҳужжатлари тизими” тушунчаларига аниқлик киритиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига мурожаат этадиган бўлсак, унда тизим “ўзаро боғлиқ ва узвий тартибда бўлган нарса, ҳодисалар бирлиги, мажмуи; бирор-иш фаолиятни ташкил этиш, амалга оширишнинг шакл ва тартиб-қоидалари мажмуи”, тизмоқ эса, “кимса ёки нарсаларни ёнма-ён ёки бирин-кетин жойламоқ, термоқ, саф ёки қатор қилмоқ; сафламоқ, қаторламоқ; бири кетидан бошқасини, бирин-кетин, узлуксиз келтирмоқ, қаторлаштирмоқ”1 сифатида талқин этилган.
“Экологик” тушунчаси жамият ва табиат муносабатлари соҳасида юзага келган барча ижтимоий муносабатларни қамраб олади ҳамда улар тизимида етакчи ўринни атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш эгаллайди.
Экологик қонун ҳужжатлари тизими қонунчилик тармоқларидан бири сифатида унинг мустақиллиги ва ўзига хослигини тавсифловчи барча белгиларга эга. Қонунчилик мустақил тармоғининг фарқланувчи белгилари – авваламбор, унинг иерархик тузилиши, бир-бирига бўйсунуви ҳамда уни ташкил этувчи ҳужжатларнинг ўзаро бир-бирига мослиги, юридик жиҳатдан устун турувчи ҳужжат қоидаларининг унинг таркибидаги ҳужжатларда янада аниқлаштирилиши, тўлдирилиши кабилардир. Қонунчилик тармоғининг мажбурий белгиси бу тармоқнинг бошқа ҳужжатлари мазмуни ва шаклини белгилаб берувчи асосий, ўзак ҳужжатнинг (бир неча ҳужжатлар) мавжудлиги, уларнинг ўзаро чамбарчас боғлиқлигидадир.
Экологик қонун ҳужжатлари қонунчилик тармоғи учун хос бўлган барча умумий белгиларга эга бўлгани ҳолда, қатор ўзига хос хусусиятлари билан ҳам тавсифланади. Бинобарин, экология ҳуқуқи ҳам авваламбор, ҳуқуқ тармоғи сифатида экологик ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ўзига хос ҳуқуқий нормалар тизимини ифодалайди. Экологик қонун ҳужжатлари эса, экология ҳуқуқининг манбаи бўлиб, ўзида экологик-ҳуқуқий нормаларни мужассам этган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ифодалайди.
Мамлакатимизда эколог-ҳуқуқшунос олимлар томонидан экологик қонун ҳужжатларининг юзага келиши ва ривожланишининг турли жиҳатлари тадқиқ этилган1. Экологик қонун ҳужжатлари экология ҳуқуқининг асосий манбаи ҳисобланиб, юридик адабиётларда “атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи”2 сифатида таърифланган. И.Ф.Панкратов қайд этганидек, “экологик қонун ҳужжатлари – табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни қамраб олувчи қонунчиликнинг комплекс тармоғи”3. Ушбу таърифларда экологик қонун ҳужжатлари табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларидан иборат бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи сифатида тавсифланади.
Экологик қонун ҳужжатларига нисбатан мақбул таърифни Ш.Х.Файзиевнинг илмий изланишларида учратишимиз мумкин. Унга биноан, “экологик қонунчилик бу атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи”4.
Ўзбекистон экологик қонун ҳужжатлари тизими ва мазмунини тадқиқ этар экан, Й.О.Жўраев Ўзбекистон экологик қонун ҳужжатлари табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг умумий масалаларини тартибга солувчи нормалар ҳамда қатор қонун ҳужжатлари тармоқлари: ер, сув, ўрмон, тоғ-кон, ўсимлик, ҳайвонот дунёси ва атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларидан ташкил топган, деган хулосага келади1.
Давлат ўз экологик функциясини ҳуқуқий шаклсиз, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигисиз амалга ошира олмайди. Шу маънода, М.К.Нажимов табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига бошқариш тизими эълементи сифатида ёндашиб, қуйидагиларни таъкидлайди: “Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги давлатнинг экологик функцияси мазмунининг бир қисмини ташкил этади ва табиатни муҳофаза қилиш ҳуқуқ ижодкорлигининг натижаси ҳисобланади. Ҳуқуқ ижодкорлигига давлатнинг экологик функциясининг зарурий ва доимий ҳаракат йўналиши сифатида қараш лозим. Бошқариш тизими элементи сифатида, унинг ўзига хос қуроли сифатида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ҳолатига боғлиқ ҳолда, бошқариш объектларининг ҳолатидан келиб чиқиб, аниқ бевосита мақсадларга эришиш хусусиятларини инобатга олиб, ижтимоий муносабатлар иштирокчилари хулқ-атворига таъсир чораларини вужудга келтиради. Улар мажбурловчи, рухсат берувчи, ман этувчи турларда бўлади. Табиатни муҳофаза қилиш муносабатларини тартибга солишнинг усули сифатида ишонтириш ва мажбурлаш яқин бирликда бўлади”2.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 2 мартда 2333-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 2 мартдаги 53-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторида барча бўлимлар ўзининг махсус кодига эга бўлиб, унинг 11-бўлими “Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар”га (11.00.00.00 кодли) бағишланган бўлиб, у ўз навбатида 10 қисмдан, ҳар бир қисм эса яна бир нечта қисмлардан, ўз навбатида улар ҳам бир неча кичик қисмлардан ташкил топган: яъни, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича умумий масалалар (13 қисм), атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш (8 қисм), ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш (24 қисм), ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш (14 қисм), сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш (14 қисм), ўрмонлар ва ўрмон фондига кирмайдиган ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш (10 қисм), ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва фойдаланиш (17 қисм), атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги (6 қисм), гидрометеорология ва сейсмология1.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 14 февралда 2326-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 14 февралдаги 39-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш Қоидалари”нинг Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисоби юритилиши белгиланган1.
Шу ўринда классификатордаги айнан экологик қонунчиликка тааллуқли айрим камчиликли жиҳатлари тўғрисида тўхталиб ўтсак. Хусусан, сув қонунчилигига 2009 йил 25 декабрда киритилган 100 дан зиёд ўзгартиришлардан муҳимларидан бири бу сув истеъмоли ҳуқуқининг кириб келиши ҳамда унинг фойдаланишдан ажратилиши бўлди. Бироқ ушбу ҳолат классификаторнинг 11.05.00.00 кодли “Сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш” қисмида ўз аксини топмаган. Хусусан, сувдан фойдаланиш турларида умумий ва махсус, биргаликдаги ва танҳо, бирламчи ва иккиламчи сувдан фойдаланиш кўрсатилган. Бироқ ҳозирда бирламчи ва иккиламчи сувдан фойдаланиш тури бекор қилинган. Шунингдек, аҳолининг истеъмоли, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш, сувдан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш асосан сув истеъмоли сифатида белгиланган. Шундай экан, классификаторда ҳам мазкур ҳолатни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Бугунги кунда экологик қонун ҳужжатлари ҳақида сўз борганда, унинг ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган талабларга риоя этган ҳолда қабул қилинган2 жамият ва табиат ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган экологизациялашган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи сифатида нисбатан мустақил эканлигини айтиш ўринли.
Экологик қонун ҳужжатлари тизимини Н.К.Скрипников шартли равишда тўртга бўлади: 1) комплекс тусдаги бош қонун; 2) экологик муносабатлар йўналишлари бўйича қонунлар: табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича қонунлар; 3) бошқа ҳуқуқ тармоқларининг экологизациялашган қонунлари; 4) экологик ҳуқуқ-тартибот қонунлари1.
Экологик қонун ҳужжатлари таркибини тавсифловчи қатор хусусиятлар мавжуд: биринчидан, қонун ҳужжатларининг ушбу тармоғи икки даражали тизимда намоён бўлади, яъни ҳам горизонтал, ҳам вертикал нуқтаи назардан ифодаланади. Вертикал тусдаги иерархик тизимдан конституция, кодекслар, жорий қонунлар ва қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жой олган. Бунда юқори бўғиндаги қоидалар қуйи поғонадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги нормалардан устунроқ туради. Горизонтал тизимда эса, ўз юридик кучи бўйича тенг бўлган қонун ҳужжатлари мажмуи тушунилади; иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси экологик қонун ҳужжатлари тизими қуйидаги йўналишда шаклланган: табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари; табиатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатлари тизими экологик қонун ҳужжатлари тизимининг таркибий қисми сифатида, В.В.Петров таъбири билан айтганда, “атроф табиий муҳит барқарор сифатига эришиш ҳамда экологик манфаатларнинг илмий асосланган уйғунлигини таъминлаш мақсадларида табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мажмуини ифодалайди”1.
Й.О.Жўраев таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси экологик қонун ҳужжатлари тизими горизонтал ва вертикал принцип замирида шаклланган. Горизонтал йўналишда экологик қонун ҳужжатлари ўз таркибига умумий тартибга солувчи тусдаги нормаларни, шунингдек, ер, сув, ўрмон, тоғ-кон, ҳаво, фауна ва флорага оид муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари тармоғини алоҳида-алоҳида қамраб олади. Вертикал йўналишда эса, экологик қонун ҳужжатлари тегишинча Республика доирасидаги, Қорақалпоғистон, вилоятлар ҳамда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатларидан ташкил топади2.
Й.О.Жўраев таъбири билан айтганда, “умумлашган ҳолда Ўзбекистон экологик қонун ҳужжатлари ҳаёт ҳамда моддий ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган қулай табиий шарт-шароитларни яхшилаш, муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, сақлаб қолишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимини ифодалайди. Ўзбекистон экологик қонун ҳужжатларини хўжалик, меҳнат, маъмурий, жиноят, фуқаролик сингари қонунчилик тармоқларининг экологизациялашган нормалари тўлдиради”3.
Ш.Х.Файзиев экологик қонун ҳужжатларига берилган ушбу таърифни икки нуқтаи назардан шарҳлаш мумкинлигини эътироф этади. Бир томондан, у табиий ресурслардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг умумий масалаларини тартибга солувчи фаол норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда табиатнинг асосий объектлари бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларидан иборат. Бошқа томондан экологик қонун ҳужжатларининг мазмуни ва таркибий қисмларини баҳолаб, у қулай табиий шарт-шароитларни сақлаб қолиш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва яхшилашга йўналтирилган ҳуқуқий ҳужжатлар тизими сифатида тавсифланади. Шунга кўра, Ш.Х.Файзиев экологик қонун ҳужжатларига “атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи бўлиб, қулай табиий шароитларни яхшилаш, сақлаб қолиш, тиклаш ва муҳофаза қилишга йўналтирилган”1, – деган хулоса келади.
Бир гуруҳ ўзбек олимлари эса экологик муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш жараёни ушбу хусусиятларни қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда таснифлаш имконини беради, деб қайд этадилар. Биринчидан, атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий асослари, улар бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ бўлиб, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Иккинчидан, атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ижтимоий-социал жиҳатлари, улар давлатимизнинг янги экологик доктринаси шаклланиши муносабати билан алоҳида аҳамият касб этади. Яққол ифодаланган инсоний қадриятларга устуворлик бергани ҳолда экологик доктринанинг марказий бўғинида инсон, унинг ҳаёти ва соғлиғи ётади. Учинчидан, экологик ва табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўлиб, улар узлуксиз хусусиятга эга. Экологик муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш нафақат барқарор ривожланишга ўтиш билан боғлиқ атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини, балки жорий экологик муаммолар, шу жумладан, аҳоли соғлиғини ҳимоя қилишга тааллуқли муаммоларни ҳам қамраб олади. Тўртинчидан, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги муаммоларни жойларда ҳал этиш. Мамлакат алоҳида ҳудудларининг экологик осойишталиги аввламбор, мамлакатнинг алоҳида ҳудудларида жойлашган бой табиий имкониятларни ишга солиш эвазига таъминланган. Бешинчидан, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорликнинг халқаро-ҳуқуқий жиҳатларини ҳисобга олиш1.
Хулоса қилиб айтганда, экологик қонун ҳужжатлари тизими ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, улар тизимида конституциявий нормалар муҳим аҳамиятга эга. Конституциявий экологик нормалар давлат экологик сиёсатини шакллантиришга ҳал қилувчи таъсир кўрсатади ҳамда давлат, жамият ва шахснинг экологик манфаатларини муҳофаза қилади. Айни дамда Конституция атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатларга устуворлик беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |