ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРДА ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИЙ ТАВСИФИ
Дурбек Маҳкамов,
ТДЮУ кафедра мудири,
юридик фанлари номзоди
Экологик муаммолар инсониятни инқирозга олиб келиши мумкинлигини барча давлатлар англаб етди. Бу одатда иқтисодий ва глобал фалокатга олиб келади. Шу билан бирга тан олишимиз керакки, бу муаммоларни бартараф этиш учун амалга оширилаётган чоралар етарлича самара ва муваффақият олиб келиши мушкул. Шу сабабдан ҳам экология сохасидаги муаммоларга миллий ва халқаро муаммо сифатида қаралади.
Дунё давлатлари “қандай қилиб бу вазиятни ўзгартиришимиз мумкин?”, деган саволга турлича ёндашмоқда. Бу борада қилинган асосий ва дастлабки ишлардан бири соҳага оид халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Мазкур жиҳат мавжуд муаммони маълум бир даражада ҳал этишда ёрдам бериши мумкин.
Ўн беш йил олдин Украина олимлари томонидан “Атроф-муҳит Конституцияси”ни ишлаб чиқилган ва қабул қилишган. Бу фикр баъзи мамлакатлар томонидан қўллаб қувватланган. Сўнгра БМТ томонидан ҳам баъзи ҳужжатлар қабул қилиниб, барча давлатлар ушбу назарияларни тадбиқ қилиш учун ҳаракатларни амалга оширган.
Айтиш жоизки, бир неча ўн йил олдин олдин, дунё мамлакатлари конституцияларида экалогик муаммоларни ҳал қилиш масаласига эътибор қилинмаган эди. Ҳозирги кунда кўплаб давлатларда эса айнан атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш масаласи алоҳида модда ёки бир нечта моддалар кўринишида намоён бўлмоқда. Зеро, ХХI асрга келиб, экологик муаммоларга масъул ва профессионал барча сиёсий ва ижтимоий кучлар ва олимлар томонидан бу инсоният тақдири билан боғлиқлигини инобатга олган ҳолда ечим излашмоқда. Мисол тариқасида айрим хорижий давлатлар конституцияларини кўриб чиқишимиз мумкин.
1991 йилда қабул қилинган Габон Республикаси Конституциясига назар соладиган бўлсак, унда “Давлат барча учун кафолатлар соғлиқни сақлаш, оналар, болалар, ногиронлар, ёш ходимлар ва кекса кишиларни дам олиш ва бўш вақт билан таминлайди. Шунингдек ижтимоий хавфсизлик, атроф муҳитни ҳимоя қилиш каби масалаларни доимий назорат қилади”, - деб ифодаланган. 1997 йилда қабул қилинган
Фаластин асосий қонунининг 33-моддасида “Фуқаролар мувозанатли ва тоза атроф-муҳит учун ўз фаолиятларни тўғри амалга ошириш, атроф муҳитни ифлосланишини олдини олишлари асосий ва миллий бурчидир” каби қоида мустаҳкамланган.
1975 йилда қабул қилинган Греция Конституциясининг 18, 24, 28, 106-моддалари айнан экология соҳасига тааллуқлидир. Хусусан, “...табиий ва маданий атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз томонидан олиб борилади. Давлатимиздаги боғларни муҳофаза қилиш учун профилактика ва репрессив чоралар кўрилади. Бундан мақсад табиатдаги мувозанатни ва табиатни зарарли таъсирдан сақлашдир”.
Испания Конституцияси 1978 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг 45-моддасида “Ҳар бир инсон соғлом ривожланиши ва қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқига эга, уни сақлаб қолиш учун барча жавобгар бўлади. Давлат органлари муҳофаза қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга ҳамда атроф-муҳитни қайта тиклаш учун табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мониторингини олиб боришга кафилдир”, - деб белгиланган.
1999 йилда қабул қилинган Швейцария Конфедерацияси Федерал Конституциясининг 74-моддаси атроф-муҳитга бағишланган бўлиб, унда “Давлат инсонларнинг зарарли таъсирдан муҳофаза қилади ва атроф муҳит тўғрисидаги норматив ҳужжатларни қабул қилади. Бундай таъсирни олдини олиш учун ғамхўрлик қилади”, деб қайд қилинган.
Таиланд Қироллиги Конституцияси 2007 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг 66-моддасида “Бир жамоа, маҳаллий ҳамжамият ёки анъанавий маҳаллий ҳамжамият ташкил қилган шахслар, самарали тарзда бошқариш, техник хизмат кўрсатиш ва табиий ресурслар, атроф-муҳит ва биологик хилма-хилликдан оқилона фойдаланишда иштирок этадилар”, деб кўрсатилган
1971 йилги Бирлашган Араб Амирликлари Конституциясининг 23-моддасида “Табиий ресурслар ва бойлик улар кимнинг ҳудудида жойлашганлигидан қатъий назар давлат мулки хисобланади. Компания давлат иқтисодий манфаатларига мос бўлган муҳофаза ва оқилона фойдаланишни қўллаб-қувватлайди”, - деб эътироф этилган.
Бу каби ўзига хос тарзда ифодаланган конституцион нормалар жаҳон тажрибасида кўплаб учрайди. Эътиборлиси, мазкур нормалар у ёки бу давлатнинг экологик сиёсати, иқтисодий қудрати ва ҳуқуқий режимидан келиб чиққан ҳолда ифодаланган. Давлатларнинг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари нормалари жамиятнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда шаклланган бўлиб, хусусан бунда ушбу давлатлар Конституцияларини ишлаб чиқиш ва уларнинг қабул қилиниши тарихи, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш даражаси, қабул қилинган декларациялар нормаларининг иқтисодий жиҳатдан таъминланганлик даражаси, шунингдек, мамлакат аҳолисининг зичлиги, қолаверса табиий муҳит ҳолати, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатлар ўз таъсирини ўтказган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам ривожланган давлатлар конституциялари каби энг халқчил, экологик қонуниятларни бирламчи даражада ўзида акс эттирган фундаментал ҳужжат ҳисобланади. Унинг қабул қилиниши бутун қонунчилик, шу жумладан экологик қонунчиликнинг шаклланишида ҳам муҳим қадам бўлди. Шунинг учун ҳам табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини ўрганишда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мурожаат этилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг экологик сиёсати соҳасидаги асосий қоидалар мустаҳкамланган. Унда инсоннинг экология соҳасидаги уч қиррали фаолияти тартибга солинган: табиатдан фойдаланиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг экология соҳасидаги бурчлари (50-модда), мулкдан фойдаланишда экологик талабларни инобатга олиш (54-модда), табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқи (55-модда), экология соҳасидаги давлат ҳокимияти органлари (80-модда), маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари (100-модда) каби масалалар ҳам ўз аксини топган.
Бунда асосий эътиборни ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захираларнинг умуммиллий бойлик эканлигини эътироф этувчи, шунингдек, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги талабини мустаҳкамловчи 55-моддага қисқача тўхталиб ўтсак. Жумладан, ушбу конституциявий қоиданинг аҳамиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин: биринчидан, мустақиллигимизнинг моддий асосини ташкил этувчи табиий бойликлар халқимизнинг бойлиги, мулки эканлиги, иккинчидан, табиий ресурслардан фақат оқилона фойдаланиш зарурлиги; учинчидан, республикамиз табиати давлат муҳофазасига олинганлиги, яъни экологик-ҳуқуқий муносабатларни давлат томонидан кафолатланиши каби муҳим тамойилларни мустаҳкамлайди.
Умуман олганда, Конституциямизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш талабининг белгиланганлиги фуқаролар зиммасига атроф табиий муҳитни асраб-авайлаш, ундан фойдаланишда кам зарар етказиш, илмий асосланган ҳолда фойдаланиш сингари катта масъулият юклайди. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг Конституция даражасида белгиланиши уни экология ҳуқуқининг марказий принципларидан бирига айлантиради ва бундай талабни нафақат табиатдан махсус фойдаланувчилар, балки барча фуқаролар зиммасига юклашни назарда тутади.
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мазмуни табиий ресурсларни ўзлаштириш (ишлатиш) ҳамда атроф табиий муҳитга зарарли кимёвий, физик ва биологик таъсир кўрсатишни экологик қонунчиликда белгиланган илмий асосланган доирада бўлишини ҳамда пировардида экологик тизимнинг барқарорлиги ҳамда атроф табиий муҳитнинг қулай ҳолати таъминланишида ифодаланади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Конституциямиз дунё конституцияларидан фарқли равишда давлатнинг экологик сиёсатининг энг устувор йўналишларини аниқ ва мазмунан бой тарзда ифодалаган. Айниқса, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масаласининг ёритилиши ва экологик қонунчилик тизимининг ривожланишига муҳим манба бўла олиши ўзига хос хусусиятларидан биридир. Зотан, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти таъкидлаганидек, “Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган Қомусномадир. Шу маънода Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Чунки уни ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда бутун халқ иштирок этди. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”.
Do'stlaringiz bilan baham: |