БЕРГСОН АНРИ (1859–1941) – француз файласуфи, интуитивизм ва «Ҳаёт фалсафаси» вакили. Коллеж де Франс профессори (1900–1914), Франция Академияси аъзоси (1914), адабиёт соҳаси бўйича Нобел мукофоти совриндори (1927). Бергсон XIX аср француз руҳиятшунослик анъаналарини давом эттирди. У «позитив метафизика»ни вужудга келтириш вазифасини илгари сурди. Бу янги метафизика фалсафий тадқиқотларнинг бир ёқлама, механистик, позитивистик услубларини, шунингдек, анъанавий рационал метафизиканинг мушоҳадавий, спекулятив томонларини енгиб ўтиши керак. Бергсоннинг «позитив метафизика»сининг асосий талаблари – бевосита тажрибага суяниш, унинг ёрдамида мутлоқликка эришиш.
Метафизикада, Бергсон фикрига кўра, иккита марказий тушунча бор: ҳақиқий, аниқ вақт (яъни давомийлик) ва унга эришадиган ҳақиқий фалсафий услуб сифатидаги ноинтеллектуал интуиция. Бергсоннинг «Онгнинг бевосита берилганлиги» (1889) асарида давомийлик ҳамма онгли, руҳий жараёнларнинг асоси сифатида тушунилади. Давомийлик фандаги мавҳум вақтдан фарқли равишда доимий янги шаклларни ижод қилиш билан аниқланади. У доимий шаклланиш, ўтмишни ҳозирга аста–секин айланиши, келажакни, эркинликни башорат қилиб бўлмаслигидир.
Интуиция давомийликка эришиш услуби сифатида интеллектуал билиш услубига қарама–қарши туради. У онг ҳодисалари ҳаёт олдида кучсиздир, амалий ва ижтимоий эҳтиёжларга бўйсиндирилган, у фақат нисбий билим беради, мутлақ билим бера олмайди. «Материя ва хотира» (1896) номли асарида Бергсон интеллект ҳақидаги концепциясини ривожлантириб, шундай тезисни илгари суради, танавий функциялар, уларга хос бўлган қабул қилиш, ақлга асосланган қабуллаш муайян кўниккан шароитга мослашиб ҳаракат қилади, амалий ҳаракатларни рўёбга чиқаради, буюмларнинг ўзи, реаллик ҳақида тасаввурларни вужудга келтира олмайди. Билиш назариясини Бергсон эволюцион таълимот орқали асослайди.
«Ижодий эволюция» (1907) асарини Бергсон Плотин фалсафаси таъсирида ёзади. Бу таълимот эволюцияда муайян режа, мақсадни кўрадиган механистик ва илоҳий эволюционизмга қарши яратилган. Бергсон фикрига кўра, эволюциянинг мақсади олдинда эмас, балки орқададир. У «портлов» шаклида амалга ошади, ҳаётий жараённи очилишига олиб келади.
Ҳаёт тушунчаси онг жараёнларига ўхшаган ҳолда тузилади. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳаёт ижодкорлик оқимига айланади, узлуксиз сифатий кашфиётлар, ўзгаришлар содир бўлади. Интеллект ва интуицияни Бергсон объектив шартланган ҳаёт ва билиш шакллари сифатида тасвирлайди. Улар дастлаб ҳаётий жўшқинлик (elan vital) орқали бирлашади, лекин эволюция жараёнида ажралади, ривожланиш даврида қарама–қарши хусусиятларга эга бўлади.
Бергсоннинг эволюция назарияси «Ахлоқ ва диннинг икки манбаси» (1932) номли асарида ўз ниҳоясига етади. Унда ижтимоий–ахлоқий ва диний қарашлар баён қилинади. Бергсон ўзига хос бўлган «муқим–статик» ахлоқ ва динга эга аждодлар манфаатини, урф–одатларини ҳимоялашга бўйсундирилган «ёпиқ жамиятга» қарши «очиқ жамиятни» (унга хос «ҳаракатчан–динамик» ахлоқ ва динга эга) қўяди. Бу жамият инсониятнинг эзгулигига хизмат қиладиган алоҳида танланган шахсларга, «буюк қаҳрамонлар»га ва диний арбобларга эга. Биринчи турдаги жамият, Бергсон фикрига кўра, эволюциянинг боши берк кўчасига ўхшайди ва абадий доирада ҳаракат қилишига маҳкум этилган. Фақат «очиқ жамият» вакилларигина инсониятни кейинги эволюцион жараёнга бошлаши мумкин, ҳаётий жўшқинликни очишига олиб келади. Шундай қилиб, Бергсон фалсафаси персонализм, экзистенциализм, католик модернизми, А.Тойнби, Тейяр де Шарден, М.Пруст фалсафий қарашларига катта таъсир кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |