БЕГОНАЛАШУВ – ижтимоий–фалсафий тушунча сифатида, кишининг жамиятдан, уни бошқаришдан, ўзи яратган муносабатлар ва объективлаштирилган нарсалардан четланганлигини билдирувчи ижтимоий ҳодиса. Амалий фаолиятда яратилган муносабатлар ва нарсаларнинг объективлашиб, кишидан ташқарида турувчи, кишини ўз истакларига итоат эттирувчи, ҳатто, ёв сифатида, унга қарши турувчи кучга айланиши – Б.ни келтириб чиқаради. Инсон қадри ва манфаатлари чеккада қолиб, у объектлаштирган нарсалар, вужудга келтирган системалар, муносабатлар қадри улуғланса, жамиятда мулкий, ирқий, гуруҳий ва синфий табақаланиш авж олса, кишининг жамият ва объектлаштирилган нарсалардан Б. янада кучаяди.
Б. Гегель фалсафасида асосий ўринда туради. Унинг фикрига кўра, тарих ва табиат объектлаштирилган. Қулнинг, Гегель фикрига кўра, қул бўлишининг сабаби шундаки, унинг ўз фаолияти орқали яратган натижалари унга эмас, балки эгасига (қулдорга) тегади. Б. мутлақ руҳнинг моҳияти, хислати. Б. – кишининг борлиққа ўзига хос тарздаги муносабати. Б. руҳнинг бегоналашувидан иборат. Б.ни бартараф этиш эса, унинг ҳақиқий эмаслигини назарий идрок этишдан иборат.
Фейербах эса Б.га антропологик нуқтаи назардан ёндашди. Яъни, унинг фикрига кўра, б.ни қўрқув, қарамлик каби кишининг руҳий ҳолатлари келтириб чиқаради. Б. муаммосига Маркс ҳам, ўз фалсафий тадқиқотларида катта аҳамият берган. Унинг фикрича, б. ижтимоий, яъни мулкий муносабатлар асосида вужудга келади.
Б.га кишининг руҳий ҳолати деб қараш социология, психология ва ижтимоий психологияда кенг тарқалган. Уларда кишиларнинг ўз кучларига ишонмаслиги, уларнинг руҳий–маънавий заифлиги, зарур чораларни кўришни бефойда деб топиши, ижтимоий муҳитда қабул қилинган қоидаларни бузиб ҳаракат қилишга мажбур бўлишни пайқаши, ўзи яшаётган муҳит ёки жамият мақсадларининг ётлиги ёки мақсадларига мос келмаслиги, кишининг ўзидан ўзининг қониқмаслиги, ўзини ўзидан бегона сезиши, ўз ижодий кучларига ёт фазилат сифатида қараши кабилар қайд этилади.
Индивидуал руҳий хислатлар ва муносабатларнинг б.даги ўрнини инкор қилиб бўлмайди. Аммо, бу руҳий ҳолатлар кишининг ижтимоий борлиқ, муҳит ва жамият билан ҳақиқий алоқаларининг маҳсулидир. Демак, Б. негизида бир–бирига доимо диалектик боғлиқ ижтимоий муҳитга тегишли ва индивидуал, шахсий омиллар ётади. Бу омилларни тўла бартараф қилиб бўлмайди, аммо инсон қадри ва манфаатларини олий мақсадга айлантириш орқали уларни ўзаро мослаштириш, мувофиқлаштириш ва уйғунлаштириш мумкин.
XX асрда инсон ва табиат захираларининг экстенсив исроф қилиш амалиёти б. масаласининг ижтимоий ва инсоншунослик фанларида янги маъно касб этишига олиб келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |