БУТУН ВА ҚИСМ – нарсалар (жисм, моддалар)нинг маълум бир тўплами билан шу нарсаларни бирлаштириб, яхлитлик ҳосил қиладиган ва унинг доирасида мазкур нарсаларга ўз ҳолича, бевосита хос бўлмаган, фақат уларнинг ўзаро таъсири натижасида интеграл система хусусиятларини ҳосил қилувчи алоқалар ўртасидаги муносабатни ифода этувчи фалсафий категориялардир. Нарса ўзаро алоқада бўлган унсурларнинг бирлиги, системаси сифатида бутундан иборат бўлса, уни ташкил этувчи унсурлар бутуннинг қисмлари тарзида мавжуд бўлади. Қисмлар нарсани ҳосил қилувчи унсурлардир. Бутун доирасидаги уларнинг айрим кичик гуруҳлари, унсурлари ўртасидаги алоқалар турли хил шаклда бўлиши мумкин. Қисмлар алоқаларининг тури улар ҳосил қиладиган бутуннинг турини белгилаб беради, хусусан тузилишга тегишли алоқалар, тузилиши жиҳатидан бутунликни, мавжудлик алоқалари – функционал бутунликни, тараққиётни ифодаловчи алоқалар – ривожланиб борувчи бутунликни билдиради ва ҳ.к..
Б.қ.нинг ўзаро алоқасини тушунишда икки хил қарашни фарқласа бўлади. Биринчисида бутуннинг қисмга нисбатан устунлиги таъкидланса, иккинчисида қисмнинг аҳамияти бўрттирилади. Антик давр фалсафаси мисолида олсак, биринчи хил қараш элатларга хос эканлигини кўрамиз. Уларнинг фикрича, олам фақат бутун, ўзгармаслик ҳолатидагина реал–ҳаққоний борлиқдан иборат бўлади. Дунёдаги нарсаларнинг хилма–хиллиги, уларнинг ўзгариб туриши оламнинг ташқи томондан кўриниши, холос. Иккинчи хил қарашни Эмпедокл таълимоти мисолида кўриш мумкин. У оламнинг асосида тўртта унсур – олов, ҳаво, сув ва тупроқ ётади, деб ҳисоблаган. Унинг бутунлиги, яхлитлиги ана шу унсурларнинг ўзаро бирикиши натижасида ҳосил бўлади, деган фикрни асослайди.
Б.қ.нинг ўзаро муносабати масаласига фалсафий фикрлар тараққиётининг умумий қоидаси нуқтаи назаридан қарасак, Б.қ.ни антиномияларни турли хил концепцияларни курашида кўриш мумкин. Меризм – қисм бутунликка нисбатан мутлақлаштирилади; холизм – бутунни мутлақлаштиради. Диалектик концепцияга кўра, бутун ҳамда қисм ўртасидаги муносабатнинг мураккаблиги қуйидаги бутунлик (яхлитлик) антиномияларининг ҳосил бўлишига олиб келади:
1) тезис: бутун қисмлар йиғиндисидан иборат; антитезис: бутун – ўз қисмлари йиғиндисидан катта;
2) тезис: қисмлар бутундан аввал вужудга келади; антитезис: бутун қисмлардан аввал пайдо бўлади;
3) тезис: бутуннинг вужудга келишига қисмлар сабабчи; антитезис: нарсага бутун сифатида ёндашиш сабабий ёндашишни истисно қилади;
4) тезис: бутун уни ташкил этувчи қисмларни ўрганиш асосида билиб олинади; антитезис: қисмлар бутуннинг бўлаклари бўлиб, фақат шу бутун ҳақидаги билимларга таянгандагина уни билиб олиш мумкин.
Мазкур антиномиялар уларга ўхшаш мураккаб масалаларни ҳал этиш учун Б.қ. ўртасидаги алоқаларнинг узвийлиги, уларнинг бир–бирини тақозо этишини эътироф этиш зарур. Бутуннинг табиати, моҳияти, миқдор ва сифат жиҳатидан, аниқлиги эса уни ташкил этувчи қисмларнинг табиатига, уларнинг ўзаро алоқасига боғлиқ. Ўз навбатида қисмлар бутуннинг ўзига таъсирини ҳис қилади, маълум бир даражада унинг моҳиятини ифода қилади. Б.қ. категориялари борлиқни англашнинг шакллари сифатида оламнинг бирлиги муаммосини, тўғрироғи уни ифода этувчи бирлик ва кўплик, бирлик ва бўлиниш, ҳодисаларнинг турли туманлиги ва ўзаро алоқадорлигига хос хусусиятларни тушунишга ёрдам беради. Ҳозирги пайтда мураккаб системадан иборат объектларни ўрганиш жараёнида бутун ва қисм категориялари анализ ва синтез, система ва тузилиш, унсур категориялари билан биргаликда қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |