БИЛИМЛАРНИ БОШҚАРИШ - бизнес жараёнларида билимдан самарали фойдаланишга қаратилган мажмуавий ташкилий фаолият.
Б.б. тушунчаси 1990 йилларда корпоратив корхоналарда катта миқдордаги ахборотларни таҳлил қилиш муаммолариниинг вужудга келиши натижасида пайдо бўлди ва замонавий корхоналарнинг асосий фаолият тури бўлиб бормоқда.
Б.б. – корхона ичида билимларни яратиш, тарқатиш, таҳлил этиш ва улардан самарали фойдаланиш жараёнларини ўз ичига олади. Б.б.нинг мақсади - билимларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва улардан самарали фойдаланиш орқали субъектнинг (корхона, ташкилот ва ҳ.к.) ишлаб чиқариш жараёнида рақобатбардошлигини оширишдан иборатдир.
Б.б.да билимларнинг амал қилиш циклига асосланиб фаолият олиб борилади. Унга кўра билимнинг ҳаётий цикли билимлар генерацияси, билимларни трансфер ва диффузияси; билимларни мавжуд билим системаида интеграциялашуви; билимларнинг эскириши ва ҳалок бўлиши кабилардан иборатдир. Шунга кўра, Б.б. билимларни идентификация қилиш, билимларни ривожлантириш, билимлар аудити, билимларни расмийлаштириш; билимларни ҳимоя қилиш каби фаолият турларини ўз ичига олади. Билимларни идентификация қилиш корхонанинг активи бўла оладиган коллектив ва индивидуал билимларни идентификация қилишдир. Тўпланган билимларни баҳолаш ва улардан билим циклининг маълум бир ҳаётий босқичида улардан фойдаланишдан иборат фаолият тури билимлар аудитининг мазмунини ташкил этади.
Билимлар массивини сақловчи компьютер системаи яратилади. Бундан мақсад корхонанинг корпоратив хотирасини яратишдир. Билимларни ҳимоя қилиш яратилган билимларни патентлар, лицензиялар, коммерция сирлари сифатида қўриқлашдан иборатдир. Билимларни трансфер қилиш корхона ичида билимларни билимлар базаси ва б. манбалардан зарур ходимга етказиш ҳисобланади.
Б.б. билан ахборотларни бошқариш жараёни фарқланади. Ахборотларни бошқаришда компания доирасида ахборотлар йиғилади, сақланади, тарқатилади ва бу жараёнда асосан ошкора билим турларидан фойдаланилади. Б.б. жараёнида формализация қилинган билимлар билан биргаликда, “формализация” бўлмаган, “яширин” билим турларини ҳам компания интеллектуал мулкига айлантиради, бу билим турларини тарқатади, ундан самарадор фойдаланади. Замонавий ахборотлашган жамиятда Б.б. жараёнида асосий эътибор “яширин” билимларга қаратилмоқда ва бундай билим турларини топиш, улардан самарадор фойдаланиш компания рақобатбардошлигининг асосий омилларидан бири эканлиги эътироф этилмоқда.
Б.б. мавжуд корхонанинг корпоротив маданияти ва компания асосланадиган бошқарув фалсафасига ҳамда билимлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ахлоқий тамойилларига мос келиши талаб этилади. Ахборотлашган жамият тараққиёти Б.б. фалиятининг янада ривожланиб боришини таъминлайди.
БИЛИШ – объектив воқеликни онгда акс эттиришга қаратилган инсон фаолиятининг ижтимоий–тарихий жараёни.
Жамият эса, ақл–идрокка эга бўлган кишилар ўртасидаги моддий ва маънавий муносабатлар ҳамда боғланишларга асосланган мураккаб система бўлиб, у доимо ривожланишда бўлади. Жамиятдаги барча ҳодисалар кишилар ўртасидаги муносабатларни ифодалайди, бу муносабатларни эса инсон ўз фаолияти орқали амалга оширади.
Инсоннинг Б. фаолияти ижтимоий муносабатларни акс эттиради, уларнинг тарихий тараққиёти мураккаб, зиддиятли жараён бўлиб, унинг натижасида олинган билим объектив борлиқдаги турли–туман боғланишлар ва муносабатларни тушунча, қонун, тамойил, назария ва ҳ.к.лар сифатида акс эттиради. Шунинг учун объектив дунёни ўрганар эканмиз, инъикос объектнинг ўзи эмаслигини, унинг объект билан айнан эмаслигини доимо эсда тутишимиз лозим. Б. воқелик қонунларини очиб бериб, табиатнинг буюм–ашёларини уларнинг ҳар томонлама бойлиги ва хилма–хиллиги билан ғоявий–маънавий шаклда қайта ҳосил қилади.
Ташқи олам буюмлари Б. объектлари бўлганлиги сабабли инсон фаолияти доирасига тортилади, инсоннинг фаол таъсирига йўлиқади, фақат ана шу ҳолат туфайли уларнинг хоссалари очилиб, намоён бўладилар.
Ўз тараққиётида Б. муайян босқичлардан ўтади, унинг босқичлари оламни акс эттириш даражасига, Б.нинг шакллари ва методларига қараб, бир–биридан фарқ қилади. Инсоннинг Б. фаолияти ҳиссий ва ақлий шаклларга ажратилади.
Ҳиссий Б. жонли мушоҳада билимнинг дастлабки манбаидир. Ҳиссий Б.да нарса ва ҳодисалар бевосита акс эттирилади. Ҳиссий Б.нинг сезги, ҳиссий қабул (ёки идрок), тасаввур каби шакллари мавжуд. Ҳиссий Б. босқичида нарсалар, ҳодисаларни алоҳида–алоҳида, бир–биридан ажратилган ҳолда акс эттирамиз. Шу сабабли бу босқичда нарса ва ҳодисалар ўртасидаги алоқадорлик, боғланиш назардан четда, уларнинг моҳияти очилмай қолади.
Ҳиссий Б. жараёнида сезгиларимиз ақлий Б. учун замин, муайян далиллар тайёрлайди. Ақлий Б. бу – далилларга асосланиб, нарса ва ҳодисалар, уларнинг хусусиятлари ўртасидаги ўхшашликни аниқлайди, уларни умумлаштиради ва объектив дунё қонунларини Б.га қаратилади. Шу билан бирга, тафаккур нисбий мустақиликка ҳам эга, бу эса тафаккурнинг воқеликка бевосита мурожаатсиз, мантиқий хулоса чиқариш ёрдамида амалга ошишида кўринади.
Ҳиссий Б.дан ақлий Б.га ўтиш сифат ўзгариши ҳисобланади. Ақлий Б.нинг шакллари – тушунча, хукм ва хулосадир.
Илмий Б. – инсон фаолиятининг эмпирик Б. билан назарий Б.нинг чамбарчас боғлиқлигидан иборатдир. Эмпирик Б. инсоннинг нарсаларга бевосита (ёки асбоблар ёрдамида) таъсир кўрсатиши жараёнида юзага келади. Унинг методлари кузатиш, тасвирлаш, тажриба, ўлчовдир.
Назарий Б. деб, инсон фикрнинг воқелик ҳодисаларни моҳиятига чуқур англаб олишдир. Унинг шакллари мавҳумлик ва муайянлик, моделлаштириш, формализациялаштириш, назариялар яратиш ва б.дир.
Б. жараёнида инсон турли мантиқий методлардан (анализ ва синтез, дедукция ва индукция ва ҳ.қ) фойдаланади. Бу методлар ўрганиладиган объектга назарий жиҳатдан такроран, яхлит ёндашувни, нарса ва ҳодисаларнинг ривожланиш жараёнини акс эттиради. Б.да тил ва турли белги системалари ҳам катта аҳамият касб этади, чунки уларда инсон Б. фаолиятининг натижалари ўз ифодасини топади.
Фалсафий Б.нинг ўз қонунлари ва талаблари мавжуд. Фалсафа Б.нинг умумий назарияси сифатида намоён бўлади. Аристотельнинг айтишича, алоҳида фанлар борлиқнинг айрим томонларини ўрганса, фалсафий Б. борлиқнинг энг умумий томонларини ўз ичига олади, фалсафа кенг кўламдаги тоифалар, тушунчалар воситаси билан ғояларни умумлаштиради. Фалсафий Б.нинг назарий билим сифатида ўз вазифалари бор. Маълумки, инсонга хос бўлган хусусият, бу – ўз билимини доимо чуқурлаштиришга интилиш, билим чегарасини янада кенгайтиришга ҳаракат қилишдир.
Фалсафий Б. дунёни кенгроқ, чуқурроқ идрок этишдан иборат. Инсон кундалик тажриба асосидагина билмай, балки ўз тафаккури имкониятларидан ҳам кенг фойдаланади. Бу ҳар бир кишига хос хусусият бўлиб, инсон ақли, идроки, фикрининг кучидир. Фалсафий Б.нинг моҳиятини яхшироқ тушуниш, ҳис қилиш учун "Нималарни Б.имиз мумкин?", "Дунёни Б. мумкинми?", "Агар дунёни Б. керак бўлса, фан унинг қайси томонини билади, фалсафага Б.нинг қайси масалалари қолади?", "Олинган билимларнинг тўғрилигига ва ҳақиқатлигига қандай қилиб кафолат берилади?" ва ҳ.к. саволлар берилади. Ушбу саволлар фалсафага хос бўлиб, бунда муқаррар равишда инсоннинг дунёга муносабати, яъни "дунё–мен" масаласи ўз аксини топади. Шу билан бир қаторда бундай саволларга, бирданига, тўғридан–тўғри жавоб беришнинг қийинлигига фалсафий Б. муаммосининг мураккаблигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.
Фалсафий Б. масаласида Шарқ табиатшунос олимларининг фикрлари ҳам эътиборга лойиқ. Ибн Синонинг Б. борасидаги қараши ўзининг табиий–илмий кашфиётларнинг аҳамияти билан мустаҳкамланганлиги, табиат фалсафаси ҳақидаги ғояларнинг унда устун бўлиши ила кўзга ташланади. Хусусан бу жиҳатдан, унинг тиббиёт соҳасидаги қомусий билим ва кузатишлари муҳим аҳамият касб этади. Биргина, ўнта катта ва мустақил китобдан иборат "Тиб қонунлари"нинг ўзи, унинг тиббиётдаги ўчмас аҳамиятидан ташқари, олимнинг ўз ғоясига содиқ қолганлигини билдиради. Инсон гавда тузилишини билмасдан туриб, комиллик ғоясини амалга ошириб бўлмайди. Шунингдек, ушбу китобда инсон танасини бошқариб турувчи, қонунларни, инсон организми билан муҳит, табиатнинг узвий муносабати каби бошқа масалаларни илмий билишнинг муҳимлиги ҳамда аҳамияти ҳар томонлама баён этилади.
Беруний – замонасининг тажрибавий билимларини пухта эгаллаган ва уларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан бири бўлиб, мазкур ҳолат унинг табиий–илмий ва фалсафий қарашларининг муайян томонларини аниқловчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Унинг ўз даврининг йирик тадқиқотчиси ҳамда табиатни зийраклик билан кузатувчи олими бўлганлигини у қолдирган "Минерология" асари орқали ҳам билса бўлади. Умуман, Берунийнинг табиий–илмий мероси, унинг аниқ фанлар бўйича кўтарган муаммолари ўз даврида оламнинг умумий манзарасини яратишда, унинг қонуниятлари ҳақида аниқ билимга эга бўлишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Б. ҳиссий ва ақлий босқичларидан иборат. Б.даги муҳим масалалардан бири ҳақиқатдир. Ҳақиқат нафақат фалсафанинг, балки қатор фанларнинг, чунончи, математика, физика, иқтисодиёт, педагогика, сиёсатшуносликнинг ҳам асосий муаммоларидан бири ҳисобланади.
Фалсафа тарихида ҳақиқат масаласида турли қарашлар мавжуд бўлганлигини кузатиш қийин эмас. Аристотел, ҳақиқатни фикрнинг воқеликка мос келиши, деб қайд этган эди. Ўрта асрнинг машҳур олими Мирзо Улуғбек илмли бўлиш, илмий ҳақиқатни ечиш тадқиқотчи учун улуғ фазилат эканлигини, бунинг учун математик воситалар ва мантиқий методлар муҳим аҳамиятга молик бўлишини алоҳида таъкидлаган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |