ҒОЯ (юнон. idea) – 1) турли фалсафий системаларда кенг қўлланиладиган тушунчалардан бири. 2) илмий билишнинг ўзига хос шакли. 3) кенг маънода олдин мавжуд бўлмаган, ўзида янгиликни ташувчи фикр.
1). Ғ.нинг мазмуни, келиб чиқиши, унинг воқеликка мос келиш келмаслиги масаласи турли фалсафий системаларда турлича талқин этилиб, доимий баҳс-мунозара объекти бўлиб келган. Ғ. тушунчаси аксарият фалсафий системаларда руҳ(кейинроқ-билим) ривожланишининг юксак тараққий қилган шаклига нисбатан ишлатилган. Хусусан, уни предметларнинг инъикоси натижасида шаклланган ҳиссий образ, объектив воқеликнинг субъектив инъикоси деб талқин қилиш мавжуд. Айни пайтда уни барча нарсаларнинг объектив мавжуд бўлган моҳияти сифатида талқин этувчи объектив идеалистик ёндашув ҳам бор. Мас., Гегелда ғоя ҳамма нарсанинг мазмуни ва яратувчисидир. У ўз мантиқий ривожи давомида объектив, субъектив ва абсолют босқичларни босиб ўтади.
Ғ. тушунчаси Платон фалсафасининг марказий категорияларидан бири ҳисобланади. У ҳақиқий оламнинг трансцендент дунёсини ифодалайди, айнан шу оламнинг образи бўйича ҳақиқий олам нарсалари мавжуд бўлади. Бундай ёндашув кейинроқ неоплатонизм ва ўрта а. фалсафасида ривожлантирилди ва ғоя идеал шакл сифатида талқин этила бошланади. Бу шакл намунаси сифатида илоҳий ақл оламдаги нарсаларни ярата бошлаган. Шундай қилиб антик даврдан Уйғониш давригача ғоя онтологик, Янги даврдан эса инсоннинг оламни билишига хизмат этувчи шакллардан бири сифатида гносеологик талқин қилинган. Бундай баҳс- мунозара рационализм ва эмпиризм ўртасидаги курашда ҳам намоён бўлди.
Кантгача бўлган рационализм ғояни “туғма”, субъектга бошданоқ тегишли бўлган ва тажрибага бориб боғланади, деб ҳисоблар эди. Эмпиризм эса бундан фарқли равишда ғояда ҳиссий маълумотларнинг умумлашувини кўрар, субъектни эса воқеликнинг пассив инъикоси сифатида қарар эди. Кейинги даврларда ҳам ғоя тушунчаси марказий ўринни эгаллаб келган. Мас., Кант фалсафасида ғоя бу ақл тушунчасидир, унга тажрибада ҳеч нарса мувофиқ келмайди. Ғоялар ақлнинг ҳиссий тажриба чегарасидан ташқарига чиқишга уриниши натижаси сифатида юзага келади ва Кант томонидан улар билишнинг мақсадини белгилайдиган принциплар сифатида талқин этилади. Гегель учун эса абсолют ғоя билиш ривожланишининг олий шаклидир. У ўзида билишнинг олдинги барча шаклларини қамраб олади ва шунинг учун ҳам олий обьектив ҳақиқат ҳисобланади. Бунда тафаккур ва воқелик бир-бирига мос келади. ХХ а. фалсафасида ғоянинг юқоридаги каби талқинлари барҳам топиб, у асосан илмий билиш шакли, тушунчанинг синоними сифатида кенг қўлланила бошлади.
2). Ғ. илмий далил, муаммо, фараз, назария каби воқеликни акс эттириш, илмий билишнинг ўзига хос шаклларидан биридир. Теварак оламни ўрганиш натижасида ҳосил бўлган муайян фикр, билим шаклида чиқувчи ғояда шу воқелик бундан кейин қай йўналишда ўрганилиши зарурлиги ҳақидаги кўрсатма ботиний тарзда мавжуд бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, у улкан йўналтирувчилик ролини ўтайди. Мас., атомларнинг мавжудлиги ҳақидаги ғоя а.лар давомида илмий изланишларни уни топиш, хусусиятларини тадқиқ этиш, дунёнинг тузилишидаги ўрнини аниқлашга йўналтириб келди. Натижада атом кашф қилинди ҳам. Бу кашфиёт инсониятнинг оламнинг тузилиши тўғрисидаги тасаввурларининг бутунлай ўзгаришига олиб келди. Аммо тарихда илмийликка даъвогарлик қилган бўлса-да, ўз моҳиятига кўра ғайриилмий бўлган ва илм-фан тараққиётида ўта салбий из қолдирган ғоялар ҳам кўп бўлган. Ўз даврида кибернетика ва генетикани “ёлғон фан”лигини асослашга қаратилган ғоянинг устувор бўлгани бу фанлар ривожини бир неча ўн й.га орқага суриб юборгани бунга далил бўла олади.
Ғ. тараққиёт омилига айланиши учун маълум бир шарт-шароит - жамиятнинг умумий билим даражаси юзага келган янги билимни қабул қилишга тайёр бўлиши, уни текшириб кўриш, тасдиқлаш ёки инкор этиш имконияти-қуроллар, воситалар, моддий-молиявий ресурсларга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда у маълум маданий-маърифий ҳодиса сифатида қолиб кетади. Берунийнинг “Ғарбий ярим шарда қуруқлик бор” деган ғояси билан шундай бўлди. Жамиятнинг қабул қилишга тайёр эмаслиги туфайли ўша пайтда бу ғоя ўзининг ҳақли баҳосини топмади. Орадан бир неча а. ўтгандан сўнг Ғарбий ярим шарда қуруқликнинг борлиги ҳақиқатан ҳам тасдиқланди. Бу қуруқлик-материк кейинчалик кашф қилиниб, Америка номи билан юритила бошланди.
Ғ.нинг ўзига хос шакли бу ижтимоий ғоядир. У табиий-илмий ғояга хос бўлган юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда улкан уюштирувчилик ролини ҳам ўтайди. Ижтимоий ғоя табиий-илмий ғоялардан фарқли равишда социал жараёнларга бевосита таъсир ўтказа олади. Ижтимоий ғоянинг кимнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, асослашга қаратилганига қараб фарқланувчи хилма - хил шакллари ўз моҳиятидан келиб чиққан ҳолда жамият тараққиётига турлича, хусусан, ўта салбий таъсир қилиши ҳам мумкин. Хусусан, олий ирққа мансублиги ва шу туфайли дунёда ҳукмронлик қилиши зарурлиги ҳақидаги ғоя нафақат немис халқи, балки бутун инсоният тақдирида ҳам фожиали из қолдирди. Ижтимоий ғояларнинг жамият ҳаётида ўта зиддиятли роль ўйнаганини исботловчи мисолларни истаганча топиш мумкин.
3). Ҳал қилиниши зарур бўлган мас.и ечишга интилиш натижасида пайдо бўлган яхлит хулоса-фикр. Бундай ҳолат «Менда бир ғоя пайдо бўлди» деган фикрда ёрқин ифодасини топади. Аммо ҳар қандай фикр ҳам ғоя бўлолмайди. Ҳар кунги воқеа, ҳодиса, жараёнлар ҳақидаги фикр алмашиш бунга мисол бўла олади. Зеро, бунда аксарият ҳолларда кўпчиликка маълум нарсалар ҳақида фикр юритилади. Бундай фикрлар - ғоя бўла олмайди. Чунки, ғоя ўзида янгиликни ташиши лозим, унда олдин маълум бўлмаган фикр мужассамлашган бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |