ЎЛЧАМЛИЛИК–– фазо ва вақтнинг қандай ўлчовларга эга эканлигини ифодаловчи тушунча. Макродунёда фазо уч ўлчовли, вақт эса бир ўлчовлидир. Коинотнинг дастлабки вужудга келиш даврида фазо ва вақт ўн бир ўлчовли, компактлашган нуқтавий ҳолатда бўлган, деган илмий фараз бор. Борлиқда фазо-вақт биргаликда, тўрт ўлчамда намоён бўлади. Нуқта ўлчамсиз чизиқ – бир ўлчамли, юза –икки ўлчамли, жисм – уч ўлчамли, ҳодиса – тўрт ўлчамли, яшин – беш ўлчамли ва шу сингари, бошқача ўлчамли объектлар ҳам бўлиши мумкин.
ЎЛЧАШ – билиш жараёнида нарсанинг миқдорий жиҳатларини аниқлаш методи. Ў. одатда ўрганилаётган буюмни, аниқ қайд этилган хосса ва белгиларига эга бўлган, бирон-бир буюм билан қиёслаш йўли орқали амалга оширилади. Ў. метод орқали буюмларнинг хоссаларини, мас., уларнинг мустаҳкамлигини, мураккаблигини, миқдорий жиҳат ва б. томонларини аниқлаш мумкин.
Ў. метрология фани билан боғлиқ. Нарса ва ҳодисаларга, ў. нуқтаи назаридан, ёндашилганда ҳам уларнинг хоссаларини яхши билиш талаб қилинади.
Кишилик жамияти пайдо бўлгандан бошлаб, ў. ҳам пайдо бўлган. Ў. Назарияси, ҳисоблаш техникаси, математика фанининг келиб чиқишигача кўп асрлар ўтган. Ҳозирги замонда яратилаётган мураккаб ў. воситаларининг яратилиши фанларнинг ниҳоятда тез суръат билан ривожланишига олиб келди. Мас., физика, химия, биология ва б. фанларнинг ривожланиши бунга яққол мисол бўла олади.
Инсон ўзининг кундалик ҳаётида оддий ўлчашларга дуч келса ҳам, унинг мураккаблигини, тарихини, махсус фан орқали мунтазам ўрганмаса, уни тасаввур қила олмайди.
Ў. ўлчов бирликлари орқали ифодаланади. Ў. бевосита ва билвосита бўлади. Ў. жараёни ҳам асосан уч қисмдан иборат бўлади: 1) ўлчаниши керак бўлган объект системаи; 2) ўлчанилиши керак бўлган объект системаининг хоссаси; 3) ўлчайдиган мослама асбоб-ускуна. Ў. жараёнида албатта сонларда ўлчов бирликларида ифодаланган натижа олинади. Агар шундай натижа олинмаса, унинг кузатиш ва эксперимент – тажриба бўлолмаслиги табиий.
Ў. жараёнида (айниқса, жуда кичик объекларни ўлчашда) маълум бир хатоликларга йўл қўйиш мумкин. Бу хатолик тасодифий ва сурункали тусга эга бўлади.
Алоҳида олинган объектни ўлчашда ташқи ва тасодифий хатоларни аниқлаш осонроқ, ахборотларни статистик умумлаштиришда эса хатоларни аниқлаш бирмунча қийинроқ кечади.
ҚАДРИЯТ – воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умумбашарий, умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган фалсафий-социологик ва аксиологик тушунча. Жамият, инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарса, ҳодиса ва воқеалар: эркинлик, эзгулик, тенглик, тинчлик, ҳақиқат, маърифат, маданият, моддий ва маънавий бойликлар, обида-ёдгорликлар, гўзаллик, ахлоқий хислат ва фазилатлар, анъана, урф-одат, удум ва б. қадрият ҳисобланади.
Қ.лар умумбашарий, умуминсоний, миллий, минтақавий, шахсий бўлиши мумкин. Қ.лар ижтимоий-тарихий тараққиёт маҳсули сифатида ўз тарихий илдизи, ривожи, ворислик жиҳатларига эга тушунча бўлиб, аввало, ишлаб чиқариш, меҳнат соҳасидаги фаолият, инсонлар ўртасидаги муносабатлар учун фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар, ҳатти-ҳаракатлар мажмуаси сифатида юзага келиб, айрим кишилар, ижтимоий гуруҳлар фаолияти, ҳатти-ҳаракатини маълум йўналишга бурадиган, тегишли меъёрга соладиган маънавий ҳодисага айланди. Инсон бутун умри давомида сон–саноқсиз қадриятлар оламида яшайди.
Инсониятни ўраб турган борлиқ, табиий ва ижтимоий атроф-муҳит, тирик ва нотирик табиатнинг энг муҳим томонларини ифодалайдиган қадриятлар умумбашарий хусусиятга эгадир. Бундай қадриятлар жамият учун ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайдиган, абадий, мутлақ ва муқаддас қадриятлардир.
Одамзоднинг яшаши, умргузаронлиги, фарзандлари ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ва ахлоқий соҳаларига тааллуқли бўлган умумжамият миёсидаги қадриятлар бутун инсоният ва жамиятга тегишли бўлганидан умуминсоний қадриятлар, деб аталади. Шундай қадриятлар ҳам мавжудки, улар муайян бир миллат, элат ва халқ ҳаёти, турмуш тарзи, уларнинг ўтмиши, келажаги ва яшаётган ижтимоий муҳити билан боғлиқдир. Улар миллий қадриятлар, дейилади. Энг олий қадрият – инсон, унинг фаолияти, турмуш тарзи, ҳатти-ҳаракати, ишонч-эътиқоди, умр маъноси, хулқ-одоби билан боғлиқ шахсий қадриятдир. Аммо, умумбашарий ва умуминсоний қадриятлар бошқа қадриятлар учун умумий мезон вазифасини ўтайди.
Қ.ларнинг мазмун ва тусига қараб, ижобий ёки салбий жиҳатларга ажратиш мумкин.
Қ. – аксиологиянинг асосий категориясидир. Қ. буюм ёки нарсаларнинг иқтисодий қимматидан фарқ қилади ва инсон учун бирор аҳамиятга эга бўлган воқеликнинг шакллари, ҳолатлари, нарсалар, воқеалар, ҳодисалар, жараёнлар, ҳолатлар, сифатлар, талаб, тартиблар ва б.нинг қадрини ифодалаш учун ишлатилади..
Қ. иборасининг кундалик ҳаётидаги маъноси кишилар ўртасидаги мулоқот, оммавий ахборот воситаларида ўзига хос намоён бўлмоқда, яъни, кўпчилик назарида табиат ҳодисалари, ижтимоий воқеалар, анъана ва маросимлар, маданий бойликлар, нарсалар (мас., қимматбаҳо буюмлар) ва б. қадрият сифатида тушунилади. Бундан ташқари, одамлар ўзлари интилиб яшайдиган мақсад, орзу ёки идеалларга ҳам қадрият тушунчасини қўллайдилар. Хуллас, кундалик ҳаётда қадрият ибораси одамлар учун бирор зарур объект, нарса, ҳодиса ва б.нинг бевосита ўзига нисбатан ишлатилади. Нарса ёки буюмларга, инсон эҳтиёжини қондиришига қараб ёндашилганида, асосан, уларнинг фойдаси, қиммати назарда тутилади ва улар ҳаётда катта аҳамиятга эга.
Қ.лар жамиятнинг ривожи ва кишилар ҳаётининг турли даврларида турлича аҳамият касб этади, тарихий зарриятга мос равишда гоҳ у, гоҳ бу қадрият ижтимоий тараққиётнинг энг олдинги поғонасига чиқиб олади, бошқаларини хиралаштиргандай бўлиб туюлади. Натижада, ижтимоий ривожланиш ва тараққиёт қонуниятларига мос равишда олдинга чиқиб олган қадриятни барқарор қилишга нисбатан интилиш кучаяди. Мас., юртни ёв босганида – озодлик, империя ҳукмронлиги ниҳоясида – истиқлол, уруш даврида – тинчлик, тутунликда – эркинлик, касал ва беморлик онларида – сиҳат-саломатлик, иқтисодий жиҳатдан танглик кучайган даврда–моддий таъминланганлик, тоталитаризм даврида – демократик қадриятлар, маънавий жаҳолат кучайганида – ошкораликнинг аҳамияти ошиб кетади, уларга интилиш кучаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |