АЛИШЕР НАВОИЙ – Низомиддин Мир Алишер Навоий ўзбек адабиётининг асосчиси, машҳур шоир, олим, йирик мутафаккир, давлат арбоби, маънавиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган сиймодир. У 1441 йил 9 февралда Ҳирот шаҳрида таваллуд топди.
А.Н. 1487 йили Астробод ҳокими этиб тайинланади. А.Н. ҳокимлик даврида халқнинг турмушини яхшилаш учун ўз кучини аямади, ободончилик ишлари билан шуғулланди. Хондамир "Макорим ул – ахлоқ" рисоласида, А.Н. Ҳирот ва бошқа жойларда, ўз маблағига кўплаб работ ва кўприклар, тўғон ва ариқлар, ҳаммом, хонақоҳ, масжид, мактаб ва мадрасалар барпо қилдирганини, хайр–эҳсон билан шуғулланганлигини, олиму фузалоларни қўллаб–қувватлаганини ёзади. А.Н. бутун умр темурийлар давлатини мустаҳкамлашга, унинг мустақиллигини сақлаб қолишга, мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига ҳаракат қилди. А.Н. 1501 йилнинг 3 январида Ҳиротда хасталикдан вафот этди.
А.Н. бизга бой адабий ва илмий мерос қолдирган. А.Н. "Хамса"га кирган достонлар – "Ҳайрат ул–аброр" (1483), "Фарҳод ва Ширин" (1484), "Садди Искандарий" (1485), "Сабъайи сайёр" (1484), "Лайли ва Мажнун" (1484)ни ёзди. Шунингдек, А.Н. "Мезон ул – авзон" ("Вазнлар ўлчови") (1492), "Лисонут – тайр" (1498), "Муҳокаматул–луғатайн" (1499), "Маҳбубул–қулуб" (1500), "Хазойинул–маоний" (1491–1498), "Бадойи ул–бидое” (1500), "Холоти Сайид Ҳасан Ардашер" (1490), "Мажолисун – нафоис" (1491), "Насойимул – муҳаббат" (Муҳаббат шабадалари", 1496), "Вақфия" (1482), "Назмул – жавоҳир" (1485), "Тарихи анбиё ва ҳукамо" (“Пайғамбарлар ва подшолар тарихи”, 1488), "Сирож ул – муслимин" (“Мусулмонлик нури”, 1488) ва б. рисолалар муаллифидир. Унинг рисолалари адабиёт, фалсафа, сиёсатшунослик, ахлоқшунослик, тилшунослик, тарих, педагогика ва бошқа соҳалардаги муаммоларни ўз ичига олади.
А.Н. ўз рисолаларида борлиқ ва унинг моҳияти, нарса ва ҳодисаларни идрок қилиш, давлат ва уни бошқариш йўллари, инсон ва унинг жамиятда тутган ўрни, етук жамоа, комил инсон, ахлоқ, хулқ–одоб ва таълим тарбия ҳақида ўз даври учун қимматли фикрларни илгари суради.
А.Н. ўз қарашларини мажозий, рамзий тушунчалар орқали баён қилади. Унинг дунёқараши, ўша даврда, Шарқда кенг тарқалган ваҳдат ул–вужуд (борлиқ ва худонинг бирлиги) таълимотига асослангандир.
Бу таълимотга кўра борлиқ, нарса ва ҳодисалар, шу жумладан, инсон ҳам Оллоҳ томонидан яратилган, Оллоҳ табиатда намоён бўлади, зуҳур этилади. А.Н. талқинида инсон бошқа мавжудотлар ичида аълоси, уларнинг гултожиси ҳисобланади. Зероки у, сезги ва ҳиссиётлари орқали, табиат ва унинг сир асрорини билишга қодирдир. А.Н. айниқса, инсон тафаккури, ақли ва уни билиш қобилиятига ишонади. Инсон ақли табиат ва жамиятни идрок қилишда, давлатни бошқаришда, ахлоқ ва таълим – тарбияда фаол қатнашади. А.Н. "Хамса" достонида мукаммал давлат, инсонларни бахт–саодатга элтувчи фозил ва адолатли шоҳ тимсолини яратди, халқнинг эзгу орзуси, фикр–ўйларини баён этди.
А.Н. тасаввуфнинг нақшбандийлик сулукига эътиқод қилиб, ундаги меҳнатсеварлик, покланиш, ҳалоллик, имон–эътиқодли бўлиш каби ғояларни уларни янада ривожлантирди. Шоир "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун", "Маҳбубул–қулуб" ва б. асарларида инсон ва унинг энг яхши фазилатларини тасвирлаб, комил инсон тимсолини яратди.
А.Н. ҳақиқий инсонпарвар мутафаккир эди. Зероки, у инсонни улуғлаб, уни юксакликка кўтарди, ўз рисолаларида адолатлилик, адолатли давлат, вафо, дўстлик, севги, садоқат, ватанпарварлик, тўғрилик, софдиллик, одиллик, сахийлик, мардлик, донолик, ширинсуханлик, олий ҳимматлилик каби хислатлар ҳақида гапирди, кишиларни илм–фан ва касб–ҳунарни эгаллашга, хулқли – одобли бўлишга чақирди. Шоир инсонлардаги салбий иллатлар, жамиятга қарши, хилоф хатти–ҳаракатлар, ахлоқсизликларни қаттиқ қоралади. Айниқса, у ислом дини ва шариатнинг қонун – қоидаларига зид иш қилаётган, қози ва муллалар, зоҳидлар, шайхлар, мухтасиблар ва бошқанинг риёкорлиги, худбинлиги, фирибгарлиги ва иккиюзламачилигини фош қилди.
А.Н. назмий ва насрий асарларида миллий ва умуминсоний қадриятлар ривожига катта эътибор берди. У эски ўзбек тилини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди, форс тили билан бир қаторда, туркий тилининг имкониятлари чексиз эканлигини амалда исботлади. Шунинг учун шоир ва машҳур давлат арбоби Бобур Мирзо: "Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас", – деб бежиз айтмаган. Олим ва шоир ер юзида тинчлик ўрнатиш йўлида, босқинчилик урушлари, зўравонлик, истибдод, адолатсизликка қарши кураш олиб борди. Унинг инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари ҳозир ҳам башариятга хизмат қилмоқда
Do'stlaringiz bilan baham: |