Формаллашган н.лар мантиқда кенг қўлланилади. Бунга мисол қилиб мулоҳазалар мантиғи, предикатлар мантиғини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, у математикада ҳам учрайди.
Н.нинг юқорида биз кўриб чиққан турлари ва б.и назарий билишнинг муҳим воситалари сифатида фанда ниҳоятда қадрланади. Улар тафаккурнинг структарси ва қонунларини яхши билиб олишга имкон беради.
НАТУРАЛЛАШГАН ЭПИСТЕМОЛОГИЯ – эмпирик психологиянинг таркибий қисми. У табиий ҳодисаларни, хусусан, инсонни моддий объектлар сифатида ўрганади. Куайн натураллашган эпистемологиянинг кенг дастурини илгари суриб, эпистемологик тадқиқотларни файласуфларнинг хоналаридан илмий лабораториялар майдончаларига кўчиришга чақиради.
НАТУРФАЛСАФА /нем. Naturphilosophie – табиат фалсафаси/ – табиатни фалсафий тамойиллар асосида, бир бутун система ҳолида, шарҳлаш, табиатнинг умумий манзарасини кўрсатиб беришга уриниш. Н. ҳали табиат ҳодисалари ҳақидаги билимлар фалсафа доирасида ривожланмаган антик даврда вужудга келди. Унинг табиатшунослик билан фалсафа орасидаги ўрни фан тарихида ўзгариб борди.
Табиатни ўзаро боғланган ва доимо ўзгариб турувчи бир бутун, деб уни стихияли, содда диалектик талқин қилиш қадимги юнон н.сига хос эди. Микрокосм /одам/ ва макрокосм /Коинот/, жонли ва жонсиз табиат ҳақидаги таълимотлар, космогония ва космология н.нинг таркибий қисмлари эди. Н. ўрта а.ларда ва айниқса, Уйғониш даврида ривож топди. Уйғониш даврида н. пантеизм ва гилозоизм асосида ривожланади. Бу давр н.си табиатнинг чексизлиги ва моддий дунёларнинг кўплиги /Беруний, Бруно/ табиат ва одамнинг чамбарчас боғланганлиги, ҳаракатнинг универсаллиги, қарама–қарши томонларнинг бирлиги /Ибн Сино, Николай Кузанский/ ҳақидаги қатор ғояларни ривожлантирди. Аммо, ал–Хоразмийнинг «Алгебра»си, ал–Фарғонийнинг «Астрономия»си, Берунийнинг «Геодезия»си ва «Фармакология»си, Улуғбекнинг «Зиж»и турли фанлар «натурфалсафа» доирасига сиғмай қолганлигидан далолат беради.
XVII асрда, табиатшуносликнинг бир қанча соҳалари, авваламбор, математика ва механика н.дан ажралиб чиққан бўлса–да, механика н. билан узвий бирликда талқин қилинди. Шунинг учун Ньютоннинг, механика ва астрономиянинг тамойиллари баён этилган, асари – «Натурфилос.нинг математик асослари», деб аталади. XVIII аср охири ва XIX аср бошида Шеллинг ва Гегель н.си муҳим аҳамият касб этади. Уларда табиат кучларининг бирлиги ғояси асослаб берилди, ўша давр табиий–илмий кашфиётлари умумлаштирилди. XIX асрда табиий фанларнинг ривожланиши, айниқса, уч буюк кашфиёт (хужайранинг кашф этилиши, Дарвиннинг эволюцион назарияси ҳамда энергиянинг сақланиш ва бир турдан иккинчи турга айланиши қонуни) н.нинг узул–кесил инқирозига олиб келди.
XIX аср охирлари ва XX аср бошларида, В.Оствальд, Авенариус ва б., табиат илмидаги таназзулдан қутилиш мақсадида, н.дан мадад излашди. Ҳозирги замон фани н.ни, алоҳида фалсафий фан сифатидаги, мавжудлигини инкор этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |