ОНТОЛОГИЯ (юнон. ontos – мавжудлик ва logos – таълимот) –фалсафанинг муҳим таркибий қисми. У борлиқнинг туб асослари, шакллари, ўзгариши сабаблари, боғланишлари, ҳаракатлантирувчи кучлари ҳамда энг умумий ғоялари ва категорияларидан ташкил топади.
Қадимги юнон файласуфлари нуқтаи назарига кўра, абадий ва ўзгармас борлиқ – чин борлиқдир ва ана шу борлиқ ҳақидаги билим чин ҳақиқатдир. Ўзгарувчан нарса ва ҳодисалар ҳақидаги билим чин билим эмас, зеро, бу нарса ва ҳодисалар ўткинчидир. Шундай ғоялар, мас., Парменид, Платон, Аристотель каби мутафаккирлар томонидан илгари сурилган.
Машҳур мутафаккирлар – Форобий, Ибн Сино, Беруний ва б. ҳам юқоридаги ғояларга асосланганлар. Хусусан, Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асарида, Платон, Аристотель ғояларини қувватлаб, уларни ривожлантирган. Хусусан, мазкур асарда мутафаккир “Биринчи мавжудлик“ унинг шериги ва таърифи йўқлиги, ҳақлиги, донишмандлиги, ҳакимлиги, тириклиги, уйғоқлиги, улуғворлиги, шаън–шавкати ва олийжаноблиги, барча борлиқ ундан қандай содир бўлгани, борлиқ (мавжудот) даражалари, моддий ва маънавийликка бўлиниш, осмон жисмлари борлиғи ва уларнинг хусусиятлари, борлиқ ҳаракати инсон ва унинг қувватлари, ижтимоий борлиқ ва ҳ.к.лар ҳақида батафсил ёзган.
Ибн Сино ўзининг “Физика ва метафизика” асарининг “Борлиқ ва унинг сабаблари ҳақида” деган бобида борлиқ масалаларига батафсил тўхталган. У: “Борлиқ кўпчилик кишиларга фақат сезгилар орқали қабул қилиш мумкин бўлган жисмлар борлиғи бўлиб, тугалланиши мумкин, нарсаларнинг сезгилар орқали қабул қилиб бўлмайдиган моҳиятини эса улар тасаввур эта олмайдилар ва уни реал мавжуд, деб ҳисобламайдилар. Лекин, зийрак одамлар моҳият мавжудлигини фаҳмлайдилар”, деб кўрсатади. Ибн Сино ўзининг эманация назариясида Тангри билан борлиқнинг ўзаро бирлиги ҳақидаги ғояни олдинга суради. Шунга кўра, абадий борлиқ ҳудога ҳам, табиатга ҳам хосдир. Зеро, эманация назариясига кўра мас., қуёшдан нур қандай ажралиб чиқса, Тангридан бутун борлиқ, шу жумладан, табиат шундай ажралиб чиққан, деб кўрсатган эди.
Кейинги давр фалсафий тафаккури руҳий борлиқни моддий борлиқдан ажратиб қарайдиган бўлди. Натижада, аввалги давр файласуфларининг борлиққа, бир бутун ҳолда қарашлари фалсафий тафаккурдан чиқариб ташланиб, борлиққа ё идеалистик, яъни борлиқ асосига руҳиятни қўйиб, моддий борлиқнинг аҳамиятини назардан четга суриш ёки аксинча, моддий борлиқни (материяни, табиатни) асосий ҳисоблаб, руҳий борлиқни, онгни, маънавиятни моддий борлиқ хоссаси дея иккиламчи ўринга қўядиган қарашлар шаклланди. Буларнинг ҳар иккиси ҳам бирёқлама бўлиб, Шарқ мутафаккирлари қарашларида бу бирёқламалик четлаб ўтилган эди. Зеро, уларнинг қарашларига кўра, бутун борлиқ худонинг ўзи бўлиб, моддийлик ва руҳийлик унинг турли ҳолатлари холос.
Ғарб фалсафасида ХIХ асрдан бошлаб, онтологик масалаларга қизиқиш кескин пасайди. Лекин, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида аввалги фалсафий қарашларни қайта кўриб чиқила бошланди ва онтологияга эътибор кучайди. Бу ҳолни таниқли немис файласуфлари – Э.Гуссерль (1859–1938), Н. Хартман (1882–1950), Т. Хайдеггер (1889–1959) ва б. фаолиятида кўриш мумкин. Улар фалсафий изланишлар системаида онт. масалалари асосий ўринни эгаллаши кераклиги ҳақидаги фикрларни қатьий олдинга сурадилар.
Ҳозирги давр илмий билимлари онтологик муаммоларни конкрет ўрганишга ўз ҳиссасини қўшди. Хусусан, борлиқнинг бир нуқтадан, “буюк портлаш” натижасида вужудга келганлиги ҳақидаги ва ш.к. бошқа космогоник гипотезалар, физикада термодинамиканинг иккинчи қонуни, нисбийлик назарияси, математикада, классик геометриялар соҳасида эришилган кашфиётлар ва ҳ.к.лар борлиқ табиатини англаш учун муҳим бўлган – макон, замон, ҳаракат ва ш. к. категориялар мазмунининг ойдинлашувида катта аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |