ПОЗИТИВИЗМ (лот. positivus – ижобий) – Ғарб мамлакатларида кенг тарқалган фалсафий йўналиш бўлиб, унинг диққат марказида фалсафа ва фаннинг муносабати муаммоси туради. XIX асрнинг 30–40 йилларида, Францияда эски фалсафий аънаналардан узил–кесил воз кечиш ва янги илмий фалсафа яратиш зарурлиги тўғрисида О.Конт баҳс–мунозаралар юритади ва позитивизм фалсафасига асос солади.
Контнинг фикрича, аввалги фалсафий анъаналар керак бўлмаган ечиб бўлмайдиган муаммолар билан ёки ечими топилса ҳам инсонларга ижобий, позитив, фойдали бўлолмайдиган муаммолар билан шуғулланган. О.Конт нуқтаи назарида, фақат наф келтиришга қаратилган, илмий услублардан фойдаланадиган билим илмий ҳисобланади.
О.Контнинг фикрича фалсафа фойдаси бўлмаган муаммолардан воз кечиши кераклиги билан бир вақтда, фанлар орасида алоҳида ўринга ҳам даъвогар бўлмаслиги лозим. У фанлар орасида энг яхши фанликка ёки фанларнинг фани деган мартабага даъвогар бўлмаслиги лозим. Конт фикрига кўра, фалсафа юқорида кўрсатилган муаммолардан воз кечиб, илмий услублар, илмий тил, ҳақиқат муаммолари билан шуғулланиши даркор.
О.Контнинг фикрича, фалсафанинг фанлар билан ўзаро "даъвогарлик" тарихи шундан далолат берадики "метафизик" муаммоларни илмийлик руҳига мослаштиришга бўлган барча уринишлар беҳуда. Демак, ҳар қандай фан унга ўз ҳукмини ўтказишга жазм қиладиган фалсафага муҳтож эмас, у ҳар қандай таянчни ўзидангина топиши мумкин. Анъанавий фалсафа муаммоларини, илмий нуқтаи назардан, яъни тажриба ва ақлий муҳокама кўмагида, ҳал қилиб бўлмайди. Метафизика сарқитларини фандан сиқиб чиқариш лозим. Бундай сарқитлардан бири, фан томонидан, ҳодисаларнинг сабабий тамойил асосида таҳлил қилиниши ва уларнинг моҳиятига кириб боришга даъво қилишидир. Фаннинг вазифаси ҳодисаларнинг "нима учун" эканлигини уқтириб бериш эмас, балки уларнинг "қандай эканлиги"ни ёритиб беришдан иборатдир.
П.нинг ривожланиш жараёнида фалсафа фанидан дунёқарашга бевосита тааллуқли муаммолар олиб ташлана борди. Буни XIX аср позитивизмининг йирик вакиллари –– Ж.С.Милль ва Спенсер қарашларида ёққол кўрамиз. П. вакилларининг таъкидлашича билиш, тажриба, субъект–объект муносабати, "нарса", "субстанция", воқеликнинг унсурлари, физиологик ва психологик жараёнларнинг ўзаро алоқадорлиги масалалари соф метафизика муаммоларидир.
XX асрнинг 20–йилларида неопозитивизм ёки аналитик фалсафа юзага келди. Н.нинг биринчи ва асосий кўриниши ҳисобланган мантиқий позитивизм ёки мантиқий эмпиризм (М. Шлик, Р. Карнап, Г. Райхенбах ва б. логика ва математика фанлари асосларининг априор–аналитик (тажрибага алоқасиз) табиатига эътибор қаратмоқда. П. вакилларининг фикрича, билиш назарияси билан дунёқараш жиҳатлари чамбарчас боғлиқ бўлганлиги боис, у фалсафанинг баҳс мавзуи бўла олмайди. Фалсафа ўз предметига эга эмас. Унинг фаолияти фанга кириб қолган, муҳокама мазмунидан йироқ фикр, тилдан ноўрин фойдаланиш, мантиқ қонун–қоидаларига амал қилмаслик, муайян мафкура эҳтиёжлари билан боғланган сохта муаммолардан фанни тозалаш ҳамда идеал мантиқий моделлар системаини яратишдан иборатдир.
Ҳозирги вақтда п.нинг лингвистик таҳлил фалсафаси Англия ва АҚШда фалсафий ҳаётнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу йўналишнинг шаклланишига Л. Витгенштейн, Ж.Уиздом, Ж.Райл, Ж.Остин, Ж.Мур ва б. асос солганлар. Уларнинг фикрича тил бу ижтимоий институт ва ҳаёт шаклидир. Демак, табиий тил мантиқини уқмаслик натижасида фалсафий муаммолар юзага келади. Улар фалсафий таҳлилдан қутулган ҳолдагина ҳақиқий лингвистик таҳлилни амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Бу ўз навбатида ҳар қандай фалсафий дастур ва таҳлил этиш усулидан воз кечишга олиб келади. Умуман олганда, фалсафий дунёқарашни фандан четлаштириш, уни махсус техник соҳага айлантиришга уриниш асоссиздир.
Позитивизм фалсафий йўналишнинг асосий ғояси - ҳақиқий ижобий (позитив) билимга фақатгина илмий билиш орқали эга бўлиш мумкин. Фалсафа мустақил фан статусига даъвогарлик қилмасдан, балки фан учун зарур бўлган илмий билимларнинг синтезини амалга ошириши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |