НАЗАРИЙ-ЭҲТИМОЛИЙ ТАФАККУР УСЛУБИ – ҳозирги замон методологиясида устувор аҳамиятга эга. Мазкур услуб нуқтаи назаридан, тасодиф ва муқобиллик ғоясини эътироф этмайдиган тафаккур содда тафаккур ҳисобланади.
Ҳозирги замон методологиясида эмпирик ва назарийни экспликация қилиш муаммоси ҳар доимгидек кескин бўлиб қолмоқда. Илмий билиш назариясининг ривожланиши назарий аппаратда ўзгаришлар эмпириянинг бевосита таъсирисиз ҳам содир бўлишини кўрсатди. Бунинг устига, назариялар эмпирик тадқиқотларга туртки бериши, уларга нимани қидириш, кузатиш ва қайд этиш лозимлигини кўрсатиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, тадқиқотнинг эмпирик даражаси доим ҳам бирламчи бўлавермаслигини, унинг бирламчилиги ва асослиги илмий билим ривожланишининг зарур ёки мажбурий белгиси ҳисобланмаслигини кўрсатади.
Аммо билишнинг назарий ва эмпирик даражаларини ҳиссий ҳамда оқилоналикни ўзаро нисбатга келтириш мумкинми, деган масала ҳам бир хилда ижобий ҳал қилинмайди. Назарий даражани дунёни тушунишнинг фақат оқилона (ақлий) усулига боғлаб бўлмайди, худди шунингдек, эмпирик даражани ҳам дунёни тушунишнинг фақат ҳиссий усулларига боғлаш мумкин эмас, чунки билишнинг иккала даражасида ҳам тафаккур ва сезгилар мавжуд. Ҳиссий ва оқилоналикнинг ўзаро таъсири, бирлиги билишнинг иккала даражасида ҳар хил кўламда мавжуд бўлади. Ҳиссий қабуллаш маълумотларини тавсифлаш, кузатиш натижаларини қайд этиш, яъни эмпирик даражага тааллуқли барча нарсаларга соф ҳиссий фаолият, деб қараш мумкин эмас. У назарий жиҳатдан асосланган маълум тилга, муайян категориялар, тушунча ва тамойилларга муҳтож бўлади. Назарий даражада натижаларга фақат оқилона фаолият билангина эришилмайди. Чизмалар, график ва схемаларни идрок этиш ҳиссий фаолият билан боғлиқ. Бунда тасаввур жараёнлари муҳим аҳамият касб этади.
НАЗАРИЯ – илмий билимнинг энг етук шакли бўлиб, борлиқнинг муайян жабҳасининг қонуний ва муҳим боғланишларини яхлитлик ҳолда акс эттиради. Н.да борлиқнинг қонунлари, дунёда мавжуд бўлган реал воқелик тўғрисида аниқ ишончли ва мувофиқлаштирилган билимлар ифода этилади.
Кенг маънода бирор ҳодисани талқин этишга йўналтирилган қарашлар, тасаввурлар, ғоялар мажмуига н. дейилади. Тор маънода эса, н. илмий билишнинг, воқеликнинг маълум бир соҳаси – берилган объектдаги, қонуниятлар ва моҳият билан боғланган, алоқадорликлар ҳақида яхлит тасаввур ва билимлар беради.
Ҳар қандай н. - ҳақиқий билимларнинг ривожланаётган яхлит системаи бўлиб, мураккаб структурага эга ва бир қанча функцияларни бажаради.
Ҳозирги фан методологияси бўйича н. қуйидаги асосий элементлардан иборат:
дастлабки (бошланғич) асослари - фундаментал тушунча, тамойил, қонун, тенглама, аксиома ва х.к.
идеаллаштирилган объект - ўрганилаётган нарсаларнинг муҳим хусусият ва боғланишларининг абстракт модели (мисол, «мутлақ қора жисм», «идеал газ», «ген»ва х.к,)
н.нинг мантиқи билимнинг ўзгариши ва структурасини ўрганишга қаратилган;
қонун ва фикрларнинг мажмуйи мазкур н.нинг асосидан муайян тамойилларига асосланиб чиқарилган. Н.нинг асосий элементи-қонун, шу сабабли н.ни ўрганилаётган объектни моҳиятини, унинг конкретлигини акс эттирувчи қонунлар системаси деб ҳам ифодалаш мумкин.
Н.нинг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
1. Синтетик функцияси - айрим шубҳасиз тўғри, ишончли билимларни яхлит, бутун синтетик тарзда бирлаштиради:
2. Тушунтириш функцияси - сабабли ва б. боғланишларни, ушбу воқеликни турли-туман алоқадорлигини, унинг келиб чиқиши ва ривожланишининг моҳиятини аниқлайди.
3. Методологик функцияси – н. асосида хилма-хил усуллар, тадқиқотчи фаолиятининг усуллари ва йўллари шаклланади.
4. Башорат функцияси - олдиндан айтиб бориш. Маълум мавжуд ходисалар тўғрисида назарий тасаввурлар асосида илгари ноъмалум, ўрганилмаган объектлар ёки уларнинг хусусиятлари, ҳодисалар тўғрисидаги боғланишлар асосида хулоса чиқарилади. Ҳодисаларнинг келажакдаги ҳолатини олдиндан айтиб беришни илмий башорат деб аташ мумкин.
5. Амалиёт функцияси. Ҳар қандай н.нинг охир-пироварид мақсади амалиётга жорий этилиши, н. объектни ҳозирги аҳволда, кўринишида акс эттиради, шу билан бир вақтда унинг ўтмишдан ҳозирги замонга, ундан кейин келажакда ривожланишининг муҳим йўналишларини, тенденцияларини аниқлаб беради. Шунинг учун н. ўзгармайдиган, абадий бўлиши мумкин эмас, ҳамма вақт ривожланиш даражаси ошиб такомиллашади ва воқейликнинг ривожланишини акс эттиради.
Н.нинг жуда кўп турлари мавжуд. Қурилиш методига кўра н.ларни тўрт турга ажратиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |