НЕОТОМИЗМ (лот. thomos – Фома, neo–янги) – ўрта асрларда яшаб ўтган Фома Аквинскийнинг эьтиқод ва ақл уйғунлигининг мавжудлиги ғоясига асосланади. Диний дунёқарашни фан ютуқларидан фойдаланиб мустаҳкамлаш мақсадида черков томизмни қўллаб-қувватлайди ва 1879 йил папа Лев XIII уни католик дини асосларини талқин қилувчи ягона фалсафий оқим сифатида эьтироф этади. Натижада неотомизм бутун дунёда расмий католик фалсафий йўналиш сифатида кенг ёйилади.
Э.Жильсон, Ж.Маритен ва П.Тейер де Шарден каби француз файласуфлари неотомизмнинг машҳур вакиллари ҳисобланади. Н.нинг мазмуни томизм фалсафасини замонавий фан ютуқлари, ижтимоий ва маънавий ҳаётга татбиқ этишдан иборатдир. Н.нинг асосий ғояси – ақл ва эьтиқод, фан ва диннинг уйғунигини эьтироф этишдир. Уларнинг фикрича, ҳақиқий фалсафа рационализм ва иррационализмдан воз кечиб, оламни англашнинг турли усул ва услубларининг синтезидан иборат бўлиши лозим. Аммо ҳақиқатнинг манбаи худога эьтиқод бўлиб, у ақлдан юқоридир.
Н. таълимотида нафақат худо балки алоҳида шахс ҳам улуғланади. Шу сабабли замонавий томизм антропологик йўналишдаги фалсафий қарашларни ўзида мужассамлаштирган. Томизм вакилларидан бўлган Маритен фикрича, шахс табиатда олийжаноб ва мукаммалроқдир. Мазкур таьлимотга кўра, шахс пассив мавжудот бўлмасдан, аксинча фаолдир. У эркин бўлиб дунёга келади, ҳаракат қилиб, ўзини ривожлантиради. Шахс ролига н. фалсафаси катта эьтибор баргани сабабли инсон мавжудлигининг “экзистенция”си мазкур фалсафанинг асосий категорияси ҳисобланади. Бу тушунчалар н.да янада ривожлантирилди ва ўрта а. томизмидан фарқли ўлароқ, инсоннинг яратилишида Худонинг роли ҳал қилувчи аҳамият касб этмаганлиги таъкидланади. Н. таълимотига кўра, Худо инсонни яратилишида биринчи туртки, сабабчидир, холос. Худо инсоннинг дастлабки «лойиҳа»сини яратган ва ўзи яратган бу «лойиҳа»га фаоллик, эркин ҳаракат, ўз-ўзини ривожлантириш импульсини ато этган. Шу сабабли инсон ўз имкониятларидан мустақил фойдаланиб, ўзини бунёд этади, ривожлантириб, бой маънавиятли шахс бўлиш асносида Худо томонидан бунёд этилган «Космос»га монанд «микрокосмос»ни яратиб, илоҳий яратувчанлик фаолиятини ниҳоясига етказади.
Н. жамиятда мулкий табақаланиш, никоҳ, оила, маориф, маданиятга оид муаммоларни ўрганувчи социал илоҳиётчиликка ҳам катта эътибор беради. Христианлик «буюк ижтимоий умид» сифатида талқин этиладиган сиёсий илоҳиётчилик ҳам н.нинг муҳим соҳаси ҳисобланади. Бу соҳаларда Р.Бланкар, Ж.Комблэн, И.Метц ва б. шуғулланганлар. Н.нинг «Инқилоб теологияси», «озодлик теологияси» ва «тараққиёт теологияси»га оид талқинлари ҳам бўлиб, уларни Г.Гуттье, Р.Рес, Л.Бофф ва б. баён этдилар. Аммо уларнинг барчаси теологияни фан билан уйғунлаштириш, католицизмни ҳ. даврга мослаштиришдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |