МОДЕРНИЗАЦИЯ (фран. moderisatio, moderne - янги, замонавий) -жамиятни замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштириш мақсадида хилма – хил ўзгартиришларни амалга оширишдан иборат ижтимоий – тарихий жараённи ифодоловчи тушунча.
М. тушунчаси жамиятни назарий - методологик тадқиқ этишда ишлатилади ва бу ғоя эволюционизм ва функцонализм таъсирида вужудга келган. Дастлабки м. дастурлари ХХ аср ўрталарида Европа колониал империясининг инқирози натижасида Осиё, Африка, Лотин Америкасидаги мамлакатларга АҚШ ва Европа олим ва сиёсатчилари томонидан коммунистик ривожланиш йўлига қарама – қарши жамиятнинг ривожланиш йўли сифатида тақдим этилган.
Унда м. бозор қонуниятларига асосланган иқтисодиёт ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган жараён сифатида ифодаланган эди. М.назариясининг пайдо бўлишида У.Ростоунинг “Иқтисодий ўсиш босқичлари” асари ва Т.Паронс, Э. Шилза каби олимларнинг изланишлари назарий асос бўлиб хизмат қилди.
М. назариясининг ривожланишида бир қанча мактаблар фарқланади ва мазкур мактабларнинг ривожланишида қуйидаги даврларни ажратиш мумкин: 1) 1950–йилларнинг иккинчи ярми ва 1960-йилларнинг биринчи ярмини ўз ичига олган м.таълимотнинг вужудга келиши ва классик м. назариясининг ривожланиши; 2) 1960-йилларнинг охири ва 1970-йилларни ўз ичига олади. Бу даврда м. неомарксизм ва б. назариялар томонидан кескин танқид остига олинди; 3) 1980–йиллар м.нинг посткритик, яъни танқиддан кейинги даври бўлиб, бу даврда м. оид тадқиқотлар янада кенг ёйилди, турли м. мактабларининг конвергенцияси содир бўлади; 4) 1980-йилларнинг охири ва 1990-йилларни ўз ичига олган постмодернизм даври. Бу даврга Марказий, Шарқий Европадаги шунингдек Овросиё давлатларидаги улкан трансформация жараёнлари катта таъсир этди.
М. назарияси жаҳон ижтимоий тараққиёти билан бирга доимий эволюцион ривожланишдаги таълимот ҳисобланади. Шу сабабли м.парадигмаси доирасида кўплаб назарий–методологик ёндошув ва ижтимоий тараққиётни турли томонларини ифодоловчи моделлар вужудга келган. Бундай моделларнинг асосийлари сифатида мутахассислар линеар (У. Ростоу, А. Органский, М. Леви, Д. Лернер, Н. Смелзер, С. Блэк, Ш. Эйзенштадт ва б..) алоҳида (парциальное) (М. Леви; 1966), кўпчизиқли (Э. Тириакьяна, П. Штомпки, Р. Робертсон, У. Бек, К. Мюллер, В. Цапфа, А. Турен, С. Хантингтон), актор (Т. Пирайнен, Т. Парсонс, Н. Лукман), структуравий (Г. Терборн) модернизация моделларини эътироф этадилар. Мазкур мактабларнинг муштарак томони, уларнинг барчасида жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий соҳаларини такоммиллаштириш учун хилма-хил ўзгаришлар қилиш асосида тараққиётга эришиш ғоясининг мавжудлигидир. Классик ва замонавий м. назарияларини фарқлаш мумкин. Агар классик м. жараёнларнинг мақсади ҳам ривожланган, ҳам ривожланмаган давлатларда капиталистик муносабатларга асосланган иқтисодиёт ва фуқаролик жамиятини шакллантириш бўлса, замонавий м. назарияларининг асосида ҳар бир жамият ривожланишида анъаналарнинг муҳим аҳамиятга эканлиги этироф этилади, капиталистик муносабатлар системаини миқдорий ривожлантиришдан, сифатий ривожлантиришга ўтиш ётади. Бунда м. жараёнлари жамиятнинг барча соҳаларини қамраб олади ва Хантингттон таъкидлаганидек м. ўз ичига индустриализация, урбанизация, саводхонликнинг ўсиши, жамиятдаги фаровонлик ва ижтимоий таъминот, шунингдек мураккаб ва кўп томонлама касбий тузилмаларни олади.
МОНАДА /юнон, monas – ягона, бўлинмас/ – айрим фалсафий таълимотларда, борлиқнинг тузилиши унсурларини ифодалаш учун ишлатиладиган тушунча. Антик фалсафада, дастлаб, пифагорчилар ишлатганлар. Янги давр фалсафасида м. тушунчаси, пантеистик руҳда, талқин қилинди /Николай Кузанский, Ж.Бруно/.
Г.Лейбниц м. тушунчасини ўзининг фалсафий системаига асос қилиб олиб, унинг ҳақида махсус таълимот – «монадология» яратди. Лейбницнинг фикрича, м. руҳий табиатга эга бўлган, бутун дунёни ўзига қамраб, акс эттира оладиган, оддий /бўлинмас/ ва фаол бирламчи субстанциядир. Лейбниц «монадология»си, объектив идеализмнинг классик таълимоти бўлгани ҳолда, табиатга динамик тарзда қарайди. Диалектик қарашларнинг кенг ёй.ишида муҳим аҳамият касб этган. Монадология ғояси, XIX асрда, немис файласуфлари И.Гербарт, Г.Лотце, ХХ–асрда Э.Гуссерль /Германия/, А.Уайтхед /Буюк Британия/ ва б.нинг қарашларида ўз аксини топди.
МОНИЗМ /юнон. мonas––якка, ягона/ – дунёдаги турли–туман ҳодисаларнинг негизида битта ибтидо, ягона «субстанция» ётади, деган нуқтаи назарни илгари сурувчи йўналиш. М. дуализм ва плюрализмнинг акси. М., дастлаб, ҳамма нарса, «биринчи моддий нарса»дан, мас., «сув»/Фалес/, «олов»/Гераклит/ ёки бошқа нарсадан келиб чиққанлиги ҳақидаги, содда тасаввур шаклида бўлган. У идеалистик м. ва материалистик м.га бўлинади. Идеалистик м. ҳамма нарса негизида руҳий асос етади, деб даъво қилса, материалистик м. моддий асосни тан олади. Булардан ташқари, м.нинг «нейтрал м.», деб аталувчи кўриниши ҳам бўлиб /махизм, эмпирномонизм ва б./, у моддий ва руҳий нарсаларни «нейтрал» ибтидодан келтириб чиқаришга уринади.
Do'stlaringiz bilan baham: |