МИМАНСА – қадимги ҳинд фалсафий мактабларидан бири. Мил.ав.ги II а.дан мил.нинг I асрларигача шаклланган ва ривожланган. Унинг асосчиси––мутафаккир Жайминидир. Жаймини ўзидан кейин «Миманса сутра» номли асар ёзиб қолдирган.
М.чилар ташқи оламнинг реаллигини тан олганлар. Ташқи оламнинг реаллигини тан олишнинг бирдан–бир исботи, бу – сезги аъзоларимиз орқали, моддий оламни ҳис этишдан иборатлигидир. М.чилар саккизта категория ҳақида фикр юритишган. Булар – ҳаракат (карма), тааллуқлилик (самавия), куч (шакти), ўхшашлик (садриния), сонлар (санкхия), субстанция (дравия), сифат (адрелита), контакт (саньйога)лар. Улар оламда сабаб ва оқибат ҳукмрон эканлигини эътироф этганлар. Оламда ҳамма нарса ўзаро алоқадорликда, ўзаро боғлиқликдадир. Умумийлик –шакти (куч), яъни потенциал энергия маъносида тушунилиб, у сабаб замирида ичида яширинган бўлади. Мас., уруғдан ўсимлик униб чиқади, яъни шакти (куч), потенциал қувват орқали амалга ошади.
Оламни мавжудлиги ва уни билишга м.чилар дуалистик позицияда туришган. Уларнинг фикрича, руҳ абадий, чексиз субстанция бўлиб, у тана билан боғлиқдир. Руҳ тана билан бирга ўлмай, балки, бир танадан иккинчи танага кўчиб ўтади. Оламда қанча тана бўлса, шунча руҳ бор, дейишади. Оламни билишнинг энг ҳақиқий йўли, бу – ведаларнинг муқаддаслигини тан олишдир. Билимнинг манбаи, улар фикрича, барча мавжуд нарсалар ҳисобланади. Улар билишни икки босқичга бўладилар. М.чилар фикрича, ҳиссий қабул қилишдан ташқари, билишнинг яна бешта манбаи ҳам мавжуд. Булар қуйидагилар: мантиқий билим (анумана), қиёслаш (упамана), асосий қоида қилиб олиш (артхапада), қабул қилмаслик (анупалабдха), ведаларнинг муқаддаслиги (шабда).
Шабда, гувоҳ сифатида, абадий ведалардан олинадиган билимдир. Қиёслаш (упамана), номаълум бўлган жисмни маълум жисмга ўхшаш томонларини қиёслаш орқали, содир бўлади.
Асосий қоида қилиб олиш (артхапатти) деб, шундай билиш услубига айтиладики, бунда номаълум жисмни тахмин қилинаётган жисм ёрдамида билишга ҳаракат қилинади.
Қабул қилмаслик (анупалабдха) реал нарсалар ҳақида бешта сезги аъзоларимиз бизга билим бера олмаса, бу реал мавжуд нарсалар ҳақида билимга эга бўлишда билимнинг олтинчи, яъни манас усули қўлланилади. М.чилар, шунингдек, тил ва тафаккур, сезги ва унинг аҳамияти ҳақида ҳам бир қатор муаммоларни илгари суришган.
Умуман, м.чилар таълимоти ўзининг метафизик жиҳати билан ҳам ажралиб туради. Лекин, м.чиларнинг моддий дунёни ҳимоя қилиши, унинг замон ва маконда абадий ва чексизлигини тан олганликлари, кейинги даврда, фалсафа ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |