МАНТИҚИЙ ПОЗИТИВИЗМ – неопозитивизмнинг бир кўриниши. ХХ асрнинг 20-йилларида эмпирик фалсафа жамияти (Рейхенбах, К.Гемпел ва б.) ҳамкорликда бўлган Вена тўгарагида (Карнап, О.Нейрат ва б.) пайдо бўлган.
М.п. ғоясига кўра, ҳақиқий илмий фалсафа фақатгина фан тилининг мантиқий таҳлил қилишга қодирдир. Ушбу таҳлил бир томондан метафизикани (анъанавий фалсафани) четлаштиришга, иккинчи томондан илмий билимнинг мантиқий тузилишини тадқиқотга «бевосита далиллар»ни аниқлаш учун қаратилган илмий тушунчаларнинг моҳиятини эмпирик тарзда текширишдир.
МАРКС КАРЛ (1818 йил Германиянинг Трир шаҳрида туғилган 1883 йил Лондонда вафот этган) – адвокат оиласида туғилди. Отаси Генрих Маркс (1777–1838) (адвокат); онаси Генриетта Маркс хоним (1787–1863), асли голландиялик. Карл 1830–1835 йилларда Трир гимназиясида, сўнгра Бонн (1835–1836й) ва Берлин (1836–1841й) университетларида ўқиган. 1837 йилда у Берлинда ёш гегелчилар тўгараги аъзолари билан учрашди, 1841 йилда (апрел) «Демокрит натурфалсафаси билан Эпикур натурфалсафаси ўртасидаги тафовут» мавзусида фалсафа докторлиги диссертациясини ҳимоя қилди. 1841–1843 йиллар Маркс дунёқарашида кескин бурилишлар даври бўлди, унда Гегел фалсафасига доир танқидий фикрлар шакллана бошлаган ва материалист Фейербах фалсафасининг таъсири кучая бошлаган эди. Шу даврларда Гегел «Ҳуқуқ фалсафасининг танқидига доир» асарини ёзди. Бу асарда Гегелнинг фикрига қарама–қарши ўлароқ, жамият тақдирини давлат белгилай олмайди, балки жамият тақдирини иқтисодий муносабатлар белгилайди, деган хулосага келди.
Маркс 1852 йил 5 мартда Вейдемейерга ёзган хатида ўз таълимотининг туб моҳиятини, яъни синфлар ишлаб чиқариш тараққиётининг муайян босқичларига тўғри келиши; синфий кураш муқаррар равишда пролетариат диктатурасига олиб келиши, пролетариат диктатураси эса барча синфларни, шу жумладан унинг ўзини ҳам барҳам топтиришини ва натижада синфсиз жамиятга ўтилиши тўғрисидаги қарашларини баён этадики, булар кейинчалик коммунистик ҳаракат учун асосий дастур бўлиб хизмат қилди. «Капитал»нинг биринчи жилди 1867 йилда нашрдан чиқди. «Капитал»нинг 2–3 томлари устида изланишлар олиб борди, лекин уларни охиригача тугаллай олмади. Кейинчалик, «Капитал»нинг иккинчи жилди Ф.Энгельс томонидан 1885 йилда ва учинчи жилди эса 1894 йилда нашрдан чиқарилди. «Капитал»нинг Маркс томонидан 1863–65 йилларда ёзиб тугатилган тўртинчи жилдининг нашри биринчи марта 1954–61 йилларда собиқ СССРда Москвада амалга оширилди.
Маркс XIX асрнинг 70 ва 80–йиллари бошларида I интернационал– халқаро ишчилар ҳаракатига раҳнамолик қилди ҳамда Париж Коммунаси сабоқлари билан таништирди. У ўзининг «Гота программасини танқид» асарида коммунистик жамиятнинг икки фазасига таъриф берди. Карл Маркс 1883 йил 14 март куни Лондон шаҳрида вафот этди. Лекин, ҳар қандай таълимот ҳам, давр ўтиши билан ўз кучини йўқотишини, эскириб замон талабларига жавоб бера олмасдан қолиши мумкинлигини қарийб 10 йил аввал юз берган воқеалар – собиқ шўролар давлатининг парчаланиши, социалистик системанинг барҳам топиши ҳамда Ўзбекистон мустақиллигининг қўлга киритилиши яққол исботлади.
Маркс таълимоти асосан пролетариат синфи манфаатларини ҳимоя қилган, XIX асрнинг охирги чорагида эса ривожланган Европа ва Шим. Америка мамлакати аҳолисининг аксарият қисми бевосита ишлаб чиқариш билан машғул бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу манзара бутунлай ўзгарди. Мас., XX аср охирларида Европанинг ривожланган мамлакатларида аҳоли ишга яроқли қисмининг фақат бешдан бир қисми бевосита завод–фабрика ёки қишлоқ хўжалигида меҳнат қилиш билан шуғулланди. Бундай шароитда аҳолининг бешдан бир қисмига айланган саноат ва қишлоқ хўжалик ишчиларининг иродасини жамиятнинг бошқа кўпчилик аъзоларига мажбуран қабул қилдиришнинг ва пролетариат манфаатлари умуминсоният манфаатидир, дейиш (яъни, умуминсоний манфаатларни пролетариат синфи манфаатларига бўйсундириш) мантиқдан йироқ, ғайри илмий бўлиб қолди.
Карл Маркс ижтимоий–сиёсий таълимотининг синфий кураш, социал революция ҳақидаги қоидалари тарих синовларига бардош бера олмади. Ҳ. даврда жамият ривожланишини инқилобий ўзгаришлар эмас, балки эволюциявий, босқичма–босқич, ларзаларсиз, ислоҳотлар орқали ҳал этиш (И.Каримов) мумкинлиги исботланмоқда.
МАТЕРИЯ – борлиқнинг моддий шакли бўлиб, у оламдаги барча моддий объектларни, бутун объектив реалликни ифода этувчи энг умумий тушунчадир.
М. бу тушунчадир, абстракциядир, фикримизнинг маҳсулидир. Яъни, файласуфлар уни барча моддий объектларга хос хусусиятларни умумий тарзда ифодалаш учун қўллайдилар. Демак, м. моддий объектларга хос энг умумий тушунча, фалсафий категориядир. Оламда мавжуд бўлган барча конкрет моддий объектлар м.нинг муайян, конкрет кўринишидир. Ушбу китобни ўқиётган одам м.нинг одам кўриниши, қўлингиздаги китоб м.нинг китоб кўриниши ва ҳ.к.
М. нотирик табиат кўринишида (жонсиз жисмлар, минераллар, моддалар), тирик табиат кўринишида (тирик организмлар, жонли хужайралар, вируслар, бактериялар, ўсимликлар, қушлар, ҳайвонлар) ва ижтимоий кўринишда (одамлар – жамият аъзолари) учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |