МЕТОДОЛОГИЯ – тадқиқотчининг назарий ва амалий фаолиятини ташкил этиш, тиклаш тамойиллари ва усуллари системаси ҳамда бундай система ҳақидаги таълимот. М. методлар ҳақидаги таълимот ёки ялпи-умумий билиш методи, деб ҳам таърифланади. М. методларга ва умумий воқеликка қандай ёндашиш йўлини ўргатади. Воқеликнинг муайян қисмини, бирор жиҳатини ўргатувчи М.га метафизикани, воқеликнинг чизиқли ривожланиш, ўзгариш жараёнини ва уни ташкил этувчи элементлар ўртасидаги ўзаро алоқадорликларни акс эттирувчи М.га диалектикани, воқеликда рўй берувчи кескин, ҳалокатли ўзгаришлар, ночизиқли ривожланиш жараёнларини ўрганишда қўлланиладиган М.га синергетикани мисол сифатида кўрсатиш мумкин.
М.га илмий билишнинг, воқеликни англаш ва ўзгаришнинг алгоритми сифатида ҳам қараш мумкин. Масс., Юнонистонда геометрия ер майдонларини ўлчашда норматив йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилган ва геометрия илмини фалсафани ўрганиш учун муҳим м. деб билишган. Платон мақбарасига кираверишдаги эшикка «кимки геометрияни билмаса, бизнинг олдимизга кирмасин» деб ёзиб қўйилган экан. Фалсафада эса оламни англашда Гераклитнинг логоси М. вазифасини ўтаган. М. тараққиётига Сократ, Аристотель жиддий ҳисса қўшишган. Форобий шарқона фикрлаш услуби нуқтаи назаридан Аристотель асарларини шарҳлайди. Бундай шарҳлар Аристотель меросини ўрганишда М. бўлиб келган. Ибн ино ўзининг хотираларида Аристотелнинг «Метафизика» асарини 40 маротаба ўқиб чиқса ҳам ҳеч нарса тушуна олмаганлигини, бу а.нинг мазмунига Форобийнинг шарҳларини ўқигандан сўнгина тушуниб етганлигини ёзиб қолдирган.
М. ҳақида Ф.Бэкон, Р.Декарт, Ж.Локк, Г.Галилей ва б. европалик олимлар махсус китоблар ёзишган. Шунингдек, м. ривожига Кант, Фихте, Шеллинг, Гегель жиддий ҳисса қўшишган. Гегель диалектик м.нинг асосларини ишлаб чиқди.
ХХ асрда синергетик, структуралистик ва герменевтик м.лар фалсафада энг обрўли фалсафий м.лар сифатида ном қозонди, системавий ва комплекс ёндашиш м.лари эса инсоннинг барча ҳаётий жараёнларида кенг қўлланилмоқда.
Бугунги кунда синергетика м.си оламнинг чигал муаммоларини тадқиқ этишда, ҳалокатли портлашлар, ночизиқли ўзгариш жараёнларининг моҳиятини тушуниб етишда, оламнинг вужудга келишини илмий асослашда кучли эвристик билиш қуроли вазифасини ўтамоқда.
Методологиянинг икки даражаси фарқланади. Биринчи – инструментал даража. Бу ерда фикрлаш ва амалий операцияларнинг ўтишини таъминловчи талаблар шакллантирилади, фикр ва ҳаракатнинг мазмуни эмас, балки йўналиши белгиланади. Иккинчи – конструктив даража. У билимни ривожлантириш, унинг янгича мазмун касб этишига эришишни назарда тутади.
XX асрнинг иккинчи ярмига келиб, билиш услубларини билиш жараёнига, субъект савиясига, ўрганилувчи объектларга боғлиқлиги аниқланди. Методология асосларининг ижтимоий–тарихий, ижтимоий–илмий, инсоний, шахсий, маданий заминлари мавжудлиги қайд этилди. Инсонлар фаолияти турлари доимо ўзгариб туриши, янгиланиши м.ни шартлигини, ўзгарувчанлигини аниқ–равшан кўрсатмоқда. Билиш услубларининг янгиланиши, категория ва тушунчаларнинг ўзгарувчанлиги ҳамда янгиланишнинг ижтимоий, маданий–тарихий асослари, моҳияти, билиш услублари динамикаси каби масалалар м. тушунчасида ўз аксини топди. Умуман, м. системаини фалсафий тушунчалар, ғоялар ташкил этади. Фалсафий м. билиш жараёнини таҳлил қилиш билан чегараланмасдан, балки, ижтимоий борлиқни янгилаш ва ривожлантириш муаммоларини очишда ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |