ЛИБЕРАЛЛАШУВ (лот. liberalis – озод, эркин). Л. ижтимоий-сиёсий таълимот ва ижтимоий ҳаракат бўлиб, жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва б. соҳаларида шахс эркинлигини қадрият сифатида қарор топтириш ғоясини ифодалайди.
Л. XVII-XVIII асрларда Европа мамлакатларида юзага келган. 1812 йилда Испания конституциясининг матнини тайёрлаган гуруҳларни биринчи марта либераллар деб аташган.
Л. мақсади ҳокимиятни давлат тайзиқидан, шахсни авторитар жамоатчиликдан озод этишдир. Л. барча фуқароларни ҳуқуқий тенглиги, шахсни ажралмас, фундаментал ҳуқуқлари мавжудлигини эътироф этади.
Европада л. тушунчаси инг. сиёсатшунос-иқтисодчиларнинг давлатнинг иқтисодиётий эркинлиги ҳақидаги фикрларига оид классик назариялари билан боғлиқ. Л. индивидларнинг шахсий ташаббусини савдо эркинлиги, нарҳ-навонинг эркин шаклланиши ва меҳнатга тўловни эркинлаштириш тарафдорларидир. Л. тадбиркорликни давлат қўллаб-қувватлаш ғоясини илгари суради.
Сиёсий л. фуқароларни давлатни бошқаришда иштирок этишини тан олади, яъни давлат бошлиғи, марказий ва маҳаллий органларга вакилларини сайлашда ҳамда ижтимоий, сиёсий ва б. ташкилотларга бирлашиш ҳуқуқлари борлиги эътироф этилади.
ЛОГОС (юнон. Logos – сўз, тушунча, фикр, қонун) – асосан, антик ва ўрта асрларда қўлланилиб келинган фалсафий тушунча.
Қадимги Юнонистон файласуфи – Гераклитда умумий, оламий қонуният, оламнинг ақлий негизини ифодалайди. Лекин, бу тушунча қадимдан бошлаб ҳар хил маънони ифодалаб келган. Гераклитда л. антик дунёқараш учун ғоят муҳим ҳисобланган, меъёр ғоясини билдиради. Л. аслида сўз, лекин у ҳар қандай сўз бўлмасдан, балки ақл меъёрига мос келадиган тушунчадир. У – Коинотда ҳукм сураётган объектив қонун, тартиб ва меъёрдир. Л.га монанд олов ақлга мос ва илоҳий ҳисобланади. «Олов–логос» табиат меъёригина бўлмасдан, балки у инсонга, унинг руҳига ҳам тааллуқлидир. У ўзида моддий–ашёвий ва психик–ақлий жиҳатларни жамлаган. Руҳ қарама–қаршиликлар бирлиги, совуқ ва иссиқ мижоз бирлигидир. Руҳдаги совуқлик таназзулнинг ибтидоси саналади. Ундаги қуруқлиқ, олов эса унинг логосидир. Л.га хос жиҳат, бу – барча нарсаларнинг ўзгаришда бўлиши. Гераклит Коинотда нарсалар барқарор равишда мавжуд эканлигини эътироф этади, лекин бу жараён нисбий, чунки олам доимо янгиланишда.
Л. ахлоқ–одоб муаммоларида ҳам устувор тамойилга амал қилади. Одамлар ўзаро тенг бўлиб туғиладилар, лекин амалда тенг бўла олмайдилар. Улардаги мавжуд тенгсизлик манфаатлар тенгсизлигининг оқибати ҳисобланади. Аксарият кишилар л.га амал қилиб яшамайдилар, аксинча, ўзлари билганларича иш тутадилар. Бундай кишиларнинг ҳаёти «болалар ўйини»ни эслатади. Инсоннинг бахт–саодати нафсни қондиришда эмас, аксинча л. талабидан келиб чиқиб, фикр юритиш, ҳақиқатни излаш, табиатга монанд иш тутишдан иборатдир.
Аристотелнинг фалсафий қарашларида л. ички л. (ҳозир айтилмаган фикр) ва ташқи л. (айтилган фикр) тарзида амал қилади. Стоиклар ҳам ички ва ташқи л.ни эътироф этадилар. Лекин л. доимо барча нарсаларда ҳозир бўлиб, уларнинг ривожини таъминлайдиган омилдир. Гегел фалсафасида л. объективлик тушунчаси ўрнида ишлатилади. У «оламий ақл» маъносида талқин қилинади. Л. ҳозирги замон фалсафий тафаккур тараққиётида кам қўлланиладиган тушунчадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |