КУМАТОИД (юнон. – тўлқин) - маълум маънода сузаётган объектни англатади ва объектларнинг системали хусусиятини акс эттиради. У вужудга келиши, ҳосил бўлиши, шунингдек, йўқолиши, парчаланиши мумкин. У ўзининг барча элементларини бирваракай эмас, балки ўзига хос «ҳиссий-ўта ҳиссий» тарзда намоён этади. Мас., системали объект–ўзбек халқини маълум замон, макон бўлагида ифода этиш ва маҳаллийлаштириш мумкин эмас. Бошқача қилиб айтганда, объектни яхлит ифода этиш учун ўзбек халқининг барча вакилларини йиғиш мумкин эмас. Шу билан бирга, мазкур объект сохта эмас, реалдир. Уни кузатиш, ўрганиш мумкин. У бутун цивилизацион-тарихий жараённинг йўналишини кўп жиҳатдан белгилаб беради.
Яна бир мисол–талабалар гуруҳи. У дам пайдо бўладиган, дам кўздан йўқоладиган сузувчи объект сифатида ўзаро алоқаларнинг деярли барча системаларида намоён бўлади. Мас., ўқув машғулотлари тугаганидан кейин гуруҳ яхлит объект сифатида мавжуд бўлмайди, аммо институциявий белгиланган маълум вазиятлар (гуруҳ рақами, талабалар сони, гуруҳ тузилиши, умумий хусусиятлари)да у объект сифатида намоён бўлади ва ўз-ўзини идентификация қилади. Бундан ташқари, мазкур куматоид гуруҳ аъзолари ўртасидаги дўстлик, рақобат ва б. муносабатлар билан ҳам қўллаб-қувватланади.
К.нинг ўзига хос хусусияти шундаки, у замон ва маконда маҳаллийлашишга бефарқ бўлибгина қолмай, субстрат–ўзини ташкил этувчи материалга ҳам қаттиқ боғланмаган. У системали хусусиятларга эга эмас. Бинобарин, мазкур хусусиятлар унинг таркибий қисмларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигига, айниқса, уларнинг ривожланиш йўналиши ёхуд хулқ-атвор тарзига боғлиқ. К.ни моддий тарзда мустаҳкамланган маълум бир хусусият ёки бундай хусусиятлар тўплами билан аниқ идентификация қилиш мумкин эмас. Бутун ижтимоий ҳаёт сузувчи объектлар – к.лар билан тўлиб-тошган.
КУМУЛЯТИВ (лот. сumulatio – кўпайиш, тўплаш) – билиш назариясининг методологик тушунчаси. ХХ асрнинг ўрталарида америкалик олим Т.Кун томонидан фанга киритилган.
КУМУЛЯТИВИЗМ (лот. cumulatio – кўпайиш, йиғилиш) – фан фалсафасидаги методологик концепция. Унга кўра, билимнинг ривожланиши ҳақиқий билимлар йиғиндисига аста-секин янги ҳолатларнинг қўшилиб бориши йўли билан содир бўлади. Билим ривожининг бундай соддалаштирилган тушунчаси ундаги узлуксизликни мутлақлаштиради, сифат ўзгаришларини, эскирган, рад этилган билимларнинг чиқариб ташланишини истисно этади. К. тавсифий табиатшунослик тажрибасини танқидсиз умумлаштириш ва дедуктив фикр юритиш идеали сифатида вужудга келади. Ривожланишнинг метафизик концепцияси билан боғлиқ бўлган билиш тажрибасининг узлуксизлиги ғояси ва адашишни билишнинг соф субъектив лаҳзаси сифатида тушунилиши – кумулятивизмнинг гносеологик асоси бўлиб хизмат қилади. К.нинг эмпиристик (тажрибавий) кўринишида билимнинг ортиши унинг эмпирик мазмунининг кўпайиши билан айнан (У.Уэвелл, Лакатос), деб тушунилади; рационалистик кўриниши эса - билим ривожи мавҳум тамойиллар ва назарий тушунтиришларнинг шундай кетма-кетлигики, унда ҳар бир кейинги таркибий қисм ўз ичига аввалгисини олади (неокантчилар, неопозитивистлар), деб талқин қилади. Ҳозирги замон фан методологиясида к.га қарши бир-бири билан тенглаштириб бўлмайдиган назариялар ҳақидаги тезис, шунингдек, билим ривожланишининг диалектик концепцияси қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |