КОНТ Огюст (1798–1857) – француз файласуфи ва позитивизм мактаби асосчиси. К.О. фанга "социология" атамасини киритган. У анъанавий тарих фалсафаси, тарихий далилография ва сиёсий–ҳуқуқий фикрдан фарқли ўлароқ, ижтимоий ҳаёт ҳодисаларини илмий ўрганишни кўзда тутган.
Билим ривожидаги ҳар бир кейинги даража олдингисини зарурий шарт–шароит, деб билади.
К.О. «метафизик» фалсафани рад этган. Дунёни адекват акс эттириш учун махсус фанлардан фойдаланиш кифоя қилмайди. Билишнинг умумий илмий методларини ишлаб чиқиб, айрим махсус фанлар ўртасидаги боғланишни очиб бериб, илмий билим системасини яратиш керак. Бу –фалсафанинг азалий вазифаси, илгариги фалсафа барча метафизик сарқитлардан тозаланиб, қайта англаб олиниши керак. Шундай қилиб, позитивизм фан фалсафаси деган номга даъвогарлик қилди.
Асосий фанлар поғонаси "математика–астрономия–физика–химия–биология–социология" кўринишига эга. Умумий чизмадан кўринадики, социология биология қонунларига асосланади, лекин у ундан ташқари, индивидларнинг бир–бирига ўзаро ҳаракатидан келиб чиқувчи ўзига хосликка эга. Бу ўзаро ҳаракат ҳар бир авлоднинг кейингисига таъсири натижасида янада мураккаблашади. Бу қоида «Позитив фалсафа курси»да асослаб берилган. Унинг биринчи жилди 1830 йилда чоп этилган.
К.О. барча билимлар астрономиядан бошлаб то социологиягача эмпирик далиллардан, уларнинг ўзаро боғлиқлигидан келиб чиқади. Жамиятнинг статикаси ва динамикаси системали равишда тадқиқ этиш натижасида ҳ. кунда социология, ижтимоий физика деб аталди. «Позитив» сўзи инсоният ҳаётини илмий билим асосида, эзгулик, бахт-саодатга етакловчи ғоя асосида танланди.
Янги позитив, яъни позитив фалсафа тажрибалардан олинган далилларга таянишини билдиради ва шунинг учун у ҳақиқий илмийдир. Позитив ёндашув иккита туб ўзгаришларни таклиф этади. Фан соҳасида метафизик тушунчалардан (сабаб ва ҳодисаларнинг моҳиятига етишиш) воз кечиш. Фан тушунтирмайди, ҳодисаларни, фақат тасвирлайди. «Нима учун» саволига эмас, балки «қандай» деган саволга жавоб беради. Позитивизм метафизик изланиш ва баҳс, тортишувлардан воз кечади. «Борлиқ», «материя», «онг», «моҳият» каби тушунчаларни рад этади, чунки улар бевосита илмий эксперимент натижаларига эмас, балки фақат фикрлаш, мулоҳазаларга таянади. Тажрибага асосланган, тажриба йўли билан олинган билимлар ҳақиқийдир, қолганлари эса ёлғон.
Позитивизм фалсафани фанга яқинлаштириш ва фалсафий ижод тамойилларини шунга мувофиқ тарзда қайта яратишни маъқуллайди.
Фақат далилларгина позитивизм предмети бўла олади. Физикализм – энг юксак мукаммал тушунчаларни ва барча илмий моҳиятларни физика шакллантиради ва улар энг мукаммал тушунчаларга олиб келади.
Позитивизм фалсафа тарихида биринчи бор аввалги фалсафанинг асосий моҳиятини ва дунёни тафаккурни мавҳум усуллари билан англаш мумкинлигини рад этади.
Конт ўзи кашф этган «социология» фанини фундаментал фанлар қаторига киритиш мақсадида ижтимоий ривожланишнинг эволюцион назариясини яратди. Инқилобий назариялардан воз кечиб улар ўрнига эволюцион тамойиллардан фойдаланишни қўллади. Жамиятда мавжуд бўлган тартибни инқилобий йўл билан эмас, балки ислоҳот билан ўзгартириш керак. Эволюцион ўзгартиришлар ижтимоий ривожланишни таъминлайди.
Конт ўз тадқиқотларида оила ривожланишининг қонунларига эътибор бериб, жамият ривожланишининг асосий қонуни «тарихий ривожланишнинг уч босқичи қонунига» алоҳида эътибор берган.
XIX асрда Конт қарашларида бурилиш юз берди. Конт социологияни "субъктив усул" ҳисобига "кенгайтиришга" ва уни жамиятни ўзгатирувчи "амалий фанга" айлантиришга қарор қилади. Контнинг фикрича, алоҳида олинган одам, бу – "зоологик тур", унинг ҳақиқий табиати улкан организм бўлган инсониятдагина намоён бўлади. Конт жамиятни ижтимоий қайта тузишда маънавий устун бўлган иккинчи "теологик синтез" зарур, деб ҳисоблаган. Бу, албатта, тасодиф эмас эди. Унинг иккинчи "социологияси" ҳозирда Ғарбда оммавий бўлган экзистенциал–феноменологик хилдаги "гуманистик социологиянинг" устувор йўналиш бўлиб хизмат қилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |